Беларусь чемпионатида ўз ўйинлари билан шов-шув кўтараётган ҳамюртимиз “Энергетик-БГУ” клубирасмий сайти учун интервью бериб ўтди. Жасур Арвеладзе, Хави, Шомуродов ва ҳатто палов ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— Нима учун кўпчилик сенда рус тили билан муаммо бор деб ҳисоблайди?
— Аслида ҳеч қандай муаммо йўқ. Мен суҳбатдошимнинг ҳар бир сўзларини англаб тураман, фақат жавоб қайтараётганимда атрофим тўла одамлар бўлгани боис ҳаяжонланиб кетаман. Бироз уялганим учун ҳам жавоб беришга қийналаман.
— Бўш вақтингни қандай ўтказяпсан?
— Тўғриси, деярли кўчага чиқмайман. Баъзан жамоадошларимдан “playstation”ни ижарага олишим мумкин. Асосан фильм ва ретро футбол учрашувларини томоша қиляпман. Айниқса, “Арсенал” ва “Барселона” клубларнинг ўйинларини завқ билан томоша қиламан.
— Билишимиз бўйича сен классик ҳужумчи эмассан?
— Ҳа, Минскка келгунимга қадар ўнг қанот ярим ҳимоячиси эдим. Мураббийимиз – Анатолий Иванович мени олдинги чизиқда тўп тепишимни истади. Авваллари Ҳатем Бен Арфанинг ўйинларини томоша қилиб мазза қилар эдим. Эндиликда, марказга кўчганим боис Мессини кузатишни бошладим. У ҳужумчи эмас, шунчаки майдондаги ижодкор. Тўп учун майдон марказига қадар келиши, ҳужум пайтида жарима майдончасининг ичида пайдо бўлиши мумки. Айни дамда клубим ҳам мендан айнан шундай ҳаракат қилишимни талаб қилмоқда.
— Бизнинг қиш жуда совуқ. Ваҳоланки, бу йил қиш сувоқ келмади. Об-ҳаво борасида қандай фикрдасан?
— Очиғи об-ҳаво жуда совуқ экан. Машғулотларда шарф, қўлқоп ва бошкийимлардан фойдаланишимга тўғри келди. Ҳатто ҳозир ҳам кўчага енгил кийиниб чиқишнинг иложи йўқ. Ўзбекистонда эса барча ёзги кийимларга ўтиб кетиб бўлди.
— Ўзбекистонда иссиқдан сақланиш учун қайноқ чой ичиладими? — Ҳа. Бизда кофе деярли ичилмайди. Чой бизнинг миллий ичимлигимиз десам, адашмаган бўламан. Бу ерда чойни барча совутиб чанқоқ бости ичимлик сифатида ичар экан. Аслида, турли газли ичимликлардан кўра чой фойдалироқ.
— Сен туғилиб ўсган Чиноз қандай шаҳар?
— Барча у ерни “балиқ кони” деб атайди. Уйимиздан 5 км узоқликда Ўрта Осиёдаги энг узун дарё саналмиш Сирдарё оқиб ўтади. Шаҳримизда мамлакатимиздаги энг машҳур балиқ бозори жой олган. Бозор кечқурун соат 8 да очилади ва тонгги 4 га қадар давом этади. Ҳаво иссиқ бўлгани боис, балиқлар ҳидланиб қолмаслиги учун. Балиқларнинг турлари жуда кўп. Ҳатто мендан катта сомларни ҳам учратасиз. Бозор рўпасида тамаддихоналар куну-тун ишлаб туради. У ерда сиз истаган балиқдан истаган таомингизни тайёрлаб беришади. Ишонинг, ўша таомларнинг мазаси оғзингизда қолади.
— Демак ёшлигингда деярли ҳар куни балиқ истеъмол қилган экансанда?
— Бизга Чирчиқ дарёси янада яқинроқ бўлгани боис, дўстларим билан дарё бўйига борар эдик. Балиқ ови жуда мароқли жараён. Кечга бориб барча ўлжаларни қирғоқ бўйида ўчоқ осиб паққос туширганча ортга қайтар эдик.
— Палов тайёрлашни ҳам билсанми?
— Афсуски йўқ. Шунга қарамай яқинда Маватува Атеменгларни Минскдаги ўзбек чойхоналаридан бирига олиб бордим. Улар илк бор паловни татиб кўришди. Уларга жуда ёқди. Тўғриси, бизнинг юртимизда бу таом умуман ўзгача. Махсус гуручдан тайёрлаганингиз учун таъми ҳам умуман ўзгача бўлади. Айниқса, қўй гўштидан той-маракаларда тайёрланган палов билан Минскдагиси ўртасида фарқ жуда катта.
— Сенга ўзбек ошхонаси жуда ёқар эканда?
— Албатта! Манти, сомса, шўрва, лағмон. Мана шулар менга Минскда етишмаяпти (кулади).
— Таомларингиз жуда ҳам ёғли эканлиги ростми? Бу спортчига муаммолар туғдирмайдими?
— Тўғри, таомлар бироз ёғли, бироқ биз ўрганиб қолганимиз боис ёмон таъсир ўтказмайди.
— Ҳозир Рамазон ойи кетмоқда. Сен фақат қуёш ботгач таомланяпсанми?
— Нафақат таом, балки сув ҳам ичиш мумкин эмас. Қийин, бироқ биз буни уддалаяпмиз. Биринчи ҳафта мушкул бўлади, бироқ кейин кўникиб қоласиз. Кун ботиши билан бирдан таомланиш мумкин эмас. Ошқозонга оғирлик қилиши мумкин. Аввалига оз-оздан сув ва ширинликлар. Бир соатлардан сўнг, одатдагидек таомланиш мумкин.
— Бундай ҳолатда, футбол учрашувлари ва машғулотлар учун кучни қаердан оляпсан?
— Бунинг учун кўп ухлаш талаб этилади. Агар кам ухласангиз, организм овқат талаб қилишни бошлайди. Яхши уйқу очликни осонлик билан енгиб ўтади.
— Уйдан узоқда сенга нима етишмаяпти?
— Жигарларимни соғинаман. Биз уйда 5 фарзандмиз. Мен энг каттасиман. Битта укам ва 3 та синглим бор.
— Минск шаҳридаги нимага мослашиш қийин бўлмоқда?
— Овқатларгаку кўникса бўлади, аммо сизларнинг менталитетингизга эмас. Бу ер мусулмонлар истиқомат қиладиган мамлакат эмас. Халқингизнинг менталитети ҳам бизникидан кескин фарқ қилади. Шу сабабли, кўчаларда сигарет чекиш, айниқса ичкилик ичаётган инсонларга кўникиш бироз мушкул бўлмоқда. Афсуски, бу ҳолат ҳар куни амалга ошади. Тўғри, барча шу ишни қиляпти, менга мумкин экан деган фикр йўқ. Ичкилик биз учун ҳаром қилинган. Буни яхши биламан, ҳеч қачон ичмайман. Шунга қарамай,ҳар куни мана шундай саҳналарни кўчада кўриш инсонни бироз заифлаштиради.
— Беларусьва ўзбек нимаси билан бир-биридан фарқ қилади?
— Ўз-ўзидан кескин фарқ қилади. Барча собиқ Иттифоқ давлатлари бир-бирига ўхшамагани каби. Ўзбеклар жанубликлар бўлгани боис, бироз қизиққонроқ. Шундай бўлсада, мен оғир-босиқ ўзбекман. Унча-бунчага қизишмайман.
— Айтишларича, юртингиз иқтисодикескин яхшиланмоқда?
— Ҳа, президентимиз барча шароитларни яратиб бермоқдалар. Йилдан-йилга аҳоли турмуш тарзи яхшиланмоқда.
— Ниманинг эвазига ўзбекистонда кучли футболчилар етишиб чиқмоқда?
— Бизнинг футболчилар теҳника борасида ҳеч кимда қолишмайди. Афсуски, жисмоний томондан бизнинг имкониятларимиз бироз пастроқ. Кучли прессинг, курашларга бой учрашувларда бироз футболчиларимиз оқсайди. Шу сабабли, Европа клубларидан ўзбеклар йўқ ҳисоб.
— Ўзбек футбол юлдузларининг қайсилари билан яқиндан танишсан?
— Одил Аҳмедов ва Элдор Шомуров билан. Элдор бугунги кунда Ўзбекистондаги энг кучли футболчи. У ўзининг энг пик формасига кириб олган. Юлдузли дақиқаларини ўтказмоқда десам, адашмаган бўламан. Уларнинг иккиси билан ҳам термажамоа шарафини ҳимоя қилганман. Ҳатто Эрон ва Уругвай сингари жамоаларга қарши учрашувларда майдонга ҳам тушганман.
— Ўзбек футболидаги “авторитет” ким?
— Сўзсиз Миржалол Қосимов. Айнан уларнинг қўл остида АГМКда тўп суриш насиб этган менга. Шунингдек,Жафар Ирисметов ва Равшан Эрматовни ҳам қайд этган бўлар эдим.
— ОЧЛда қандай дунё юлдузлари билан тўқнаш келгансан?
— Хави, Габи, Негредо, ва Снайдер. Уларнинг майдонни кўриш қобилиятига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Хави олдидаги 3 та рақиби кўрдим демайди. Уларнинг ўйинига қараб туриб, қандай қилиб, деган саволни ўзимга бераман.
— “Энергетик” сени ижарага олган. Тошкентдан сени ортга чорлашмаяптими?
— Ҳозирча йўқ. Очиғи,ўзим ҳам қайтмоқчи эмасман. Европада ўйнашни истайман. Боз устига,Шота Арвеладзе билан ҳам алоқаларим яхши эмас. Қайсидир учрашувда мени алмаштирганида, хафа бўлганим боис унинг қўлини ҳавода қолдирган эдим. Ўша воқеадан сўнг, захирада қолишни бошладим. У мени атиги 10 дақиқа майдонга туширар эди. Ундан ортиғига эмас. Бундай вақт ичида нимага улгуриш мумкин? Шу сабабли тўпни ҳис қилиш ва ўйин темпини ҳис этишни унутиб қўйдим ва формамни йўқотдим. Тўпни қабул қилишим билан нима қилишни билмай қолдим. Ўйиним тобора ёмонлашаётгнини ҳис қила бошладим. Агар 10 дақиқани идеал тарзда ўтказсанг ҳам келаси учрашувни барибир захира ўриндиғида бошлайсан. Буни билиб тўп тепишжуда мушкул. Бу руҳан инсонни синдириб қўяди. Бугунги кунда “Энергетик”да мураббийлар менга тўлиқ ишонч билдирмоқда. Уларнинг ишончини оқлаш учун тинимсиз ҳаракат қиляпман.
— Чемпионатда нечта гол киритишни режалаштиряпсан?
— Ҳар бир учрашувда гол уришни ёки ассистни амалга оширишни истайман.
— Мавсум олди йиғинлар жисмонан толиқтириб қўймадими?
— Тўғриси, роса ҳолдан тойдиришди. Бизда машғулотлар юкламаси бунга яқин ҳам келмайди. Баъзи машқларда мураббийлар мени аяб дам олишга рухсат беришди.
— Қачон Минскдан Тошкентга қайтмоқчисан?
— Ёзда ортга қайтишни режалаштирган эдим. Чинозда тўй қилмоқчимиз. Афсуски, ҳозир чегаралар ёпилган. Энди тўйни кузга қолдиришга тўғри келадиган кўринади.