«Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскининг собиқ агенти Цезари Кухарски польшалик футболчи фаолиятининг маълум бир босқичида «Реал»га ўтишни хоҳлагани ҳақида гапирди.
«Бавария» билан музокараларнинг маълум босқичида Роберт шартнома имзолашни хоҳламай қолди. Бунинг ўрнига у «Реал»га ўтишни истаганди, чунки у ерда Роналду тўп сурарди.
Мен уни катта клубда асосий ҳужумчи бўлиши кераклигига ишонтирдим. «Реал»да у эртами, кечми Бенземанинг ўрнини эгаллаган бўларди, аммо унинг ўша пайтдаги мавқейини ҳисобга олган ҳолда, иккинчи рақамли ҳужумчи бўлиб бошқа клубга ўтишига йўл қўймадим.
«Реал», «Арсенал» ва «Манчестер Сити» билан бўлган музокараларда ҳам худди шу гапларни айтганман.
Левандовскига фаолиятини «Бавария»да якунлашни маслаҳат берган бўлардим. У бор эътиборини «Бавария»га қаратиши ва рекордларни янгилашда давом этиши мумкин», — дейди агент.
Маълумот учун, Левандовски 2014 йилда «Боруссия Д» клубидан Мюнхенга кўчиб ўтган. У жорий мавсумда Бундеслиганинг 28 ўйинида майдонга тушиб, 30 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг клуб билан келишуви 2021 йилгача амал қилади.