Италия чемпионатининг 26-тури доирасида бўладиган "Ювентус" ва "Интер" жамоалари ўртасидаги ўйин мухлислар учун очиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ломбардия минтақаси президенти Аттилио Фонтана Rtl 102,5 радиостанциясига берган интервьюсида маълум қилди.
"Умид қиламан, бугунги музокараларда олдинга силжиш кузатилган. Мен ҳам "Ювентус" – "Интер" ўйинига ташриф буюрмоқчиман. Келинг, биргаликда вазиятни кузатишда давом этамиз. Якуний натижа ижобий бўлишига шубҳа қилмайман", – деди Фонтана.
Маълумот ўрнида. "Ювентус" – "Интер" ўйини 1 март, якшанба куни бўлиб ўтади. Аввалроқ ушбу ўйин ишқибозларсиз ўтиши ҳақида қарор қабул қилинган эди.