"Андижон" клуби матбуот хизмати кеча ўз дебютини нишонлаган Жамшид Ҳомидов билан кичик интервью уюштирди.
— Авваламбор дебют ўйинингиз билан табриклаймиз! Бугунги дебют ўйинингиз ҳақида ўз фикрингиз.
— Аввало мураббийлар штабига менга ишонч билдираётганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тўғрисини айтсам, ўйинимдан ўзимни кўнглим тўлмади, чунки мен ҳужумчиман ва гол уришим керак эди. Келажакда ўз ўйиним ва голларим билан «Андижон» жамоасига фойдам тегишини истайман, мураббийларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
— Асосий жамоа сафига қўшилишингиз қандай бўлди, ким таклиф қилди?
— Александр Ҳомяков мураббийлигида ҳам асосий жамоа билан йиғинларда иштирок этар эдим, аммо менга эътибор камроқ бўлган, сўнгра Виктор Кумиков ҳам жамоа йиғинларга чақирди, Кумиковга ҳам ўйиним ёқмадими, тўғриси билмадим. Бахтиёр ака Ҳамидуллаев ўтган йилдан бери ўринбосарлар таркиби кузатиб келар эди, ҳозир жамоада ҳужумчи муаммо бўлганлиги сабабли мени жамоага таклиф қилди.
— Сизни кузатиб, қўллаб-қувватлаб турганларга айтар сўзингиз..
— Аввало клуб раҳбари Журъатбек ака Қувватовга ёшларга имкон бераётгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман ва бундан ҳурсандман. Жамоамиз мухлислари доим қўллаб-қувватлаб туришса, мен ҳам мухлисларнинг ишончини оқлаш учун боримни бераман.
"Андижон" матбуот хизмати.