Беларусь чемпионатининг 2-турига старт берилди. "Энергетик-БГУ" клуби Брестнинг "Рух" клуби меҳмони бўлиб, қийин ғалабани қўлга киритди.
Ўйин давомида устунлик мезбонлар томонида бўлди. Аммо биринчи тайм тугашига 2 дақиқа қолганида меҳмонлар ҳисобни очишди. Яхшибоев томонидан бурчакдан етказилган узатмани Данил Мирошников бош билан дарвозага жойлаб қўйди. Тўп устунга тегиб, тўрга бориб тушди.
Иккинчи бўлим бошида Жасур ўз ҳисобига яна битта "ассист" ёзиши мумкин эди. Унинг заргарона узатмасидан кейин Атеменг 2 метрдан дарвозани забт эта олмади. Тўп ҳужумчининг оёғига тегмай қолди. Дарвозабон эса тўпни қайтарди.
Яхшибоев 60-дақиқада захира олинган бўлса, яна бир ўзбекистонлик ҳужумчи Шаҳбоз Умаров 73-дақиқада захирадан майдонга туширилди. Ушбу футболчи ўйин сўнгида ўз ҳисобига гол ёзиши мумкин эди. Умаров бир ҳимоячини алдаб ўтиб, жарима майдони бурчагидан олис бурчак томон зарба берди. "Рух" посбони тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Ўйин давомида "Рух" футболчилари бир қатор имкониятлардан фойдалана олмаганини таъкидлаш лозим. Жумладан, бир вазиятда тўп устунга тегиб қайтди.
"Энергетик-БГУ" мавсумдаги иккинчи ғалабани қўлга киритиб, жадвалда пешқадамликни сақлаб қолди.
Беларусь чемпионати, 2-тур
Рух Брест – Энергетик-БГУ 0:1 (0:1, 0:0)
Гол: 0:1 – 43 Мирошников.
Рух Брест – Нечаев, Гайдучик, Колпачук, Мигунов, Ковтун, Вильям, Тихоновский, Осучукву, Гречихо, Концевой, Петренко.
Энергетик-БГУ – Лесько, Сокол, Шкурдюк, Мавату, Мирошников, Носко, Яхшибоев (Бакич 60), Гирс, Тве, Мусаханян, Атеменг (Шаҳбоз Умаров 73).