Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

38 йилдан бери давом этаётган кома. Франциялик собиқ футболчи ва унга содиқ қолаётган аёл ҳақида ҳикоя

Баҳо:
+ | -

Жан-Пьер Адамс — 1948 йил 10 март санасида таваллуд топган. Ёши катта футбол мухлислари уни «Ницца» ҳамда ПСЖ клубларидаги фаолияти орқали танишлари мумкин. Адамс Франция терма жамоаси таркибида (1972—1976 йиллар) 22 та ўйин ўтказган. 1982 йил 17 мартидан бери собиқ футболчи комада. «Дарё» қуйида Адмаснинг футбол ва унинг ташқарисидаги ҳаёт йўли ҳақида ҳикояни ўзбек тилида тақдим этади.

Улар 1982 йилдан бери гаплашмайди.

1981 йилда Франция терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жан-Пьер Адамс фаолиятини якунлайди. У ўша вақтда эндигина 33 ёшда эди. У фаолиятининг охирги йилини Бургундия жанубидаги ҳаваскор «Шалон»да ўтказади. Унинг жамоадошлари орасида Йозеф Клозе (Мирослав Клозенинг отаси) бор эди.

Адамс келажакда мураббий бўлмоқчи эди ва аллақачон ўқув курсларига қатнашишни бошлаганди. 1982 йилда Жан-Пьер туғилган кунини нишонлаб бўлгач, малака ошириш курсларини давом эттириш мақсадида «Дижон»га йўл олади. У ерда эса бутун ҳаётининг издан чиқишига сабаб бўлган жароҳатни орттириб олади.

Шундан сўнг Адамс «Лион» клубидаги шифокор олдига дастлабки текширув учун боради. Шифокор жароҳат жиддий эмаслигини, бироқ имкон қадар тезроқ жарроҳлик амалиётини ўтказиш кераклигини айтади, агар вақт ўтиб кетса, жиддий кўриниш олиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантиради.

«Ҳаммаси жойида, мен ажойиб формадаман», – деб Жан-Пьер Лионнинг ғарбидаги касалхоналардан бирига йўл олади.

Афсуски, шундан сўнг Адамсни ҳеч ким ҳуши келган ҳолда кўрмайди.

Адамс 1948 йилда Дакарда туғилган, у пайтда Сенегал ҳали мустақил давлат бўлмаган. Сенегал Франция Ғарбий Африкаси таркибида бўлиб, Дакар унинг пойтахти бўлган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Африкадаги ҳаётнинг қанчалик оғир кечганини тасаввур қилишнинг ўзи мушкул. Жан-Пьер диний қадриятларга қатъий амал қилинадиган кўп фарзандли католик оиланинг тўнғичи эди. Болалигидан унинг футболга бўлган меҳри бўлакча бўлган. Амакиси Александр Диедиу маҳаллий «Жанна д’Арк» клубида ўйнарди. Бироқ Адамснинг ота-онаси унинг билим олишига урғу берар ва агар у паст баҳо оладиган бўлса, унга футбол ўйнаш тақиқланарди.

Жан-Пьер 10 ёшга тўлганида бувиси уни Европага диний зиёратга олиб боради ва Париждан 150 километр узоқликда жойлашган Монтаржи шаҳридаги Сен-Луи мактабга жойлаштиради. Бувиси Африкага қайтади, Жан-Пьер эса Францияда қолади – уни Журденлар оиласи асраб олади.

«Мен бўйинбоғини йўқотган кучукчага ўхшар эдим», – деб ёдга олганди ўша даврларни футболчи.

Ўтган асрнинг 50 йилларининг охири 60 йилларнинг бошида Францияда қора танлиларга осон эмасди, бунинг устига яқиндагина Африкадан келган бўлса.

Унинг зулм ва дилгирликлардан нари бўлиши ва атрофга мослашишида футбол катта аҳамият касб этди. Жисмонан бақувват бўлгани учун синфдошлари орасида тезда қадрланди. Йигитча маҳаллий спорт мактабинингУ-13 жамоасида ўйнай бошлади ва тенгдошлари орасида ҳурмат қозонди, ҳатто унга киноя билан «оқ бўри» лақаби берилди.

Жан-Пьер ўрта мактабни қониқарли баҳоларга тамомлаб, стенограф сифатида ўқишни бошлади. Аммо тез орада бу унинг жонига тегади, мактабни ташлаб, резина заводига ишга киради. Шу билан бирга футбол ўйнашда ҳам давом этади.

Шундан сўнг маҳаллий «Монтаржи» жамоасида ўйнай бошлайди ва Луи Габрио бошчилигида Франция ҳаваскорлар чемпионатида ғолиб бўлади. Ўша пайтдан бошлаб Адамсга муаммолар «ҳамроҳ»лик қилишни бошлайди.

Биринчидан, у бир неча бор тиззасидан жиддий жароҳатлар олади. Иккинчидан, унинг жамоадоши, яқин дўстларидан бири, Мишел Слот машина уриб юбориши оқибатида ногирон бўлиб қолса, Ален Гертон Осиёга саёҳат пайтида вирус юқтириб олади ва вафот этади.

Жан-Пьер 19 ёшида ҳарбий клуб — «Антанта Банио Фонтенбло Немур»га ўтади. Бу ҳам ҳаваскорлар жамоаси эди, аммо Адамс буни олдинга ташланган жиддий қадам сифатида қабул қилади. Афсуски, ҳали қувонишга эрта эди. Хизмат бошланиши билан у яна бир синовга дучор бўлади – Адамс ва унинг дўсти автоҳалокатга учрайди. Футболчининг ўнг кўзининг тепасидаги чандиқлар бир умрга сақланиб қолган бўлса, дўсти воқеа жойида вафот этади.

Жан-Пьер бир неча ойдан сўнг ўзига келади, бироқ бу вақтга келиб у спорт формасини йўқотганди. 1968 йилда Монтаржидаги тунги клубда ёқимтойгина малла соч қиз Бернадетт билан учрашиб қолади. У свингни (60 йилларда машҳур бўлган жаз рақси) яхши кўрарди.

«Мен фақат рақсга тушардим. Учрашганимизда у мушаклари тоғдек йигит бўлган. У мен каби жуда хушчақчақ ва дам олишни яхши кўрар эдим», – деб эслайди қиз The Times газетасига берган интервьюсида.

Аёл ишчилар оиласидан, отаси оддий қурувчи бўлиб ишларди ва қизининг қандайдир қора танли билан яқин муносабатларда бўлишига унчалик хайрихоҳлик билдирмаган. Онаси эса бунга узоқ вақт давомида қаршилик қилади ва тўйга розилик бермайди. Шу боис Бернадетт, ҳатто уйдан қочиб кетишгача боради. Аммо бир йилдан кейин тўй бўлади ва улар қизнинг ота-онаси билан ярашиб олади.

«Дастлаб оилам учун буни қабул қилиш жуда қийин бўлганини рад этмайман. Ўша пайтларда қора танли эркак ва оқ танли аёл жуфтлиги унчалик яхши қаршиланмасди. Шунга қарамай биз бирга яшай бошладик ва турмуш қуришга қарор қилдик. Ота-онамга янгиликнинг ўзи ва тўй куни ҳақида хабар бердим ва таклифнома юбордим. Онам бизни кечки овқатга таклиф қилди. Шундан сўнг ҳамма нарса кўнгилдагидек бўлиб кетди, улар Адамсни мендан ҳам кўпроқ яхши кўриб қолди. ‘Жан-Пьер, Жан-Пьер’ дея улар фақат Жан-Пьер ҳақида гапирарди», — дея эслайди Бернадетт.

Адамс жамоада тезда асосий ва етакчи ўйинчига айланди. Ёрқин ўйинлари билан 22 ёшида Лига 1 клубларининг қизиқишига эришди. У «Ним» клубида кўрикдан ўтадиган бўлди. Ўртоқлик учрашуви Руан шаҳрида бўлиб ўтди. Адамсни у ерга Бернадетт олиб борди.

Биргина ўйинда Жан-Пьер мураббийлар штабига шунчалик қаттиқ таъсир қила олдики, улар дарҳол у билан профессионал шартнома имзолади. «Сенда ёш бўрининг барча хислатлари бор, агар ишлашдан тўхтамасанг, ҳақиқий тимсоҳга айланасан («Ним» клубининг лақаби – таҳр.)», – деганди таниқли мураббий Кадер Фируд футболчига.

Адамс «Ним»га ўтгунига қадар ҳужум чизиғида ўйнарди. Янги клубда эса у аста-секин ҳужумчидан ярим ҳимоячига, ярим ҳимоячидан ҳимоячига айлантирилди. Бу эса Адамсга ёқмасди ва ҳатто жамоадан кетмоқчи ҳам бўлади. Бироқ Фируд унинг фаолиятида муҳим ўрин тутади ва уни жамоада олиб қолади.

Ўша вақтларда «Ним» сўнгги йиллардаги каби ўртамиёна ва аутсайдер эмасди, балки ўз тарихидаги энг яхши даврларни ўтказаётган, чемпионлик ва Еврокубоклар учун курашаётганди.

«Нимликларнинг кучли ҳимоясида том маънодаги устун, кучли, ғайриоддий спортчи бор. Бу Жан-Пьер Адамс! Мен ҳар доим йилига икки марта бўладиган Адамс билан тўқнашувдан чўчирдим ва доимо ўзимни четга олишга ҳаракат қилардим», – деганди «Нант»да ўйнаган Аргентина миллий терма жамоасининг собиқ сардори Анхель Маркос.

«Ницца» клуби физиотерапевти ҳеч қачон Адамсники каби бақувват мушакларни кўрмаганлигини айтган экан. «У шимларни тикувчиларга алоҳида буюртма берарди, чунки одатдагилари унга мос келмасди», – дейди Бернадетт.

Адамс 24 ёшида Франция терма жамоасига биринчи марта чақирилади. Ва ушбу жамоанинг биринчи қора танли ўйинчиларидан бирига айланади. Ўшанда Франция терма жамоаси турғунлик даврини бошдан ўтказаётган ўртамиёна жамоа эди. Бироқ бу футболчига ўз таъсирини ўтказмади. «У табиатан кучли ва қатъиятли, шу билан бирга олийжаноб қалб эгаси эди», – дейди у ҳақида ўша пайтдаги терма жамоа сардори Анри Мишель.

Адамс ҳимоя марказида Мариус Трезор билан кучли жуфтлик ярата олди. Шу боис француз матбуотида уларга «Қора гвардия» деб ном берилди, чунки улар бир-бирининг ўрнини тўлдирарди. Адамс кўпроқ атлетик ва тезкор бўлса, Трезор оғирроқ ҳаракат қилса-да, техника борасида унда муаммо йўқ эди. «Адамс ва Трезор бутун Европанинг энг яхши марказий ҳимоя жуфтликларидан бири», — дея уларни мақтаганди Франц Беккенбауэр.

Жан-Пьер майдон ташқарисида ҳам стадиондагидан кам бўлмаган. Ҳаётдан завқланар, хушбичим кийимларни яхши кўрарди. «У ҳар доим хушчақчақ юрарди ва ҳаётни севарди, шу билан бирга уни ҳам ардоқлашарди», – дейди Бернадетт.

1973 йилда Адамс «Ницца»га кўчиб ўтади. Ўша пайтларда клубда ҳаммаси жойида бўлган. Молиявий масалалар бўйича ҳеч қандай муаммолар бўлмаган. Ҳатто бразилиялик машҳур Жаирзиньони ҳам жалб қилмоқчи бўлишган.

У ерда Адамс уч мавсумни ўтказади ва мунтазам терма жамоага чақирилиб туради ва 22 та ўйин ўтказади. Жамоа юқори ўринларга интилса-да, чемпион бўлолмасди. Адамс эса тез-тез жароҳат оларди. Шу боис терма жамоадаги ўрнини бой бериб қўяди ва олдинги даражасига қайтолмади. Кейин эса «Ницца»дан кетишга тўғри келади.

Шундан кейин у ПСЖ таклиф қилинди. Париж клуби ўша пайтлардан бошлаб юлдузларни йиғишни бошлаганди. Афсуски, Парижда Адамснинг омади унчалик ҳам юришмайди.

Кейин эса «Мюлуз»даги қисқа фаолият ва шу билан унинг профессионал фаолияти деярли якунланади.

«Шалон» француз футболининг бешинчи дивизионида — ҳаваскорлар даражасида ўйнарди. Адамс жамоада ўйновчи мураббий сифатида ҳаракат қила бошлаган.

Франция терма жамоасининг собиқ ўйинчиси мўъжазгина жамоанинг қиёфасини ўзгартириб юборганди. Энди стадион трибуналари тўлиб-тошарди.

Унинг «Шалон»даги фаолияти ҳам ёмон ўтмайди. Жамоа тўртинчи дивизионга йўл олади. Адамс эса 1981 йилнинг ёзида Жан-Пьер футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийликка эътибор қаратади. Адамс ҳар ҳафта Бургундиянинг энг йирик шаҳри Дижонда ўқув курслари ўтарди. Бироқ учинчи кунга келиб, у тиззасини шикастлаб олади – бу уни фаолиятининг бошидан бери тинч қўймаётган жароҳат эди.

Кейин нима бўлганини яхши биласиз. Лионга операция учун келади. Одатий кун, чоршанба. Нима ҳам бўлиши мумкин? Ўша куни шифокорлар иш ташлаган ва ходимлар одатдагидан анча кам эди.

Бир неча соат ўтишига қарамай, Бернадеттнинг икки қўнғироғига жавоб берилмайди. Бу эса уни хавотирга сола бошлайди. Ваниҳоят учинчи қўнғироқдан кейин жиддий ва қўрқинчли овозда шундай дейилади: «Бернадеттми? Тезда етиб келинг».

Бундан аёл ўзини йўқотиб қўяди. У ўғиллари – Лоран ва Фредерикни ота-онасига қолдириб, клубнинг икки ходими билан Лионга боради.

У ерга боргач, Жан-Пьернинг комага тушиб қолгани билади. Жарроҳга ёрдам берган анестезиолог шприсларни адаштириб қўйган экан. Адамсни бир неча соат ухлатиши керак бўлган дори ўрнига уни ўлдириши мумкин бўлган дори юборилади. Бернадетт палатада бир неча кунни танаффуссиз ўтказади, бироқ эри ҳушига келмайди. «Мен унинг тўшакда ётганини кўрдим, ҳамма жойига найчалар уланганди. Беш кун касалхонадан чиқмадим. Мен унинг ҳадемай уйғонишига ишонардим ва мен унинг ёнида бўлишим керак эди», – дейди Бернадетт.

Кейинчалик маълум бўлишича, иш ташлаш туфайли ходимлар камлиги учун бир шифокор саккизта беморга қараши керак бўлган, улардан бири оғир аҳволдаги ёш бола бўлиб, алоҳида эътиборга муҳтож эди. Бундан ташқари Адамс узоқ вақт ётишга мўлжалланмаган тўшакка ётқизилади. Шу сабабли ҳатто ёстиқлардан бири сирғалиб ерга тушиб кетади. Адамс ёмон интубация қилинганлиги сабабли, битта найча ўпкага олиб борадиган йўлни тўсиб қўяди ва унга ҳаво етиб бормайди. Кислород бутун танага тарқалмайди. Бу юракнинг тўхташига ва Жан-Пьернинг комага тушишига сабаб бўлади.

Вазиятни мураккаблаштирган жиҳат, Адамснинг тажрибали шифокор томонидан эмас, балки стажёр томонидан кузатилганидир. У хатосини судда ҳам тан олади: бемор терисининг қора рангдалиги туфайли анафилактик шок ҳолатида эканини тушунолмайди – оқ терида бу ҳолат мовий тус олади.

Уч ҳафта ўтгач, Адамс уйғонади. Аммо миянинг шикастланишлари оқибатлари даҳшатли эди, тана ҳаракатланишдан тўхтади. Жан-Пьер вегетатив (мия яримшарларининг лат ейиши ёки функцияси бузилиши натижасида руҳий фаолликнинг йўқолиши, аммо вегетатив ва ҳаракатланиш рефлексларининг сақланиб қолиши) ҳолатга тушиб қолади.

Ноябрь ойида Франция терма жамоасининг собиқ ўйинчиси уйига яқинроқ бўлган Шалон касалхонасига олиб келинади. У ерда Бернадетт ҳар куни шифохонага келиши мумкин эди. Аммо эрининг аҳволи ёмонлашарди: кучли ва бақувват одам бир ойда 11 килограмм вазн йўқотади, жароҳатда яллиғланиш пайдо бўлади ва инфекция суякларгача етиб боради. Яна бир операция ўтказишга тўғри келади.

Вазият бирмунча барқарорлашди. Бироқ тўққиз ойдан сўнг, шифохона ходимлари елка қисиб: «Биз қўлимиздан келганини қилдик», – дейди. Шифокорлар Бернадетга эрини малакали мутахассислар кузатиши мумкин бўлган қариялар уйига юборишни маслаҳат беради.

«Улар унга қандай ғамхўрлик қилишни билади деб ўйламайман, шунинг учун уни уйга олиб келдим. Ўшандан бери унга ўзим ғамхўрлик қиламан», – дейди Бернадетт.

Адамс маълум когнитив функцияларни сақлаб қолган: кўзларини очади, ногиронлар аравачасида ўтиради, овқатланади, лекин ҳаракат қилолмайди ва гапира олмайди. Бернадетт эса унинг гапларни тушунишига ва овозларни эшитишига ишонади.

Бернадеттни қўрқадиган нарса – эридан олдин ҳаётдан кўз юмиш. «Унга ким ғамхўрлик қилади? Менсиз у нима қилади», – дейди аёл.

1982 йилда Адамс комага тушганидан сўнг, Бернадетт қийин молиявий аҳволга тушиб қолади. Касалхона айбини тан олишни истамагани учун ҳеч нарсани қоплаб бермайди.

Унга футбол ёрдам беради: федерация, лига ва терма жамоанинг собиқ ўйинчилари.

ПСЖ, «Ним» ҳеч қандай музокараларсиз Бернадеттга пул ўтказиб туради. Франция футбол федерацияси томонидан ҳам ҳафтасига пул ўтказмалари амалга оширилиб турилади.

Фақат 1989 йилга келибгина шифокорларнинг хатоси исботланади. Бунинг учун 12 йил керак бўлди ва шу вақт давомида футбол оилага моддий томондан кўмак бериб турди. «Агар футбол олами қўллаб-қувватламаганида, бизнинг аҳволимиз не кўйга тушишини ўйлашнинг ўзи оғир», – дейди Бернадетт.

«Мен учун вақт 1982 йилнинг 17 мартида тўхтаб қолгандек. Ёмон ҳам, яхши нарсалар бўлмайдигандек», – деб афсус билан эслайди Бернадетт.

Адамсга эвтаназия таклиф қилинган, аммо Бернадетт бунга қарши. Жан-Пьернинг дўсти Мариус Трезор эса бошқача фикрда. У дўстлигига қарамай, бирор марта собиқ жамоадошини кўришга келмаган. Боиси, у кучли ҳис-туйғулардан қўрқади. «Агар Жан-Пьер уйғонса ҳам, ҳеч кимни танимайди. Шундай яшаб бўладими? Агар мен билан бундай нарса юз берса, рафиқамга мени бундай сақламасликни айтаман», – дейди Трезор.

Аммо Бернадетт 38 йилдан кўпроқ вақт давомида Жан-Пьерга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Жан-Пьер ҳозир 72 ёшда, эр-хотин шунча йилдан гаплашмайди, аммо Бернадетт ҳамон бир кун келиб тиббиёт эрини қайтаришига ишонади.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 09:45, 18.05.2020.
Ўқилди: 6543 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.