"Андижон" - "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида мезбонлар катта мураббийи Диёр Мирзабоев иштирок этди:
– Учрашув ҳақида нима дейиш мумкин? "Бунёдкор" ўйинни назорат қилди. Йигитларимизга шижоат етишмади. Рақиб бир киши кам бўлиб қолган бўлишига қарамай, ҳужумларга эга бўлди. Футболчиларимизда нега шижоат камлигини эртага ўйинни таҳлил қилиб, кейин хулоса қиламиз.
- Усмоновнинг савияси жамоага мос келмаяпти. Нима сабабдан у доим майдонга тушмоқда?
- Таркибимизда у билан Литвяков бор холос. Шунинг учун майдонга туширишга мажбурмиз. Ҳозирча имкониятимиздаги бор футболчилардан фойдаланяпмиз.
- "Бунёдкор" 10 киши қолди. "Андижон" бир очко олдими?
- Рақиб 10 киши бўлиб ҳам ҳужумларни тиндирмади. Шу сабабли, бир очкони қўлга киритди деб ўйлайман.
- Бекмуратовга нима деб кўрсатма бердингиз?
- Бир киши кўп бўлиб қолганимиздан кейин уни ёнимга чақириб сал олдироққа чиқиб ўйнашимиз кераклигини кўрсатдим.
- "Металлург" билан ўйиндан кейин бошқа дарвозабон ўйнай бошлади.
- Аслан Аҳроров дебютини бу йил ўтказди. У ёш дарвозабон. Руҳий тушкулликка тушиб қолганди. Дарвозабонлар мураббийимизнинг кўрсатмаси сабабли, Абдуллаевга имконият берди. Шу сабабли, Исломга имконият беришга қарор қилдик. Ўйлайманки, Ислом ўтган турда ҳам, бугун ҳам ёмон ўйнамади.