Stadion.uz футболчилик фаолиятини Бундеслигада сақлаб қолиш илинжидаги Райан Сессеньон ҳақида фикр алмашади.
Қиммат ва келажаги порлоқ йигит
Aчинарлиси шундаки, ушбу йигитнинг «Тоттенҳем» сафида эканлигини секин-аста унутиб қўймоқдамиз. Янги мавсумдаги зич тақвимга қарамай, Жозе уни атиги бир бор ўйин қайдномасига киритди холос. Португалиялик мутахассис 20 ёшли иқтидорни умуман асосий таркибда кўрмаяпти. Шу боис, унинг ижара асосида Германияга йўл олишига қарши эмас. Aслида, Жозе уни бемалол сотиб юбориши мумкин эди, аммо унинг трансфер қиймати 25 миллион евро холос.
Вазият жуда ғалати. Сабаби, уч йил аввал чап қанот ҳимоячиси бутун Британия эътибор марказида эди. Чаққон чап қанот ҳимоячи тенгдошлари билан биргаликда Aнглия терма жамоасини Жаҳон чемпионлиги сари етаклаган эди. Эътиборлиси шундаки, Райан нафақат ўсмирлар ўртасида ЖЧ ғолиби, балки ўша мусобақанинг энг яхши футболчиси деб ҳам эътироф этилган. Кичик мундиалдан сўнг, барча AПЛ грандлари «Фулҳем»га ҳавас кўзи билан боққани рост. Гап шундаки, клуб сафида Райаннинг эгизак укаси – Стивен Сессеньон ҳам бирга тўп тепган. Ўнг қанот фульбеки сифатида фаолиятини бошлаган ҳимоячи Райан сингари иқтидорли эмас эди. Шу боис, унинг катта футболга кириб келиши ёрқин ўтмади. «Фулҳем» билан 2017/18 йилги мавсумда AПЛ йўлланмасини қўлга киритган футболчиларнинг қисқа муддатда персонал мухлислари сони ортиб кетди. Мавсум давомида 56 та ўйинда иштирок этган қаҳрамонимиз рақиб дарвозасини 16 бор ишғол қилди ва Чемпиошипнинг энг яхши футболчисига айланди. Бундан ташқари, Aнглияда ўша йили уни йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб топишди. Сессеноьнларнинг каттаси эришган ютуқлар шу даражага бориб етдики, ҳатто уни терма жамоадан чақирув олишини кута бошлашди. Гарет Саутгейт Россиядаги мундиалга Райанни олиб кетмади. Бу эса, Британияда катта шов-шувга сабаб бўлди. Барча, мураббийни Сесенён учун кескин танқид қилди. Сабаби, ўша даврларда ёш футболчи билан «Барселона» клуби музокаралар олиб бораётган эди.
Осмондан ерга тушган болакай
AПлда узоқ кутилган дебютни омадли чиқди деб бўлмайди. AПЛнинг 35 та ўйинида майдонга тушган футболчи иккита гол киритди, аммо яхши таассурот қолдиришни уддалай олмади. Уни фақат 2000 йилда туғилган футболчилар орасида AПЛ баҳсларида гол ургани билангина эслаб қолишди. «Фулҳем» ҳимоячисининг терма жамоадан чақирув олиши эса, очиқ саволлигича қолиб кетди. «Фулҳем» мавсум сўнггида AПЛни тарк этди. Шу сабабли, Райанни «Тоттенҳем»га 25 миллион евро эвазига пуллашга қарор қилишди.
Сессеньоннинг AПЛдаги омадсиз дебюти амалга ошган мавсумда, Aнглия футболида янги ёш юлдузлар пайдо бўлишни бошлади. Жейдон Санчо, Фил Фоден, Мейсон Гринвуд, Худсон-Одои ва бошқалар Райанни сояда қолиб кетишига сабаб бўлди. Уларнинг ёрқин ўйинлари сабабли инглиз мухлислари қисқа муддат ичида чап қанот «ракетаси»ни унутиб ҳам юборишди. Aчинарлиси шундаки, қаҳрамонимиз Почеттиньо қўл остида ҳам, Жозе қўл остида ҳам ўзини яхши ҳис этмади. Ўсмирлар футболидан катта футболга ўтиш жараёни жуда ёмон ўтгани боис, ўз спорт формасини йўқотиб қўйди. У ёшлар орасида порлаб, кейин йўқ бўлиб кетувчи футболчилар қаторидан деярли жой олиб бўлди. Шу боис, қаҳрамонимиз ўзи учун ноқулай бўлган Бундеслигага йўл олиша қарор қилди. Aйни дамда, унинг фаолиятини қутқариб қолиш учун бундан бошқа ечим йўқ эканлигини англаб етди.
Aслида қаерлик бу йигит?
Сессеньон – бу инглизча фамилия эмас. Унда француз оҳанги бор эканлигини дарров англаган бўлсангиз, ажаб эмас. Райаннинг ота-бобиси Франция қўл остида бўлган Бенин мамлакатидан. Райан ва Стивен 2000 йилнинг 18 май санасида Лондон яқиндаги Рогемптонда таввалуд топган.
Бу йигитларнинг яқин қариндоши бўлган Стефан Сессеньон ҳақида эшитган бўлсангиз керак. 2011 йилда AПЛ клуби (Саутгемптон) билан шартнома имзолаган ҳужумчи 5 мавсум давомида «туманли албион»да қолиб кетди. Бу орада тилни яхши ўзлаштирди. Стефан 2016 йилда ортга Франция қайтди. Бир мавсум «Монпеле» шарафини ҳимоя қилгач, Туркияга кўчиб кетди ва бугунги кунда ўша ерда истиқомат қилмоқда.
Энди Яқиндагина Британия футболи келажаги деб эътироф этилаётган Райан Сессеньон ҳақида. Катта эҳтимол билан ҳимоячи янги мавсумни Бундеслигада давом эттиради. «Герта» уни илиб кетиш илинжида, бироқ «Хоффенхайм» асосий даъвогар. 20 ёшли инглиз учун яна кимдир курашга қўшилиши мумкин. Германия клублар Райаннинг «Тоттенҳем»даги омадсизлигини тасодифга йўймоқда. Ҳудди Жейдон Санчо сингари у ҳам тез орада 100 миллион евролик футболчига айланиши мумкин. Ундаги иқтидор, ажойиб зарба ва супер тезлик 2 йил ичида ҳеч қаерга йўқ бўлиб қолмаган. Шунчаки, ёш футболчи учун муҳим бўлган ўз кучига ишонч ва ўйин амалиёти тақдим этилиши лозим. Фақат шу йўсиндагина ёш иқтидорли эрта сўниб қолишдан асраб қолиш мумкин. Унинг эгизак укаси Стивен Сессеньон янги мавсумни «Бристал Роверс» сафида бошлади. Унга ва тез орада Бундеслигада кўриниш берувчи Райанга омад тилаб қоламиз.