Будапештда дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи мусобақа ўз якунига етиб бормоқда. Афсуски, узоқ муддатли карантин давридан кейин ўтказилган мазкур рестарт турнири биз учун омадсиз келди.
Бугун оғир вазнли полвонларимиз кураш олиб боришди. Бироқ узоқ муддатли танаффус вакилларимизнинг ҳаракатида ўзининг таъсирини кўрсатмай қолмади. Давлат Бобонов (-90 кг) ҳамда Бекмурод Олтибоев (+100 кг) еттинчи поғонада мусобақани якунлашган бўлса, Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) иккинчи даврадаёқ турнир билан хайрлашди.
Шу тариқа мусобақадаги энг яхши кўрсаткичимиз бешинчи поғона бўлиб, бу дастлабки кунда -66 кг вазн тоифасида курашган Сардор Нуриллаевнинг кўрсаткичидир. Шундай бўлса ҳам вакилларимиз Токио Олимпиадаси рейтинги учун қимматли очколарни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишмоқда.