Бугун тунда Ла Лига 26-тури доирасидан ўрин олган марказий ўйин гувоҳига айланамиз. “Сантьяго Бернабеу”да “қироллик клуби” “Барселона”ни қабул қилади.
Турнир жадвалидаги ҳолат
Жорий мавсумда Ла Лига ғолиблиги учун айнан “Реал” ҳамда “Барселона” кураш олиб боряпти. “Эл-класико”га улар икки очколик фарқ билан етиб келишди. “Реал” 53 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Зидан шогирдлари бугунга қадар Ла Лигада 15 та ғалаба, 8 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этишган.
“Барселона” эса турнир жадвалида пешқадам, клуб бугунга қадар 55 очко жамғарган. Кике Сетьен шогирдлари ҳозиргача Ла Лигада 17 та ғалаба, 4 та дуранг қайд этишган ҳамда 4 марта мағлубиятга учрашган.
Йўқотишлар
Бугунги “класико”ни “Реал”нинг уч нафар муҳим футболчиси ўтказиб юборади: Эден Азар (тиззасидан жароҳат олган), Марко Асенсио (тиззасидан жароҳат) ва Родриго (ўтган ўйинда қизил карточка олган).
“Барселона” ҳам бугун майдонга туша олмайдиган футболчилар етарлича. Усмон Дембеле, Серхи Роберто, Луис Суарес ва Жорди Альба (ҳаммаси жароҳат). Шунингдек, “Наполи”га қарши ЕЧЛ ўйинида жароҳатланган Пикенинг ҳам бугун ўйнаши сўроқ остида. Аммо Сетьен уни ҳар эҳтимолга қарши қайдномага киритган.
Қизиқарли фактлар
—“Реал” футболчиларининг умумий нархи (1,08 млр) “Барселона” футболчиларининг умумий нархидан қимматроқ (1,07 млр).
— Ўзаро ўйинларда ғалаба қозониш бўйича устунлик “Реал” томонида (83-79).
—“Реал”нинг “эл-класико”да урган голлари “Барселона”никидан 12 тага кўп (331 — 319).
Тахминий таркиблар
“Реал”: Куртуа – Карвахаль, Варан, Рамос, Менди – Кроос, Каземиро, Вальверде – Модрич, Иско – Бензема
“Барселона”: Тер Штеген - Семеду, Умтити, Ленгле, Хуниор - Ракитич, Бускетс, Видаль, Артур - Месси, Гризманн
Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.