Ҳар бир соҳада бошланғич нуқта кўп нарсани белгилаб беради ва жараён давоми мана шу илк қадамга боғлиқ. Суперлига 6-тур старти Қўқон шаҳрида бўлади. Тур кайфиятини белгилаб берадиган ўйинда икки кучли жамоа «Қўқон-1912» ва «Сурхон» ўзаро баҳс олиб боради.
Бу турнинг, шубҳасиз, муросасиз баҳсларидан бўлади. Сабаби, «Қўқон-1912» кетма-кет ўз майдонида иккинчи ғалабани қўлга киритишга интилса, «Сурхон» футболчилари, аксинча, кетма-кет очко йўқотмаслик учун борини бериши аниқ.
Ўйиннинг аҳамияти
- «Қўқон-1912» жамоаси мусобақа жадвалида 9 очко билан 5-ўринда бормоқда. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари «Металлург» ва «Бунёдкор»дан мағлуб бўлишди, «Бухоро», «Сўғдиёна» ва «Қизилқум»га қарши ўйинларда жамоа зафар қучди. «Қўқон-1912» ушбу ўйинда ғалаба қозонса, мусобақа жадвалидаги ўрнини сақлаб қолиш билан бирга, юқорилаши ҳам мумкин.
- «Сурхон» ҳозирча 4 очко жамғарди. Термизликлар «Қизилқум»ни мағлуб қилиб, «Машъал» билан муроса кўчасини танлашди. «Бунёдкор», «Насаф» ва АГМКга имконият бой берилди.
Баҳром Ҳайдаров шогирдлари рестартдан сўнг ҳозирча ғалаба қозона олишмади. Тақвим эса яна бир кучли рақибни рўбарў қилди. Шунга қарамай «Сурхон» футболчилари ушбу ўйинда ижобий натижа учун интилади. Яна бир мағлубиятни сурхондарёлик мухлислар кечирмаслиги мумкин.
Номлар
Баҳром Ҳайдаров «Нефтчи»да ишлаб юрган вақтлари кўп бор «Қўқон-1912»га қарши ўйин ўтказган. Бу гал Ҳайдаров «Сурхон» билан «Марказий»га келмоқда. Рақиб жамоа бош мураббийи эса Бахтиёр Ашурматов. Ашурматов – Ҳайдаров рақобатида ким кучлироқ???
- «Қўқон-1912»да асосий етакчи Мурод Холмуҳаммедов. Сардор жорий мавсум 3та гол урди. Қувондиқ Рўзиев, Филип Раеватс, Сардорбек Азимов, Отабек Ҳайдаров, Александр Мерзляков ва Собит Синдаров 1тадан гол муаллифлари бўлишган.
- «Сурхон» таркибида тажрибали футболчилар етарлича: дарвоза, ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумда ҳам. Аслида термизликлар бу таркиб билан медаллар учун курашиши лозим. Аммо ҳозирча натижалар мақтагулик эмас.
«Сурхон»да Александр Касян 2та гол урган. Азиз Ибрагимов, Шерзод Каримов, Сардор Сулаймонов ва Ҳусниддин Ғофуровда 1тадан гол бор.
Ҳозирча, камина Зуҳриддин Қиличев жорий мавсум «Қўқон-1912» ва «Сурхон» жамоалари иштирокидаги учрашувларда ишламагандим. Олдиндаги муҳим баҳсда икки жамоадан ҳам юқори даражадаги футбол, футболчилардан эса чиройли голлар кутиб қоламан!!
Вақт
Ўзбекистон Суперлигаси 6-турни бошлаб берадиган ўйин 25 июнь соат 18:15га белгиланган (ёзнинг ўртасида 6да футбол ўйнаш осон эмас). Учрашув «Спорт» телеканалида жонли эфирда намойиш қилинади. Жамоаларга омад тилаймиз!