Европа чемпионатининг кейинги йилга қолдирилганидан хабарингиз бор. УEФА томонидан қабул қилинган қарор мухлисларни ранжитгани рост, бироқ бугунги рўйхатимиздаги футболчилар бундан мустасно…
Никола Заниола
“Рома”нинг янги юлдузи январьойида “Ювентус”га қарши учрашувда оёқ суякларини синдириб олган эди. Доктор Мариане томонидан “Вилла Стюарт” клиникасида жарроҳлик столига ётган футболчи ҳозирда тикланиш билан банд. Аслида унинг жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлиши учун яна камида 5-6 ой кераклиги боис, Италия билан Еврога бормаслиги аниқ бўлиб улгурган эди. Воқеаларнинг бундай кўриниш олиши футболчи учун иккинчи имкониятни тақдим этмоқда. Эндиликда футболчи нафақат Евро, балки А сериянинг ҳал қилувчи турларида ҳам майдонга тушиш имкониятига эга.
Усмон Дембеле
Умуман олганда,Дембеленинг “Барселона”даги ишлари сира юришмаяпти. Франция терма жамоаси билан ЖЧ ғолиблигини қўлга киритган футболчи топ даражада эканлигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Хатто француз мухлислари унинг жароҳатлар билан ўралашиб қолганида Каталония клубини ҳам айблашгача боришди. Февральойида футболчинининг тиззаси Финляндияда операция қилинди. Унинг яна футболга қайтиши баҳорнинг сўнгги кунларига тўғри келгани боис, “Барселона” Мартин Брэйтуэйтни харид қилди. Эндиликда, Усмон тикланиш ва яна спорт формасини қайтариш билан овора. Тўғриси, бу унинг карьерасидаги энг омадли пауза бўлди. Бундан оқилона фойдаланиш зарур.
Эден Азар
Февраль ойининг сўнгги кунларида “Реал Мадрид” “Леванте”га қарши майдонга тушди ва қимматли очколардан айрилди. Бу ҳам етмаганидек, жамонинг энг қиммат футболчиси – Эден Азар ҳам жиддий жароҳат билан учрашувни эрта тугатди. Шифокорлар Эден учун мавсум якунланганини эълон қилишмаган бўлса-да, футболчи бу мавсумда ўз формасини тиклаб олишга улгурмаслиги аниқ эди. АҚШда муваффақиятли операция қилинган футболчи формасини тиклай олмаса ҳам Еврода қатнашиши мумкин эди, бироқ энди унда ҳал қилувчи мусобақага ўзининг энг яхши формасида бориш имконияти пайдо бўлди.
Харри Кейн
Кейнсиз қолган “Тоттенҳем” жуда ожизланиб қолгани бор гап. Англия терма жамоасида ҳам бугунги кунда Кейндан кучлироқ ҳужумчи йўқлигини барча яхши англаб турибди. Шу сабабли, ушбу футболчининг сафга қайтишига имкон бергани учун инглизлар Евро-2020нинг қолдирилганидан сира ранжишмади. Шу ўринда Харрининг меҳнатсеварлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Футболчи аллақачон тўп билан ишлашни бошлаб юборган. Айтишларича,у апрельойида тўлиқ жароҳатидан фориғ бўлади. Мусобақанинг қолдирилиши эса, унинг ўз формасини тиклаб олиши учун жуда яхши имконият эканлиги ҳақиқат.
Маркус Рэшфорд
Англия терма жамоаси учун муҳим бўлган яна бир керакли кадр. Маркуснинг Еврони ўтказиб юбориши маълум бўлгач, инглизлар Жейми Вардини терма жамоага қайтариш ишларини бошлаб юборишган эди. 2018-йилда терма жамоадаги фаолиятини якунлаган Вардини безовта қилишнинг ҳожати йўқ. Решфорд 2021-йилга қадар барча жароҳатларидан қутилиши аниқ.
Мемфис Депай
Ижтимоий тармоқларда жуда машҳур бўлган футболчининг Голландия терма жамоаси учун қанчалар муҳим фигура эканлигидан хабарингиз бор. Бутун бошли қанотга жавоб берувчи футболчи Европа чемпионатидан қуруқ қолиши ҳақидаги хабар “лолалар юрти” мухлисларини хафа қилган эди, бироқ қитъа биринчилиги келаси йилга қолдирилди. Эндиликда, Депай нафақат жароҳатдан қутилиши, балки ўзининг энг яхши спорт формасига кириб олиши учун ҳам етарлича вақт мавжуд.
Женк Тосун
“Эвертон”дан “қочиб кетган” турк “Кристал Пэлас” сафида дебют учрашувидаёқ гол уришга муваффақ бўлган эди. Афсуски, у кейин яна жароҳат олди. Якунда барибир яна “Ливерпуль”шахрига қайтиб келди ва жарроҳлик столига ётди. Шу ўринда,унинг Туркия терма жамоаси учун жуда муҳим футболчи эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Янгиланган ва ёшартирилган жамоада Тосун етакчилик қилиши кўзда тутилган эди. Яхшиямки,мусобақа келаси йили ўтказилади. Акс ҳолда, Туркия Европа чемпионатини чинакам етакчи футболчисисиз ўтказиши тўғри келган бўлар эди.
Жо Аллен
Уэлслик ярим ҳимоячи ёдингиздами? Айни дамда Чемпионшипда “жавлон ураётган” бўлишига қарамай, Уэльс терма жамоасининг асосий футболчиларидан бири саналади. Ўтган ойда болдир суягини синдириб олгач, ярим ҳимоячининг Еврони ўтказиб юбориши аниқ бўлиб улгурган эди. Бугунга келиб унда Европа биринчилигида иштирок этиш учун Бэйлдан кўра яхшироқ имконият мавжуд.