Transfermarkt портали «Тоттенҳэм» бош мураббийи Жозе Моуриньо қўл остида энг кўп ўйин ўтказган футболчилардан иборат рамзий терма жамоани тузиб чиқди.
Мазкур терма жамоадан Моуриньонинг асосан «Реал» ва «Челси»даги собиқ шогирдлари ўрин олди. Уларнинг баъзилари Жозе билан бир нечта клубда бирга ишлаган.
Португалиялик мутахассис бошқарувида энг кўп учрашувда қатнашган футболчи Рикарду Карвалью бўлди. Ҳимоячи дастлаб «Порту»да кейинчалик эса «Челси» ва «Реал»да ватандоши қўл остида тўп сурган ҳамда уларда жами 281 ўйин ўтказган.
Рамзий терма жамоа билан танишинг:
Дарвозабон: Петр Чех (195 ўйин);
Ҳимоячилар: Паулу Феррейра (207), Жон Терри (266), Рикарду Карвалью (281), Серхио Рамос (137);
Ярим ҳимоячилар: Неманя Матич (159), Хаби Алонсо (151), Фрэнк Лэмпард (215);
Ҳужумчилар: Криштиану Роналду (164), Месут Ўзил (157), Дидье Дрогба (186).
Маълумот учун, Жозе Моуриньо мураббийлик фаолияти мобайнида «Порту», «Челси», «Интер», «Реал» ва «Манчестер Юнайтед» каби клубларни бошқарган. Ҳозирда мутахассис «Тоттенҳэм» устози ҳисобланади.