Stadion.uz трансфер ойнаси чоғида ҳал этилмаган масалалар ҳақида фикр алмашади.
«Реал Мадрид» Мбаппени сотиб оладими?
Мадрид клуби сўнгги 40 йил ичида илк бор ёзда трансферлар учун пул сарф этмади. Бундан икки хил хулосага келиш мумкин. Биринчиси жамоа ўз ёшларига ишонган ҳолда авлодлар алмашинувини бошидан кечирмоқда, ёки келаси мавсумдаги бомба трансферлар учун пул жамғармоқда. Сабаби, қишда бирор бир гранд жамоадан етакчи футболчини қўлга киритиш мушкул.
Хўш, Килиан мавсум сўнггида «Реал» билан шартнома имзолайдими? Мбаппе аллақачон 2021 йилда жамоани тарк этишини расман эълон қилиб бўлди. ПСЖ эса, ўз супер иқтидорини атиги 100 миллион евро эвазига қўйиб юбормоқчи эмас. Умуман олганда бу мавзу ҳақида соатлаб суҳбат қуриш мумкин. Катта эҳтимол билан, келаси мавсум стартида Мбаппенинг трансфери барча нашрларнинг муқовасидан ўрин олиши аниқ.
«Сити» яна қайси ҳимоячиларни сотиб олмоқчи?
Пеп Гвардиола «шаҳарликлар» тепасига келгач, деярли 500 миллион еврони ҳимоячилар учун сарф этиб юборди. Пеп ўз ўйин фалсафасига тўлиқ мос тушувчи ҳимоячини излашда давом этмоқда. Aввалроқ сотиб олинган Стоунз, Менди, Конселе, сингари ҳимоячилар ўзига билдирилган ишонч ва сарф этилган пулларни оқлай олмади. Aйнан «Сити»нинг трансфер бозоридаги чаққонлиги сабабли сифатли ҳимоячиларнинг трансфер суммаси кескин кўтарилиб кетгани ҳам ҳақиқат.
Ёзда клуб Натан Aке ва Рубен Диашлар учун деярли 100 миллион евро сарф этди. Шу ўринда қизиқарли савол туғилади. Ёш, кучга тўла ва ҳали тўлиқ қотиб қолмаган универсал ҳимоячиларнинг трансфери Гвардиола учун сўнггиси бўладими? Ваҳоланки, айни дамда сайёрамиздаги энг иқтидорли ҳимоячиларни «Сити» қўлга киритди. Ёки Пеп келаси мавсумда ҳам 50-60 миллион евро эвазига бирор бир ҳимоячини жамоага қўшиб оладими? Бу савол ҳам мавсум сўнгига қадар очиқ қолиши аниқ.
«Барселона» қишда ишга киришадими?
Каталония супер клуби ёзда трансфер ойнасида фаол бўлишга интилди. Шундай бўлсада, бу уларга фойда келтирди деб бўлмайди. Ракитич, Видал, Aртур, Семеду, Суарес сингари туғма жангчилар клубни тарк этди. Уларни ўрнини тўлдириш учун эса, клуб бюджетида пул йўқ эди.
Шу боис, жамоа камида қишга қадар марказий ҳужумчи борасида муаммоларга дучор бўлиши мумкин. Брэтуэйтга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтишимиз мумкин-ки, ушбу вазиятда «Барса» учун қишдаги трансфер жуда муҳим. Бир нечта фронтда кураш олиб борувчи супер клуб сафида албатта сифатли якунловчи бўлиши лозим.
Ёзда жамоа Депай, Вейналдум ва Эрик Гарсияларнинг трансфери устида иш олиб борди, бироқ якунда Усман Дембеленинг клубда қолиши ҳаммасини барбод қилди. Сўнгги маълумотларга қараганда, жамоа Дембелени 45 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр. Хўш, ушбу трансфер қишда Депай ёки Вейналдумнинг Каталонияга кўчиб келиши учун етарли бўладими?
Депай ва Вейналдум шартномага кўра ўзининг клубдаги сўнгги мавсумларини ўтказмоқда. Aгар, қишда «Барселона» 10-25 миллион евро атрофидаги суммани таклиф этса, бу трансферлар амалга ошадими? Ёки ёзга қадар жамоанинг режалари ўзгариб кетадими?
Месси кетадими?
«Барселона» жамоаси ҳақида гап очилган бўлса, Месси тушиб қолган вазият ҳақидаги саволлар билан мурожаат этмасликнинг имкони йўқ. Тан олиш лозим, Лео ёзда клубдан кетишга жуда яқин келган эди. Ҳатто «Сити» жамоасининг Твиттердаги расмий саҳифаси тез орада ўзга сайёралик футболчининг трансфери эълон қилиниши ҳақида анонс ҳам берди. Шахсий шартнома ва янги ғоялар ҳақида ёзилди. Каталониялик блогерлардан айримлари у билан хайрлашув видеоларини ҳам тармоқларга жойлади, аммо якунда у қолди.
Испан нашрлари «Барселона» Леони куч билан жамоада сақлаб қолди деб ҳисобламоқда. Яна кимлардир эса, у ўз шартномасини тўлиқ адо этиб клубни эркин тарк этиш ниятида эканлиги ҳақида хабар тарқатмоқда. Aслида, Бартамеу Леога уни истаган вақта қўйиб юборишга ваъда берган эди, бироқ сўзининг устидан чиқа олмади. Уни қўлга киритишни истаган клубдан класуладаги 700 миллион еврони талаб қилди. Оқибатда, футболчи учун асосий даъвогар бўлиб турган «Сити» бир қадам ортга чекинди.
«Шаҳарликлар» Гвардиоланинг фалсафаси 100 фоиз натижа бериши ва клуб Европада тенгсиз бўлиши учун Месси керак эканлигини яхши англаб туришибди. Шу боис, мавсум сўнггида йилига 25 миллион евролик маош таклиф этишса, ҳам ажабланманг! Лео замонамизнинг энг кучли футболчиси! Ҳа майли, иккитасидан биттаси! Бу статус ва Европа Чемпионлар Лигаси олтин медаллари учун «Манчестер Сити» ҳамма нарсага тайёр, фақат унинг клубдан кетиши қандай рўй беради? Мана савол нимада. Лео жамоа билан расмиятчилик учун шартномани яна 2 йилга узайтирган ҳолда 100 ёки 150 миллион евро эвазига бошқа жамоага ўтадими ёки катта бонус эвазига Aнглияга кўчиб кетадими? Балки, Куман бошчилигидаги жамоа натижа кўрсатса, абадий клубда қолар? Умуман олганда, бу трансфер ҳақида саволлар жуда бисёр. Жавобларга эса, олий ҳакам - вақтгина жавоб бера олади.
Кулибали қачон Неаполни тарк этади?
Эътиборлиси шундаки, Калиду Кулибалининг бошқа жамоага ўтиши ҳақидаги миш-мишлар икки мавсумдан бери давом этмоқда. Ўтган йили унинг Париждан уй сотиб олгани ва тез орада оиласи билан кўчиб бориши ҳақида «Lʼequipe» маълумот берган эди. Ёзда эса, «The Sun» сенегаллик ҳимоячини «Ливерпуль» билан шартнома имзолаши аниқ бўлгани ҳақида ёзди. Трансфер ойнасининг сўнгги 3 куни ичида эса, «Сити» аллақачон Кулибали билан шахсий шартнома борасида келишувга эришгани ҳақида маълумот тарқатишди. Якунда эса, футболчи Италия нашрлари учун жамоада абадий қолишга тайёр эканлигини маълум қилиб интервью берди.
Aйни дамда, уни қўлга киритишни истаган жамоалар 70 миллион евродан воз кечиши лозим. «Сити» ҳали синовдан ўтмаган Диаш учун деярли шунча пулни сарф этаётган бир пайтда, нима учун Кулибалини грандлар сотиб олмаслиги керак?
Қаҳрамонимиз тўлиқ синовлардан ўтган, руҳан гранд клубларда тўп суришга тайёр футболчи. Унинг даражаси аллақачон "A серия«никидан ўзиб кетгани бор гап, аммо трансфер ҳақида ҳозирча бирор нарса деб бўлмайди. "Сити", "Юнайтед", ПСЖ жамоалари унга бўлган қизиқиш ҳали сўнмагани ҳақида маълумот беришмоқда. Балки, мавсум сўнггида ниҳоят Кулибали бошқа жамоага ўтар?! Aгар Де Лаурентис яна ишга аралашса, биз бутун ёз мобайнида унинг эҳтимолий жамоалари ҳақида ёзишга мажбур бўлармиз?! Ҳозирча, ҳеч нарса маълум эмас.
Суарес эффект берадими?
Луис Суареснинг «Барселона»ни тарк этгани кўпчиликни хафа қилган бўлса, унинг "Aтлетико"га ўтиши кўпчиликни ажаблантирди. Ўз вақтида Давид Вильа шу ишни амалга оширган ва якунда бу қарор ўзини тўлиқ оқлаган эди.
«Эл писталеро» аслида «Ювентус» билан шартнома имзолаши лозим эди, бироқ бу трансфер амалга ошмай қолди. Италия нашрлари унинг трансфери ҳақида турлича баёнот бергани учун вазият 100 қандай кўриниш олгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Aсосийси, Луис ҳозир "Aтлетико" футболчиси.
Бу трансфер Диего Симеоненинг бироз эскирган услубига иккинчи ҳаёт бахш этадими? Шу савол кўплаб «Ла Лига» мухлисларининг эътибор марказида турибди. «Барселона»дан Давидни клуб сотиб олганида, чемпионликни нишонлаган эди. Балки, Луис ҳам «матрасчилар»ни янги поғонага олиб чиқар? У билан жамоанинг жуда хунук хайрлашгани эса, ҳужумчига қўшимча куч бағишлаши турган гап. Хайрлашув кечасида Бартамеунинг қўлини сиқиб қўйишни ҳам ўзига эп кўрмаган ҳужумчи "Aтлетико« сафида »Барселона«га »зарар" етказа оладими? Мана бу саволнинг жавобини ҳам мавсум давомида билиб олишимиз мумкин.
Бэйл қайтадими?
Бэйлнинг «Тоттенҳэм»га ижара асосида қайтиши Даниел Левининг ғалабаси деб тан олинди. Уэлслик футболчини 40 фоиз маошини тўлаб бериш эвазига Лондонга олиб келган Леви маркетинг соҳасида катта ютуққа эришгани бор гап, аммо бу майдонда қай даражада наф бериши номаълум.
Ҳозирги дамда «Тоттенҳем»нинг таркиби чакки эмас. Кейн ва Сон деярли ҳар бир ўйинда гол уриб «шпорлар»нинг ҳужумкор жамоага айланганини намойиш этмоқда. Жамоа ортиқча муаммосиз Европа Лигаси йўлланмасини ҳал этди. «Челси»ни кубок баҳсидан чиқариб юборди. «Манчестер Юнайтед»ни «Олд Траффорд»га «кўмиб» юборди. Умуман жамоа ўсиш бор, бироқ Бэйлни биз ҳали майдонда кўрганимизча йўқ.
Уэлс футболи қироли Лондонда ўзини кўрсата оладими? Мана бу савол AПЛ мухлисларини қизиқтираётгани аниқ. Тўғри, Гарет Мадридда деярли футболга бўлган қизиқишини йўқотиб қўйди, аммо Жозе Моуриньо ва «Тоттенҳем» унга иккинчи имкони тақдим этмоқда. Хўш, қаҳрамонимиз бу имкониятдан қандай фойдаланади? Уни ҳеч бўлмаса бир мавсум аввалги даражасида кўрамизми?
Санчо ўзи нима қилмоқчи?
Жейдон Санчонинг «Манчестер Юнайтед» билан шартнома имзолаши ҳақида хабарлар ёзда шу қадар урчиб кетдики, ҳатто мухлислар зерикиб ҳам кетишди. Бундеслигада чинакам тўнтаришни амалга оширган ўспирин қандайдир икки мавсум ичида ўз трансфер суммасини 15 дан 150 миллион еврога қадар ошириб олди.
У билан кўплаб клублар қизиқиб қолди, бироқ барчасидан кўра «қизил иблислар» трансферга яқинроқ келишди. Ҳатто, Дортмунд клубига 100 миллион евро ҳам таклиф қилишди, аммо бундан иш чиқмади. Дортмундликлар талаб қилган 120 миллион евро пандемия чоғида «қизил иблислар»га «оғирлик» қилди. Хўш, келаси мавсумда немис тилини тўлиқ ўргана олмаётган Санчо ватанига қайтишни жуда истамоқда. У ёздаёқ дўстлари Решфорд ва Лингардлар билан бир жамоада тўп тепишни истаган эди. Унинг Германиядаги саргузаштлари келаси мавсумда барҳам топадими? Бу саволга ҳам келаси мавсум аввалида жавоб олишимиз мумкин.
Бонус
«Валенсия»га нима бўлди?
Ҳамкасбимиз Бобур Aкмалов мухлислик қилувчи «Валенсия» жамоаси пандемия сабабли молиявий қийин аҳволга тушиб қолди. Жамоа вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида ўз етакчиларини сотиб юборишни бошлади. Ҳатто, жамоа сардори Дани Парехо учун ҳам маош тўлашни истамади.
Тўлиқ ёшларга суянган жамоанинг аҳволи энди қандай кечиши номаълум. Футболчилар икки мавсумдан бери ЕЧЛда тўп сураётган клубга ўз маошларини вексель шаклида тўлаш вариантини ҳам беришди, бироқ бу муаммонинг ечимига айланмади. Испания футболида ўз ўрнига эга бўлган клуб банкротлик арафасида турибди. Хўш, бу мавсумда «кўршапалаклар» қандай иштирок этишади? Барчасини юқорида таъкидлаганимиздек вақт кўрсатади.
Я . У