«Урал» клуби ҳужумчиси Павел Погребнякнинг турмуш ўртоғи Мария Погребняк коронавирусга чалинган эрининг аҳволи ҳақида маълумот берди.
Аввалроқ россиялик футболчининг таҳлили COVID-19 инфекциясига ижобий натижа бергани маълум бўлганди.
«Бугун касалликнинг учинчи куни! Менда ҳид билиш қобилияти йўқолди, ҳеч нарсани ҳис қилмаяпман! Даҳшатли туйғу! Ожизлик! Томоқда оғриқ пайдо бўлди, ҳеч нарса ея олмаяпман. Ҳатто сув ҳам ўтмаяпти! Томоқ безлари шамоллаган!
Эрим шифохонада даволанмоқда. Иккиёқлама пневмония. Катта ўғлимда иситма йўқ, бироқ кучли йўтал мавжуд! Унга пневмония ташхиси қўйилди, антибиотик ёзиб беришди. Пашка (кичик): кеча қайт қилиши ўтиб кетди, бироқ тана ҳарорати 37 да турибди! Эртага қайта қон топширамиз. Кенжа ўғлим: бугун иситма йўқ, ҳеч қаери оғримаяпти, орамизда энг соғломи.
Ҳаммаси яқин орада тугашидан умидвормиз!», — дейди Мария Погребняк.
Эслатиб ўтамиз, Павелнинг кичик укаси Кирилл Погребняк Тошкентнинг «Локомотив» жамоасида тўп суради. Футболчи айни дамда Тошкентда бўлиб турибди.