"Бухоро" бош мураббийи Жамшид Саидов "Пахтакор"га қарши бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Шубҳасиз, «Пахтакор» Ўзбекистон футболининг байроқдор жамоасидир, энг зўр футболчилар жамланган жамоа, барибир тажриба ва маҳорат ўз сўзини айтди. «Пахтакор» жамоасига Осиё чемпионлар лигасида омад тилайман, ўз жамоамга эса ўйин учун раҳмат деб қоламан. Биринчи даврада легионерларимиз бор эди, биз уларга жавоб бериб юбордик. Молиявий имкониятларимиз жуда ҳам паст ҳозирги пайтда.
Ўйлашимча, жамоага келадиган легионерлар, қолганлардан икки ёки уч бош устун бўлиши керак, биз ҳозир ёшларимизга катта эътибор қаратяпмиз, улар ўйиндан ўйинга тажриба ва маҳоратларини ошириб боришмоқда. Иккинчи даврадан легионер олмасликка қарор қилдик, чунки кучли ва маҳоратли легионерлар учун, даставвал айтганимдек имкониятларимиз етарли эмас.
Майдон марказида кўп тўп йўқотдик, ёш ўйинчиларимизда ҳаяжон кучлилик қилди, ахир «Пахтакор»га қарши тўп суришяпти. Беш ҳимоячи билан биз кўпдан бери ҳаракат қиляпмиз, ушбу ўйинда ҳам ҳимоядан қарши ҳужумга ўтиб ўйнашга интилдик, йигитларимизда вазиятлар содир бўлди, афсус фойдалана ололмадик. Тўғриси, «Пахтакор» бизга ўйин бермади. Айтганимдек тажриба ўз сўзини айтди.
Абдуллаевда жароҳат бор эди, у энди тузалиб майдонга тушяпти, шу сабабли уни ўйин давомида ёки бир тайм ўйнатишга қарор қиляпман, унинг жисмоний ҳолати ҳали тўлиқ ўйинда иштирок этиш учун етмайди.
Сардорлик боғичини йигитларимиз ўзлари Азиз Ибрагимовга топширишга қарор қилишди, у кўп йиллар «Бухоро»да тўп сурган, жамоада ўзининг ўрни бор.
Стадионимиз бу мавсумда тайёр бўлмайди, менимча келаси мавсумгача битиб қолиши керак. Ҳозирча эса, барча уй учрашувларимизни Муборакда ўтказамиз", — деди Саидов.