Ҳозиргина ўз якунига етган “Локомотив” ва “Андижон” ўртасидаги учрашувдан сўнг, “Локо” ҳужумчиси Тимурхўжа Абдуҳолиқов билан кичик суҳбат уюштирдик
-Тимурхўжа бугун “Локо” кўрсатган футбол ҳеч кимда яхши таассурот қолдирмади. Бунинг сабаби нима билан боғлиқ?
- Аввало мавсумнинг илк ўйини эканлигини унутмаслик лозим. Бугун иложи борича эҳтиёткорона футбол ўйнашга ҳаракат қилдик. Шу сабабли зерикарлироқ футбол намойиш этган бўлсак керак.
- Бугун асосан қанотларда ҳаракат қилдингиз?
- Очиғи бу мураббийлар кўрсатмаси. Вазият шуни талаб этгани учун чап ва ўнг қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қилдим. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида яна марказга қайтдим. Мураббийлар айтган нуқтада ҳаракат қилишимиз лозим.
- Бу мавсумда “Локо”нинг таркиби ҳар доимгиданда кучсизроқдек туюлмаяптими?
- Буни вақт кўрсатади. Айни дамда бизни ҳеч ким чемпионлик учун кураш олиб борадиганлар қаторига қўшмаяпти. Бир томондан бу ҳам яхши. Ҳозирча биз билан ҳисоблашишни истамаганларга мавсум сўнгида кўрсатиб қўямиз. Йигитлардан кўнглим тўқ. Асосийси номлар эмас, жамоавий ўйин.
- Сиз ва Самвел Бабаян ўртасидаги можорога “Локо”да ҳам давом этганидан хабаримиз бор. Нега жамоага Бабаян келгач, бошқа клубга ўтдингиз. У кетгач яна жамоага қайтингиз. Самвел Бабаян билан алоқаларингиз ҳали ҳам ёмонми?
- Футболга тушунадиган одамларнинг барчаси Бабаян билан алоқаларимиз қандай эканлигини яхши билади. Мен, Бабаян клубга келгани учун жамоадан кетмадим. Шунчаки таклиф бўлди ва у мени тўлиқ қаноатлантиргани учун рози бўлдим.
- Демак “Локо”дан кетишингизга Бабаяннинг алоқаси йўқ?
- Юқорида айтганимдек футболни тушунадиган барча бу саволнинг жавобини билади.