Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

УЕФА суперкубоги. Превью: Олмон «қўшини» андалусиялик «қизил-оқлар» қарши

Баҳо:
+ | -

Одатга кўра, ҳар янги мавсум бўсағасида УЕФА ўзининг навбатдаги нуфузли титули учун, Европани титратган икки жамоани яна бир жангга таклиф этади. Европа суперкубогининг бу галги даъвогарлари — Чемпионлар Лигаси ғолиби “Бавария“ ҳамда Европа Лигаси соҳиби "Севилья".

Иккала жамоа ҳам ортда қолган мавсумни аъло даражада ўтказди дейиш мумкин. Ханс-Дитер Флик бош мураббийлигидаги дастлабки мавсумдаёқ "требл"га эришиб, жамоани тамомила очиб юборди. Бир йилнинг ўзидаёқ даҳшатли ўйинлар ва унутилмас натижаларни тақдим этди. Немислар олдиндаги мавсумда ҳам шундай шов-шув кўтара олишадими, деганларга Бундеслиганинг дастлабки турида “Шальке-04“ жамоасига қарши кечган баҳс(8:0) жавоб бўла олди, назаримизда.

Таркиб борасида деярли хавотирли нарса йўқ. Жамоа етакчиларидан бири Тиаго Алькантара Мюнхен шаҳрини тарк этиб, "Ливерпуль" аъзосига айланган, ижара муддати якунланган Перишич “Интер“ сафига бориб қўшилган бўлса-да, испаниялик хавбек ва хорватиялик вингернинг ўрнини тўлдирадиган футболчилар етарлича. Лерой Саненинг жамоага адаптацияси кутилганидан яхшироқ кечгани боис, COVID туфайли изоляцияда бўлган Кингсли Команнинг Будапештга бормаслиги ҳам Фликни ўйлантираётгани йўқ. Аммо, клубнинг мудофаа чизиғида Давид Алаба билан янги шартнома борасида бир тўхтамга кела олмаётгани, бу эса “Аякс“нинг америкалик ҳимоячиси Сержиньо Дестга бўлган қизиқиш ва курашни юзага келтиргани, бор гап. Ҳозирча, Алаба жамоада ва кубок баҳси учун кенгайтирилган қайдномага ҳам киритилган. Нафақат Дест балки, бошқа харидлар борасида ҳам хабарлар тарқалган. Трансферлар борасидаги воқеалар ривожи яқин кунларда янада ойдинлашса, ажаб эмас. Тез орада германиялик мутахассис ўзи ёзган тарихни, суперкубок акс этган саҳифа билан бойитишга ҳаракат қилиб кўради.

"Севилья" ҳам жамоага янги бош мураббий Хулен Лопетеги таклиф этилгандан кейин кўзга кўринарли натижаларни қайд этди. Клуб тарихида 4 бор Европа Лигаси совринига эга чиқилди, шунингдек Испания примероси ҳам кучли тўртликда якунланиб, халқаро майдон йўлланмасини Европа лигаси чемпионлигидан аввал ҳал этилди. “Blanquirrojos“ (оқ-қизиллар) Будапештга яхши кўринишдаги таркиб билан борган. Нега деганда, трансферлар ойнасида жамоага баъзи футболчилар келиб, бошқалари тарк этишди. Жумладан, “Милан"дан Сусо, "Спортинг"дан Маркос Акуня, “Барселона“дан жамоанинг собиқ футболчиси Иван Ракитич кабилар таклиф этилган бўлса, етакчи футболчиларидан бири, ярим ҳимоячи Эвер Банега Саудиянинг “Аш-Шабоб“ клубига, ўтган мавсум чап қанот ҳимоясида, ижара асосида сермаҳсул ўйин намойиш этган Серхио Регилон Лондоннинг “Тоттенҳэм“ клубига қўйиб юборилди.

Жамоа бугунги ўйинга қадар "Атлетик Билбао"(2:1) ҳамда "Леванте"(3:2)га қарши назорат-ўртоқлик баҳси ўтказди ва иккисида ҳам ғалаба қозонди. Шундан келиб чиқиб, умумий тайёргарлик тобида дейиш мумкин. Испаниялик мутахассис раҳбариятга ўз потенциали даражасидаги жамоа қандай бўлиши кераклигини кўрсатди. Ушбу соврин эса олдиндаги мавсум учун клубга катта ишонч ва иштиёқ бериши шубҳасиз.

Иқтибослар

Ханс-Дитер Флик: "Биз мавсумни мукаммал ўтказдик Албатта, кубокни ҳимоя қилиш қийин бўлади, аммо биз ушбу чорловни қабул қиламиз. Ажабланарлиси, мавсум сўнгида Суперкубокни юқорига кўтариш бу — торт устидаги гилос. Бизнинг мақсадимиз жуда аниқ. Биз ҳам "Севилья" сингари ғалаба қозонмоқчимиз. Биз, жамоадан кетган футболчиларни соғинамиз, аммо улар ҳозир таркибда йўқ ва биз бунга мослашиб кетмоқдамиз . “Бавария“ ҳар доим муваффақиятли бўлишни хоҳлайди, бу бизнинг ДНКимизда".

Хулен Лопетеги: "Бавария" ажойиб ўйинчиларга эга энг яхши даражадаги жамоа. Уларда жамоавий ишлаш қобилиятига эга ва жамоанинг қарашларини ўзгартира олган, юксак эътиборли мураббий бор. Бу дунёдаги энг яхши жамоага қарши ўйин бўлади. Лекин бизда ҳам, мағрур ва интилувчан жамоа бор. Ўйин олдидан ҳаяжон бор, лекин биз финалда ўзимизни яхши намоён қилишни хоҳлаймиз. Осон бўлмайди, лекин биз бунга ишонамиз".

Рақиблар ўзаро, сўнгги марта ЕЧЛнинг 2017-18 йилги мавсумининг нимчорак финал босқичида тўқнаш келишган бўлиб, ўшанда “Роман Санчез Писхуан“да кечган баҳсда "Севилья" 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган. Сўнгра, “Альянц Арена"даги учрашув 0:0 ҳисобида якунлангангач, икки ўйин натижасига кўра “Бавария“ кейин босқич йўлланмасига эга чиққан.

Тахминий таркиблар

"Бавария": Мануэль Нойер, Бенжамин Повар, Никлас Зюле, Жером Боатенг, Альфонсо Девис, Ёзуа Киммих, Лион Горетцка, Лерой Сане, Томас Мюллер, Серж Гнабри, Роберт Левандовски

"Севилья": Боно, Диего Карлос, Жюль Кунде, Хесус Навас, Серхио Эскудеро, Франко Васкес, Иван Ракитич, Фернандо, Сусо, Лукас Окампос, Юссеф Эн-Несири

Венгрия, Будапешт, “Пушкаш-Арена“. Қизиқ бўлади!

Дадажон ФОЗИЛЖОНОВ тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:16, 24.09.2020.
Ўқилди: 4445 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.