Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: "Май оқшоми"

Баҳо:
+1 | -

1 май деганда ёшлигим эсимга тушади. Меҳнаткашлар байрами эди. Парад бўларди. Табиийки, биринчи майга алоқадор футболчиларни ҳам, ўйинни ҳам ёшлигимга, ҳеч қурса яқин ўтмишга даҳлдор кунлардан изласам тўғри бўларди.

Шу куни немис футболининг ёрқин вакили Оливер Бирхофф туғилган экан. 1968 йили Карлсруэ шаҳрида. 27 ёшигача ўртамиёна ҳужумчи мақомида бўлган. Удинезедаги портлашидан сўнг терма жамоага жалб этилади ва 28га кирар арафасида ўзининг илк турнири – Евро-96га боради. Финалгача икки учрашувда захирадан тушиб ҳеч нарса қила олмаган. Аммо Чехия билан кечган охирги баҳсда иккинчи бўлим ўртасида туширилади, аввал ҳисобни тенглаштиради, сўнг 105-дақиқада Олтин голни киритиб, Германияга олтин медаль олиб келади. Дарҳол уни Олтин бола деб номлайдилар.

Бирхоффнинг ҳаётини ўқий туриб, мен инсон умид билан доим курашавериши керак деган хулосага келаман. Кеч порлаши унинг футбол тарихига киришига тўсқинлик қила олмади. Клублардаги муваффақиятсизликлари, узоқ йиллар ўз ўрнини топа олмаганини бугун ҳеч ким суриштиришмайди. Ўша финални ва ҳамма ҳаяжонда турган қўшимча бўлимларда гол йўллаб, ўйинни якунлаётган йигитни тасаввур қилиб олаверадилар. Зўр, а?!

Яна бир Оливер, фамилияси Нойвилль бўлган ҳужумчи сал кейинроқ немис футболининг янги асрдаги елкадоши бўлди. Икки жаҳон чемпионатида унинг ўйинларини томоша қилганмиз. Тўғри, Бирхофф каби ёрқин дамлар унга насиб қилмаган, бироқ клублари миқёсида яхши таниймиз. Леверкузеннинг Байер клуби айнан унинг ҳужумлари билан хавфли эди. Зидан ҳалиги алламбало голини урган финал оқшомида Нойвилл Касильеснинг тушларига кирадиган зарбалари билан эсда қолганди.

Сал яқинроққа келамиз. 2013 йилнинг биринчи майига. Бу кеча қай ўйин билан ёдда қолган? "Барселона" "Камп Ноу"да "Бавария"ни қабул қилганди. ЕЧЛ ярим финали, биринчи баҳс Мюнхенда қақшатқич мағлубият билан тугаган, жавоб баҳсида каталониялик мухлислар Месси жамоадошлардан недир мўжиза кутишарди.

"Барселона" анча кейинроқ 0:4ни ўз фойдасига ўзгартира олар, аммо бу кеча "Камп Ноу" деворлари навбатдаги мағлубият қонига бўялди. Роббен ва Мюллернинг голлари, Пикенинг автоголи яна "Барса"ни йирик ҳисобдаги мағлубиятини тасдиқлади – 0:3.

Бу ўйин дарҳол 1997 йилги "Барсалона" – "Динамо" Киев тўқнашувини эсга солганди. Ўшанда ҳам каталонияликлар Лобановский йигитларига гуруҳ баҳсларида икки учрашувда умумий 0:7 ҳисобида енгилган эдилар. Фақат озгина фарқи – 0:4ли мағлубият Киевда эмас, Каталонияда содир бўлганди. Буниси сал енгилроқ бўлди, дея оламиз. "Бавария" финалда ҳам "Боруссия"ни енгиб, ҳақли кубогини боши узра кўтарди. Шу "Бавария" йигитларидан ташкил топган Германия терма жамоаси мундиални ҳам зир титратиб қайтишди.

Хуллас, немис футболи билан бошланган биринчи май яқин ўтмишда ҳам ажойиб ғалабаларни нишонлаган эди.

Манба: Хайрулла Ҳамидов телеграм канали
Киритилди: 09:05, 01.05.2020.
Ўқилди: 5137 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.