Испания чемпионатининг 6-тури доирасида "Барселона" клуби ҳам, "Реал"нинг ортидан, мағлубиятга учради. Каталонияликлар Мадридда "Хетафе" меҳмони бўлиб, кичик ҳисобда ютқазишди.
Мезбонлар бутун ўйин давомида "кўк-анорранглилар"га нисбатан жиддий прессинг ишлатишди ва катта иштиёқ билан тўп тепишди. Шунга қарамай, ҳисобни "Барса" очишга яқин келди. Дастлаб баҳснинг 20-дақиқасида Дестнинг узатмасидан кейин Месси йўллаган зарба устунга тегиб қайтган бўлса, орадан 10 дақиқа ўтиб Антуан Гризманн рақиб дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва ноаниқ зарба йўллади.
Учрашувнинг 55-дақиқасида эса Френки де Йонг хатога йўл қўйиб, ўз жарима майдони ичида "Хетафе" футболчисини йиқитди. Белгиланган пенальтини Хайме Мата аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди.
Ўйин сўнгида "Барселона" ўйинни қутқариб қолишга ҳаракат қилди. Бир вазиятда қанотдан етказилган узатмани "Хетафе" ҳимоячиси ўз дарвозасига жойлаб қўйишига оз қолди — тўп тўсинга тегиб қайтди. Мессининг 15 метрлардан йўллаган зарбасига эса бироз аниқлик етишмади.
Аксинча, Кучо "Барса" посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб, ундан самарали фойдаланганида, ўйинга эртароқ нуқта қўярди. Шунга қарамай, "Хетафе" ўз уйида "Барселона"ни мағлуб этди ва ўз очколарини 10тага етказиб, пешқадамлар сафига қўшилди.
Испания Ла лигаси, 6-тур
Хетафе – Барселона 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 56, пенальти Мата.
Хетафе – Сория, Оливера, Кабако, Суарес, Ньом, Арамбарри, Кукурелья, Максимович (Мольехо, 90), Жене, Мата (Унал, 71), Эрнандес (Тимор, 89).
Барселона – Нето, Дест, Серджи Роберто (Пуч, 87), Лангле, Пике, де Йонг (Брэйтуэйт, 80), Бускетс, Педри (Коутиньо, 62), Дембеле (Фати, 62), Гризманн (Тринкау, 80), Месси.
Огоҳлантиришлар: Пике (24), Мата (27), Кабако (28), Серджи Роберто (41), Ньом (73), Оливера (90), Дест (90).