Stadion.uz янги мавсум арафасида турган Испания чемпионати ҳақида фикр алмашади.
Испан клубларининг Европадаги ўрни беқиёс. Сўнгги 15 йил давомида ушбу юрт клублари 8 бор Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан бўлса, нақд 9 бор Европа Лигасининг олтин медалларини ўзники қилиб олди. Ушбу юрт терма жамоаси эса, 2 бор Европа ва бир бор Жаҳон Чемпионлигини қўлга киритди. Умуман олганда, сўнгги 15 йил давомида нақд 40 та совринни ўзиники қилиб олган юртда старт олаётган миллий чемпионат бошланмоқда.
«Реал» ўз совринини ҳимоя қиладими?
Амалдаги чемпион бир қарашда ғолиблик учун асосий даъвогар бўлиши мумкин, бироқ «Реал»да чемпионликни ҳимоя қилиш борасида муаммолар етарлича. Ушбу сўнгги бор 2006/07 ва 2007/08 мавсумларда кетма-кет чемпионликни нишонлаган эди. Ҳозирча, Мадрид клуби ушбу трюкни қайта такрорлай олгани йўқ. Бу вазифа Зидан шогирдлари учун яна бир стимул бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, «Барселона»нинг бугунги аҳволи клубга қўл келиши мумкин. Каталония томонларда муаммолар бисёр. Шунга қарамай, «Реал»нинг ғолиблиги учун асосий омил сифатида унинг ёшартирилган таркибини кўрсатишимиз мумкин. Феде Валверде, Винисиус, Эдер, Эдогор, Родриго, Менди ва Асенсиолар Зидан учун майдонда «жанг» қилишга ҳам тайёр. Ғалаба учун чанқоқ ёшлар аллақачон замонавий «Реал»нинг бир бўлагига айланиб бўлди. Бундан ташқари, Эден Азар ҳам янги мавсумда ўзини кўрсатиш учун ҳаракат қилиши аниқ. Унинг ҳали майдонда айтмаган сўзлари жуда кўп.
Энг муҳим омил эса, жамоанинг улкан тажрибага эга «дарғалари» ҳам тўлиқ таркибда «жанг»га киришга шай. Афсуски, танганинг икки томони мавжуд. Ўтган мавсумда «порлаган» Карим Бензема тез орада 33 ёшни қарши олади. Майдон марказидаги Кроос ва Модричларда тезлик пасаяшини кузатишимиз ҳам ҳеч гап эмас. Марсело ва Рамослар ҳақида бирор нарса дейишга ҳали эрта. Улар ўз класслари эвазига яна камида бир мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказишга қодир.
«Қоғоздаги гаплар»га қарамай, «Реал»да чемпионлик учун имконият қолганларникидан яхшироқ. Сабаби, жамоа таркибида рақобат мавжуд ва стабиллик намойиш этишга қодир. Айниқса, узоқ давом этадиган мусобақада стабил ҳаракат қилиш катта наф беради.
Драматик ўтган ёз «Барселона»га қандай таъсир кўрсатади?
Айни дамда, “янги «Барселона»” ҳақида ҳеч ким ҳеч қандай фикрга эга эмас. Сабаби, Куман ҳали жамоада ким қолишию, ким кетишини ҳам аниқлаб олгани йўқ. Катта эҳтимол билан, Куман янги мавсумга янги схема билан тайёрланмоқда. Шу сабабли, Месси у қадар иштиёқ билан ҳаракат қилмаслиги эҳтимоли юқори. Сабаби жуда оддий. Бартамеу Мессини деярли куч билан сақлаб қолди ва бу омил натижаларга таъсир кўрсатиши аниқ.
Бу қанчалар ғалати эшитилмасин, «Барселона» янги мавсумда ғолиблик учун кураш олиб бориши мумкин, бироқ ушбу клуб мавсумни қандай ўтказиши номаълум. Афсуски, Рональд Куман Пеп Гвардиола эмас. Шу сабабли, қисқа муддатда катта инқилобни амалга оширишни ундан кутиш бироз ғалати. Келаси мавсумда жамоа таркибида асосан Тер Штеген, Пике, Ленгле, Алба, Пянич, Бускетс, де Йонг, Коутинё, Гризманн, Дембеле, Месси ва Фатиларни кўришимиз аниқ.
Каталония клуби Месси билан бирга, бироқ ундан супер мавсумни кутиш қай даражада тўғри? Ички муҳит бузилган, Суарес кетиш арафасида, 10 ойдан сўнг Месси ҳам жамоани тарк этади. Боз устига, Рональд Куман қандай мавсум ўтказиши ҳам катта савол остида қолмоқда. Соддароқ қилиб айтганда, ушбу мавсум «Барселона» учун омадли келиши мумкин. Шу ўринда комедия ҳатто трагедия жанридаги мавсум кузатилиши ҳам ҳеч гап эмас.
«Атлетико» ўз принципларга содиқ қоладими?
«Барселона»дан фарқли ўлароқ, келаси мавсумда ҳам «Атлетико» зерикарли футбол намойиш этишда давом этади. Шунга қарамай, Симеоне «Барса» ва «Реал»нинг бироз куч йўқотганидан фойдаланиб қолиши мумкин. 2014 йилда ҳам айнан Симионе асосий рақибларни доғда қолдиришни уддалаган эди. Унда бу ишни қайта амалга ошириш учун имконият мавжуд, аммо осон бўлмаслиги аниқ. Сабаби, янги мавсумдан унинг штабида Херман Бургосни кўрмаймиз. «Атлетико»нинг ютуқларига улкан ҳисса қўшган мураббийнинг йўқлиги Симеоне учун кучли зарба бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, чемпионлик учун курашга кириш имконияти «Атлетико»да мавжуд. Бунинг учун клуб ўз етакчилари : Саул, Партий, Коке ва энг муҳим фигура – Ян Облакни жамоада сақлаб қолиши лозим. Бундан ташқари, «матрасчилар» сафини Луис Суарес тўлдириши ҳақидаги миш-мишлар тасдиқ топиши мумкин. 2014 йилда Давид Виляни ўз сафига қўшиб олиш орқали «Атлетико» чемпионликка эришган эди. Балки, бу ишни такрорлашда Луис Суарес ёрдам берар?
«Севилья»Европа Лигаси ғолиби! Бу чемпионлик учун ёрдам берадими?
Ўтган мавсумни Андалусия клуби кучли тўртликда якунлаган эди. «Атлетико» билан бир хил очко жамғарган ҳолда 4-ўринни эгаллаган жамоа якунда Европа Лигасида ҳам ғалаба қозонишни уддалади. Хуан Лопатеги шогирдларини Марcа нашри Рафа «Бенитиес»нинг «Валенцияси» билан қиёслаганини инобатга олсак, «Севилья»ни чемпионлик учун курашдан чиқариб юбормаслик лозим.
Сифатли трансферларни амалга ошириши билан ном чиқарган Мончи аллақачон ишга киришиб кетган. Боно ва Сусонинг трансфери сотиб олинди. Иван Ракитич ортга қайтарилди. Шунингдек, «Леганес»да ўзини кўрсатган Оскар Родригес ҳам таркибга қўшиб олинган. Айни дамда, Мончи Серхио Регилоннинг трансфери борасида иш олиб бормоқда.
Шу ўринда, Лопотегининг «Севиля»си ҳужумкор жамоа эканлигини эслаб ўтиш даркор. «Севиля» ўтган мавсумда ҳужумкор жамоа бўлмаганини унутмаслик лозим. Лопатеги шогирдлари «Реал»дан 14 та кам гол киритган бўлса, «Барселона» билан ўртадаги фарқ 32 та голни ташкил этмоқда. Тўғри, Де Йонг ҳужумда чакки эмас, бироқ узоқ давом этувчи мавсум учун яна бир сифатли ҳужумчи керак. Айни дамдаги таркиб билан «Севилья»ни иккинчи ўринда кўришимиз мумкин, бироқ чемпионлик учун мўъжиза юз бериши лозим.