«Барселона» бош мураббийи Роналд Куман Испания чемпионатининг 5-тури доирасида бўлиб ўтган «Севилья»га қарши ўйин борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
«Мураккаб ўйин бўлди. Рақиб яхши прессинг қўллади. Тўп бизда бўлганида эса ўзимиз истагандек ўйнай олмадик. «Севилья» яхши ўйин намойиш этди ва жисмоний жиҳатдан бизга нисбатан устунроқ эди.
«Севилья» — топ-жамоа. Ўйлашимча, биз ҳам яхши ўйнадик, лекин иккинчи бўлимда тўпни ҳаддан ташқари кўп йўқотдик. Шунинг учун ритмга кириб олишимиз қийин кечди. Ўз ўйинимиздан қониқиш ҳосил қилдим. Жамоа чарчади, аммо ажойиб рақибга қарши баҳсда охиригача курашдик.
Қилаётган ишларимиздан қониқиш ҳосил қилишимиз керак. Ўйинни тўлиқ шакллантириш учун бизга вақт керак. Учта қийин баҳсни ўтказиб, икки ғалаба қозондик ва битта дуранг ўйнадик. Қўлга киритилган 7 очкодан хурсандман», — деди Куман.