«Ювентус» футболчисига "Наполи"нинг ўйин услуби ёқмади
Туриннинг «Ювентус» клуби ярим ҳимоячиси Хуан Куадрадо Италия Кубоги финалида «Наполи» клубининг кўрсатган ўйин услубини танқид қилди. «Бьянконерлар» финалда Женнаро Гаттузо шогирдларига пенальтилар сериясида имкониятни бой берди.
«Биз майдонга катта иштиёқ билан тушган эдик, бироқ, «Наполи» бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олди. Бундай ўйинда бўш жой топиш жуда қийин бўлади.
Биз қайд этилган натижадан жуда хафамиз, чунки, Кубок финалида ғолиб чиқишни хоҳлагандик, лекин унутмаслик керак «Ювентус» - ажойиб жамоа. Бу омадсизликни унутишимиз ва олдинга қадам ташлашимиз керак. Биз ҳали Италия А Сериясида ва ЕЧЛда ғолиб чиқиш имкониятини сақлаб турибмиз», - деди Куадрадо.