Англия футбол ассоциацияси (ФА) ходимлари 2018—2019 йиллар мобайнида машғулот майдони атрофида футболчилар «хавфсизлигини таъминлаш» мақсадида 60 га яқин ғозларни ўлдирган, дея хабар қилмоқда The Guardian.
Ғозлар Англия терма жамоаси базасидаги чимга зарар етказган. ФА ходимининг сўзларига кўра, қушлар майдонда мунтазам ўз ахлатини қолдирган, шунингдек, жамоат жойларидаги бу ҳолат кўплаб одамларга хавф солган.
Ассоциация қушларни отишга рухсат берувчи махсус лицензия олган. Аввалига қушларни ўлдириш мўлжал қилинмаган, бироқ шундан бошқа йўллар самара бермаган.
Ассоциациянинг ушбу ҳаракати ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Stop the Cull ташкилоти танқидларига сабаб бўлган.
«Сиз табиатни асрашга ҳисса қўшгандек кўриниш учун ҳовуз яратасиз, кейин эса ундан фойдаланган қушларни ўлдирасиз, чунки сизга чимдаги ахлат ёқмайди. Бу ерда қандайдир ёмонлик белгиси бор», — дейди Stop the Cull вакили Жей Тиран.