Кириш Регистрация

Ориф Толиповдан анонс: Тартиб ёки гўзаллик?!

Баҳо:
+ | -

“Атлетико”га қарши ўйнаш футбол дунёсидаги энг мураккаб вазифалардан бири. Бу ҳақиқатдан ҳам жуда яхши ташкиллаштирилган жамоа. Гўё натижа-машина. Агар оламда, барча томонлама мукаммал бўлибгина мағлуб этиш мумкин бўлган бир клуб бўлса, бу – “Атлетико”. Улар ҳеч кимга совға беришмайди. Энг яхши ўйинни кўрсатмадингми – тамом. Сенда уларга қарши имкон йўқ.

Ҳа, Юрген Клоппнинг юқоридаги сўзлари чин. Германиялик мутахассис буни ўз танисида ҳис қилиб улгурди. Симеони жамоаси турнирнинг амалдаги чемпионини 1/8 финалда доғда қолдирди. Олдиндаги ўйинга “Атлетико” 18 учрашувли мағлубиятсиз серия билан етиб келяпти. Яхши эслайман, мавсум аввалидаги студия кўрсатувларимизда клубнинг омадсизликлари вақтинча экани, барибир якунда у ўзиники бўлган ўринни қайтариб олиши ҳақида айганмиз. Адашмадик. Мадридликлар иккинчи даврани, хоссатан рестардан кейинги даврни аъло даражада ўтказиб, Лалигада 3-ўринни эгаллади. Сўзсиз яқин соатлар ичида бошланадиган ўйинда “Атлетико” фаворит.

2009 йилда ташкил топган “РБ Лейпциг” қандай тизимда ривожланаётгани ҳақида кўп мақолалар ёзилди, фикрлар айтилди. Замонавий футболга ранг берувчи тизим сифатида таассурот қолдирмоқда “редбуллчилар”. Ўйин борасида “Атлетико”нинг зидди. Ҳужумкор бир жамоа. Якунланган мавсумда клуб 34 ўйинда 81 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Бу аввалги мавсумлар билан солиштирганда анча ижобий (66, 57, 63). Ўтказиб юборилган голлар борасида ҳам ҳолат яхшиланмоқда. Бир сўз билан айтганда 2016 йил Бундеслигада дебют қилган “Лейпциг” хатоларни камайтириб, мукаммалашиб бормоқда. Бу ердаги ўйин ва натижаларни Ральф Рангник билан боғлашади. Рост. Ёш клубни элитага олиб чиққан мутахассис эътирофларга лойиқ. Бошқа томондан, у кетгач тасвирга зарар етмади. Жамоани қабул қилиб олган жуда ёш мураббий - Юлиан Нагельсман (33 ёш) қурилаётган бино архитектурасини бузиб юбормай, ўз ишланмаларини қўша олаётган муҳандис, гўё.

Хўш, бу икки хил фалсафа тўқнашувида ким ғолиб бўлади?! Симеоне-Нагельсман курашини майдонда кўрамизми?! Қайси бири самаралироқ – тартиб ёки гўзаллик?!

Жавобларни бирга оламиз. Футбол ТВ ва УзРепорт ТВ телеканалларида. Соат 23:55дан бошлаб кузатинг!

Ориф Толипов.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 22:31, 13.08.2020.
Ўқилди: 2447 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.