Хабарингиз бор Ўзбекистон футбол ассоциацияси УЕФА билан ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган. Мана шу ҳамкорлик доирасида УЕФА техник консультанти Рожер Мейхри юртимизга ташриф буюрди.
Ташриф давомида УЕФА вакили Ўзбекистондаги ҳудудий футбол ассоциацияларининг ҳар бир йўналиш бўйича олиб бораётган фаолиятини атрофлича ўрганиш, юртимиздаги мураббийлар иш фаолияти ва тажрибасини таҳлил қилиш ҳамда тажриба алмашиш, техник директор лавозимига номзодларга қўйиладиган талаб ва тавсиялар бўйича маълумот бериш каби вазифаларни мақсад қилган.
Бугун куннинг биринчи ярмида Рожер Мейхри Ўзбекистон футбол ассоциациясида бўлди. ЎФА раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистонда УЕФА билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар дастури муҳокама қилинди.
УЕФА консультанти Ўзбекистонда деярли 20 кун давомида мамлакатимизнинг барча вилоятларида бўлиб, жойлардаги футбол билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқиш ҳамда ўз хулоса ва таклифларини тақдим этишни режа қилган.