Stadion.uz “Реал Мадрид” катта сумма сарф этган, бироқ якунда омадсиз трансфер бўлиб чиққан футболчилар билан қисқача таништириб чиқади.
5. Уэсли Снейдер - 27 миллион евро.
Снайдер ўз вақтида дунёнинг энг иқтидорли футболчиси сифатида Мадридга кўчиб ўтган эди. Қувонарлиси шундаки, Уэсли ёшроқ пайтида “Реал” либосини кийди. Акс холда, унинг фаолияти хавф остида қолиши мумкин эди. “Реал Мадрид” раҳбарлари ўзгаргач, голландиялик футболчи клубга кераксизга айланди. Уэсли “қироллик клуби”да гол киритиши ёки ассистни амалга ошириши ҳам ҳеч қандай аҳамият касб этмай қолгач, у кетишга қарор қилди. Ўз вақтида “Аякс”дан 27 миллион еврога сотиб олинган футболчи Миланнинг “Интер” жамоасига ўтиб кетди ва кўп ўтмай дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида қайта танилди.
4. Арьен Роббен - 36 миллион евро.
Ёшлик чоғида Снайдердан фарқли ўлароқ Роббен супер иқтидорли футболчи саналмаган. У ҳатто “Челси”нинг асосий таркиб футболчиси ҳам эмас эди. Шунга қарамай, “Реал Мадрид” учун 36 миллион евро ортиқча муаммо туғдирмади. Қарабсизки, голландиялик футболчи Англиядан Испанияга кўчиб ўтмоқда! Афсуски, иқтидорли Роббен Мадридда жароҳатлар билан ўралашиб қолди. Ачинарлиси,у “Реал” сафида деярли ҳар ҳафта турли жароҳатлар орттиришдан уёғига ўта олмади. Ўзининг “қаймоқранглилар” либосидаги биринчи мавсумидан сўнг, “биллур” лақабини олган футболчини “Бавария”га сотиб юборган “Реал” кейинчалик афсус чеккан бўлса, ажаб эмас. Гап шундаки, немис шифокорлари Роббеннинг сурункали жароҳатларига барҳам беришни уддасидан чиқишди. У эса, деярли 10 йил давомида Мюнхен жамоасининг асосий қуроли сифатида майдонда тўп тепди.
Кака - 65 миллион евро.
Кака ҳеч қачон “Реал”га ўтиш иштиёқида ёнмаган, бироқ клубдаги молиявий муаммолар сабабли,жамоа президентининг илтимосига кўра,Мадридга кўчиб ўтади. “Олтин тўп” соҳиби “қироллик клуби”да чинакам фурор кўтариши, жамоанинг ҳужумдаги ранг-баранглигини таъминлаши лозим эди, лекин барчаси кутилмаган томонга бурилиб кетди. Аввалига жароҳатлар, кейин асосий таркибдан тушиб қолиш, мураббийлар алмашинуви ва барча бошқа деталлар Каканинг ўйинида кескин пасайиш бўлишига туртки бўлди. Қарабсизки, бразилиялик футболчи 4 йил давомида барча мусобақаларда умумий 23 та гол киритди холос. Бу унинг даражасидаги футболчилар учун жуда хунук кўрсаткич. Охир-оқибат “Реал Мадрид” у билан шартномани узайтиришни истамади. 65 миллион евролик футболчи якунда эркин агент сифатида яна “Милан”га қайтиб кетди.
2. Асьер Илльяраменди — 35 миллион евро.
Бу трансфернинг нархи жуда баланд бўлмаслиги мумкин, бироқ унинг мантиқсиз эканлиги сабаб 2-ўринга жойлаштирдик. Кроос, Модрич, Каземиро сингари ярим ҳимоячиларга эга клуб нима учун камтарин “Реал Сосьедад” ярим ҳимоячиси учун 35 миллион евро сарф этди? Ачинарлиси шундаки, “Реал” Асьердан ҳатто ротация чоғида ҳам жуда кам фойдаланди. Кубокучрашувларида ҳам кам кўринган испан билан клуб шартномани янгилашни истамади ва уни ҳам собиқ жамоасига эркин агент мақомида текинга қўйиб юборди. Кўплаб мутахассислар футболчининг даражаси ҳеч қачон “қироллик клуби”га мос эмаслигини башорат қилишганига қарамай,Флорентина Перес ўз сўзидан қайтмади. Оқибатда, унинг қайсарлиги клуб бюджетига 35 миллион евро зарар етказгани қолди, холос.
1. Николя Анелька — 40 миллион евро.
Мана бугунги “ғолибимиз”! ўз фаолияти давомида Анелька нақд 12 та клуб шарафини ҳимоя қилишга улгурди. Жанжалкаш футболчи ҳеч қачон мухлислар раъйига қараб ўтирмаган. Шу сабабли, бирорта клуб уни ўз афсонасига айлантирмаган.
“Арсенал” билан АПЛда зафар қучгач, француз ўзи учун чақирувга лаббай деб жавоб беришга қарор қилди. Уни ўз сафига қўшиб олиш учун “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” уриниб кўрган бўлса-да, қаҳрамонимиз учун курашда “Реал Мадрид” ва унинг 40 миллион евроси ғолиб бўлди. Ўша даврлар учун чинакам улкан сумма эвазига Мадридга кўчиб келган марказий ҳужумчи жамоа сафида атиги 2 та гол киритди холос! “Реал”дек гранд жамоа сафида иккита гол?! Бундан кўриниб турибдики, “қаймоқранглилар” унинг ҳар бир голи учун “Арсенал”га 20 миллиондан тўлаган. Ажабланарлиси шундаки, Никола ўзи томонга бўлаётган эътироз ва танқидларни ёшлик чоғида ҳам қабул қилишни истамас, нуқул мураббий билан жанжал чиқариш пайида бўлган. Оқибатда, клуб “бош оғриқ”дан қутилиш мақсадида мавсум якунлангач уни “ПСЖ”га арзон-гаровга сотиб юборади.