Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Ювентус» ва «Барселона» либосида ҳаракат қилган юлдузлар

Баҳо:
+ | -

"Ювентус" ва "Барселона"нинг  халқаро майдондаги йўли бир бири билан тез-тез кесишиб туради. Клублар охирги марта бундан 3 йил аввал чорак финал баҳсида ўзаро тўқнаш келишганди. Бу сафар эса ҳолат бироз бошқачароқ: мухлислар гуруҳ босқичининг ўзидаёқ марказий ўйинга гувоҳ бўлишади. Ушбу учрашувга бўлган қизиқиш ўта юқори. Гарчи Роналду ҳамда Месси жангининг содир бўлиш эҳтимоли аллақачон йўқолиб улгурган бўлса-да, бугун биз ҳар иккала тарафдан ҳам баъзи номларнинг ўз собиқ клубларига қарши ўйинига гувоҳ бўламиз. Тарихан олиб қаралганда ҳам, турли йиллар давомида "кўк-анорранг" ва оқ-қора футболкаларда тўп тепган бир қатор номдор футболчиларни санаб ўтишимиз мумкин. Қуйида эса улардан энг машҳурлари хусусида тўхталиб ўтамиз.

Дани Алвеш

Бразилиялик машҳур юлдузнинг Каталонияга синган чуқур меҳнатини клуб ишқибозлари ҳали бери унутишмаса керак. 2008 йилда ёш Дани янги клубига "Севилья"дан кўчиб ўтади. Трансфер суммаси ҳам ўша пайтларда ўз позицияси учун энг қиммати эди - 90 миллион евро. Бунча суммани Алвеш керагидан ортиқ оқлаб юборди дейишимиз мумкин. Дастлаб, асосий таркибдан унчалик жой тегавермаган ҳимоячи Гвардиола жамоага келганидагина ўзини кўрсата бошлади. 2009/2011 йилларда қўлга киритилган треблда Данининг улкан хизматлари мавжуд. Дарҳақиқат, жамоага янги мураббий ўзининг янгича фалсафасини, ўзгача услубини ҳам олиб кирганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Айнан испан футболига Гвардиола олиб кирган "тики-така" услуби ҳамда энди шаклланаётган ёш авлод орқали "Барселона" асримизнинг иккинчи декадасида ҳақиқий фурор кўтарган пайтлар Алвеш ҳам ўша олтин авлоднинг катта футболчиси эди. Бразилиялик иқтидор эгаси клубга келган дастлабки 4 йили давомида миллий термадаги иштирокини ҳам қўшиб ҳисоблаганда нақ 18 та соврин ютишга эришди. Бунга кўпчиликнинг ишониши қийин, лекин Алвешнинг "Барса"да ўтган йиллари унинг учун анчайин омадли кечган. Пеп давридаги 2 та улкан треблдан сўнг клуб мухлислари бу воқеани  анчайин кутиб қолишганди. Ниҳоят, Луис Энрике қўл остида 3-треблга қараб борган Алвеш клуби сафидаги бу номга эга чиққан саноқли футболчилардан бирига айланди. Испаниялик ушбу  мураббийга Данининг ҳурмати ўзгача. Футболчи буни ўз интервьюларида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.

"Кўк-анорранглилар" сафидаги сўнгги мавсумлари ҳам Алвеш учун титулларга бой тарзда якунланган: 3 мавсумда 9 та соврин. Клубдаги фаолиятини ҳам шунга монанд эркин агент сифатида тугатиб қўя қолди - чиройли якун албатта. Дани Алвеш "Барселона"даги 8 йиллик ёрқин мавсумлари давомида умумий ҳисобда 391 та учрашувда майдонга тушиб, 21 маротаба рақиблари дарвозасини ишғол этишга ҳам улгурган. Ҳа, ҳар битта ҳимоячи орзу қиладиган улкан ишлар.

Бразилиялик футболчи,  юқорида айтиб ўтилганидек, эркин агент сифатида Туринга кўчиб ўтади. Лекин унинг "Ювентус"даги фаолияти аввалги клублари олдида шунчаки кўринмай қолди десак ҳам бўлаверади. Чунки у "зебралар" сафида атиги бир мавсум ўйнади холос. Бунинг устига унинг катта қисмини лазаретда ўтказиб юборди. Шунга қарамай футболчи якунда "Скудетто" ва Италия кубогини ўз совринлари қаторига қўшиб қўйди. "Ювентус"нинг ўша йиллар оралиғидаги етиб борган 2-ЕЧЛ финалида ҳам айнан Алвеш бор эди, лекин ютиб олиш насиб қилмаган. Дани Алвеш кўп мавсумлик фаолияти давомида энг кўп соврин ютган футболчи сифатида тарихга кирган. Бразилиялик ҳимоячида шу пайтга қадар 40 дан зиёд катта-кичик титуллар мавжуд. Лекин футбол ишқибозлари уни "Барса" ва "Ювентус" либосидаги ўйинлари билан яхшироқ эслаб қолишган.

Жанлука Замбротта

Италиялик машҳур футболчи "Ювентус"га 1999 йилда келиб қўшилади. Ўша пайтлари мураббийлик фаолиятида энди чўққига чиқаётган Карло Анчелотти жамоаси Замброттани илиқ кайфиятда кутиб олади. Италиялик юлдуз йўл-йўл либосда карьерасидаги энг омадли дамларини ўтказади. 300 та ўйинда майдонга тушган Замбротта клуб миқёсида турли-туман 7 та совринга эга чиқади. Лекин у ва жамоадошларининг муваффақиятлари узоққа чўзилмайди. Маълум сабабларга кўра "Б" Серияга тушириб юборилган "Ювентус" таркибидан бир қатор футболчилар кетишга мажбур бўлишади. Улар орасида италиялик фулбек ҳам бор эди. Жанлукага жуда кўп клублардан таклифлар тушади, лекин у "Барселона" ни танлашга қарор қилди. Бироқ, унинг бу қарорини унчалик ҳам омадли чиқди деб айтиш қийин. Жамоага Гвардиола келгач, испаниялик мутахассис Замбротта каби фахрий футболчиларга истеъфо бериб юборади. Шу жиҳатлардан ҳам унинг Каталониядаги уринишларини ўта яхши кечган деб айта олмаймиз: биттагина Испания кубоги. Лекин миллий терма сафидаги ўйинлари орқали машҳур Замброттанинг юқоридаги ҳар иккала клубда ҳам ўз мухлислари етарлича топилса керак.

Артуро Видаль

Иккита гранд жамоа шарафини ҳимоя қилган ноёб футболчилардан бири - Артуро Видал. 2010 йилда Леверкузеннинг "Байер" клубидан "Ювентус" сафига келиб қўшилган ёш иқтидор карьерасидаги энг муваффақиятли дамларини айнан "бьянконери" сафида ўтказади. Ортда қолган мавсумлари оралиғида Антонио Конте қўл остида ўз статусини ошириб олганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. "Зебралар" сафида ўтказган жами 4 мавсумида Видал 171 та учрашувда майдонга тушди ва рақиблари дарвозасини 48 бор ишғол этишга эришди, 7 та соврин ва уларнинг асосий қисми албатта кетма-кет қўлга киритилган "Скудетто"лар. Умуман олганда, бу ярим ҳимоячи учун ёмон натижа эмас.

2014 йилда клубини ўзгартиришга қарор қилган Артурога "Бавария" қизиқиш билдирган. 4 йил "қизиллар" либосида тўп тепган футболчи 2018-йилда Каталонияга кўчиб ўтади. Табиатан анча қизиққон саналган Видал турли-туман жароҳатлар ва қизил карточкалар сабаб ўша икки мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмади. Лекин чилилик юлдуз исталган ердан ўз голларини топиб кетаверади. Унинг "Барселона"даги нисбатан қисқа фаолияти ҳам айтарлича таҳсинга сазовор. Ўзи майдонга тушган 93 та учрашувнинг 11 тасини у гол билан якунлаган. Ҳатто, бир мавсум у клуби миқёсида голларда иштирок этиш борасида Месси ҳамда Суаресдан кейин 3-ўринни ҳам эгаллади (11 гол, 9 ассист). Менимча, Артуро Видалнинг юртимизда ҳам персонал мухлислари етарлича топилса керак.

Златан Ибраҳимович

Жаҳон футболида Златандек бир қанча мамлакатлар ички чемпионатларида ўйнаб чиққан футболчилар кам топилса керак. Профессионал фаолиятини "Мальмё"да бошлаган Ибраҳимович кейинчалик Нидерландия, Англия, Италия, АҚШ, Испания ва Франция каби мамлакатларнинг турли клубларида ҳам ўз омадини синаб кўрди. Асосий юришини Италияда олиб борган швециялик учун бу ердаги илк клуб айнан "Ювентус" эди. 2004 йилда "Аякс"дан туринликлар сафига келиб қўшилган футболчи жуда кўп вақтини захирада ўтказиб юборди. Мураббийлар клубнинг ўша вақтдаги асосий юкдузларидан бири Давид Тразеге жароҳат олган пайтлардагина Златанга асосий таркибдан жой беришар эди. Лекин бу танасида кучи тошиб кетаётган футболчи учун ёқимли ҳолат эмас эди. У жамоадан иложи борича тезроқ кетиш учун баҳона излар эди. Натижада 2006 йилда "Ювентус"нинг қуйи лигага тушириб юборилиши муносабати билан Ибраҳимович ҳам клубини қийин аҳволида ташлаб кетишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, швециялик юлдуз қисқа вақт оралиғида 26 та голни-да ўз ҳисобига ёздириб қўйишга улгурди.

Лекин, Златаннинг "Барса"даги фаолияти ўзига ҳам ёқмаса керак. "Кўк-анорранг" либосда атиги бир мавсум ҳаракат қилган футболчи учун асосий таркибдан етарлича жой ажратилмаган. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида унинг мураббий билан олиб борган муттасил тортишувларини ҳам айтишимиз мумкин. Соф ампуласи марказий ҳужумчи бўлган Ибраҳимович уни қанот ўйинчиси сифатида майдонга тушираверишларидан деярли қониқиш ҳосил қилмаган. Натижада, Мессига етарлича рақобат уюштириб беролмаган юлдуз клубни эрта тарк этишга мажбур бўлди. Ва бу энг гуллаган даврларининг энди бошланиши эканлигини ўзи хам етарлича англамаган бўлса керак. Лекин мухлислар қалбидан "Ювентус" либосидаги ўша ёқимтой Златан кўпроқ жой олган назаримизда.

"Ювентус" ва "Барселона" ўзаро футболчилар алмаштиришни анча хуш кўрувчи клублар саналишади. Ўйлаймизки, бу рўйхат бундан кейин ҳам ўз даврининг машҳур юлдузлари билан тўлиб бораверади.

Юсуфбек тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:37, 28.10.2020.
Ўқилди: 4016 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.