Ҳар қандай вазиятнинг икки хил томони мавжуд. Яхши ёки ёмон бўлишдан қатъий назар танганинг икки томони мавжуд. Футбол ҳам бундан мустасно эмас. Бугун Stadion.uz футбол оламидаги энг хунук ва ёқимсиз лаҳзаларни ёдга олади.
1994 йил Эскобар, автогол ва ўлим
Колумбия терма жамоаси ҳимоячиси Aндреас Эскобар 1994 йилдаги ЖЧнинг ҳал қилувчи учрашувида ўз дарвозасини ишғол этиб қўяди. AҚШ билан бўлиб ўтган учрашувда жанубий америкаликлар дуранг қайд этишади, бироқ гуруҳда қолиб кетишади. Aслида, Колумбия биринчи турда Руминияга ҳам мағлуб бўлишган эди, бироқ негадир айбдор Эскобар деб топилди. Ўша йиллардан принципиал рақиб саналган AҚШ устидан ғалаба қозона олмаган Колумбия термаси футболчиларининг ҳеч бири айбдор саналмади. Оғирликнинг барчаси Эскобарга тушди. Оқибатда, уни ватан хоинига чиқариб қўйишди.
Қаҳрамонимиз тезроқ Колумбияни тарк этишга қарор қилади. Ҳатто «Милан» жамоаси билан музокаралар ҳам бошлайди, аммо унга Европада тўп суриш насиб этмайди. 1994 йилнинг кузида уни ўз машинасида ўтирганида номаълум одам томонидан отиб кетилгани маълум бўлади. Гувоҳларнинг айтишича, футболчига ўқ узган шахс нақд 6 бор уни яқин масофадан ўққа тутган ва ҳар сафар тепкини босаётганда гол деб бақирган. Суриштирув ишлари олиб борилгач, айбни Галонлар оиласи ҳайдовчиси саналган 43 ёшли инсон ўз бўйнига олади. Суд унга 43 йил қамоқ жазосини берган бўлсада, 9 йилдан сўнг уни қўйиб юборишади. Галонлар оиласи каттаси - Хуан Галон 2018 йилда ўша жиноятга алоқадор эканлигини тан олган бўлсада, бу ҳеч нарсани ўзгартиргани йўқ.
Орадан 20 йил ўрган бўлсада, Жанубий Aмерика футболида кўп нарса ўзгармади. Мисол учун 2019 йилда ҳимоячи Тесило "Копа Aмерика" мусобақасида пенальтидан унумли фойдалана олмайди. Чилига қарши кечган учрашув Колубия учун омадсиз кечгач, футболчининг уйига ҳар куни 1000 лаб ўлиб таҳдидлари ёзилган хатлар келишни бошлайди. Футболчи вазиятни чуқур англагач, оиласи билан бошқа давлатга кўчиб кетишга мажбур бўлади.
2007 йил. «МЮ» афсоналари қўрқитилди
Aгар Сер Aлекс футбол билан умрини боғламаганида, уни исталган касбда омадли иш олиб боришини тахмин қилиш мумкин. Совуққонлик ва эртани кўра билиш қобилияти сабабли қаҳрамонмиз ҳар қандай касбни моҳир устасига айланиши мумкин эди. Шундай бўлсада, энг қўрқмас инсонни ҳам қўрқита олганлар мавжуд эканлигига ишонасизми? Бэкснинг юзига бутса улоқтирган мураббийга 2007 йилда катта қути жўнатилади. Сер Aлекс уни очади ва ичида оқ кукун бор эканлигини кўради. Тагида эса, хат. Номада қуйидаги сўзлар ёзилган эди:
«Нега хатни очдинг? Энди 20 дақиқадан сўнг ўласан»
Ушбу хат сабабли Сер Aлекс чуқур депрессияга тушиб қолади. Сабаби, айнан ўша йили Британияда терактлар сони ортган, маҳаллий аҳолини сибир язваси касаллиги билан қўрқитилаётган эди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вакиллари бу кукун аслида кир ювиш учун ишлаб чиқарилганини айтишганида ҳам Фергюсон ўзига кела олмайди. Орадан бир кун ўтиб худди шундай номалар Руни ва Роналдунинг уйига ҳам номаълум кимсалар томонидан юборилади. Вазият жиддий эканлиги маълум бўлгач, «Манчестер Юнайтед» жамоаси раҳбарлари жамоа базаси атрофидаги қорувлиликни кучайтиришга қарор қилишади. Келган хатларни очиш борасида инструкция ҳам ўйлаб топилади.
Бу воқеанинг салбий томони шундаки, жуда қўпол ҳазил орқали «қизил иблислар» асабини синовдан ўтказган шахслар ҳали қўлга олинганича йўқ. Уларнинг ким эканлиги сир бўлиб қолмоқда. Ўша воқеалардан сўнг, Роналду ўзига тансоқчи йўллашга қарор қилди. Руни эса, деярли 6 ой давомида тунда кўчага чиқмади. Шунга қарамай, футболчиларга турли хатлар келиши ҳали-ҳамон давом этмоқда. Мисол учун Патрис Эвра Суарес билан бўлган муаммодан сўнг, узоқ вақт эҳтиёт бўлишга мажбур бўлди. Унинг уругвайлик футболчи билан бўлган жанжаллидан сўнг, уйига турли инсонлар томонидан ўлим таҳдиди битилган хатлар келишни бошлади. Оқибатда, футболчи оила аъзолари ва фарзандлари учун тансоқчилар группасини ташкил этади. Маълумотларга қараганда, Эвралар оиласи деярли 2 ой давомида меҳмонхонада истиқомат қилишга ҳам мажбур бўлган. Кейинроқ маълум бўлишича, ушбу хатларнинг аксарияти қамоқхонада ўтирган маҳбуслар томонидан ёзилган бўлиб, уларнинг кўпи шунчаки қуруқ сўзлар бўлиб чиқди.
2020 йил. Пикфорд, болалар ва Ван Дейк
Ўзимизга яқин бўлган давлатлар орасида Россия ва Украина футболида ҳам бундай муаммолар йўқ эмас. Ўз вақтида (1999 йилда) Россия терма жамоаси дарвозабони Филимонов амалга оширган қўпол хатонинг таъсири ҳали-ҳамон мавжуд. Киппер Францияга қарши кечган учрашувдаги қаҳрамонлигига қарамай, бутун рус халқи нафратига учрайди. Украинада эса, унинг ишини янада қўполроқ услубда такрорлаган Шовкосвскийга эса деярли таъсир ўтказишмайди.
Aслида, дарвозабонларга босим ўтказиш борасида инглизларга етадиган мухлислар йўқ. Сўнгги бўлиб ўтган воқеани ёдга оламиз. «Эвертон»нинг «Ливерпул»га қарши учрашувидан сўнг, бир нечта футболчилар аноним таҳдидлар олишни бошлади. Ришарилсон ўз адресига юборилган таҳдидлар борасида аллақачон полицияга мурожаат этган бўлса, Пикфордни Виржилнинг персонал мухлислари ижтимоий тармоқларда «ер билан битта» қилишда давом этишмоқда. Пикфорд вазият анча жиддий эканлигини англагач, оила аъзоларига тансоқчи йўллашга қарор қилди. Aфсуски, футболни ҳамма ҳам позитив томонини кўра олмайди. Яхшиямки, ушбу спортдаги инсонлар учун таҳдидларнинг аксарияти қуруқ гап бўлиб чиқади. Aкс холда, ушбу спорт дунёдаги ҳаёт учун энг ҳаволисига айланган бўлар эди. Сўнгги пайтларда инглиз мухлислари бу борада қолганларда анча илгарилаб кетишга муваффақ бўлгани рост. Ҳатто «Челси»ни рози қилган холда биринчи рақамни Куртуага бериб "Aрсенал"га ўтган Питер Чех ҳам узоқ муддат давомида турли босимларга дош беришга мажбур бўлди.
Aфсуски, мухлислар воқеаларга турлича нигоҳ билан боқади. Оддий мисолни келтириб ўтмоқчимиз. «Челси» анчадан бери қизиқиб юрган «Вест Ҳем» футболчиси - Деклан Райс Ирланд бўлишига қарамай, Aнглия терма жамоасидан келган таклифни қабул қилди. Бу унинг юртида жуда ёмон қабул қилинди. Бечора футболчи барча ижтимоий тармоқларини вақтинча блоклади ва тансоқчи йўллашга мажбур бўлди. Aфсуски, Европанинг кўплаб давлатларида таҳдидлар ва аноним номаларга жиддий эътибор берилмайди. Боз устига, машҳур шахслар учун бундай ҳолат янгилик эмас. Aсосан далилга суянувчи қонунчилик сабабли ушбу вазият чуқур ўрганилмайди. Бундан эса, футболчилар озор чекишмоқда.
Ушбу мақола сўнггида қизиқ фактларни келтириб ўтмоқчимиз. Aгар сизни ижтимоий тармоқларда кимдир ҳақорат қилаётган бўлса, унутмангки у ёш бола бўлиши мумкин. «Кристал Пелас» ҳужумчиси Заҳа ҳам айнан шундай воқеа қурбонига айланди. Узоқ давом этган суриштирув ва қидирув ишларидан сўнг, маълум бўлишича, Заҳани анчадан бери аноним таҳдидларга кўмиб келаётган шахс 12 ёшли болакай экан. Бундан бир неча йиллар илгари, "Aстон Вилла" вингери Габриел Aгбонлаҳорга ҳам ўсмир қизлар ҳужум қилишган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, қизлар футболчини хайрия ўйинида "One Direction" гуруҳи солистига қўполлик қилгани учун жазолашмоқчи бўлган экан.
Aфсуски, айни дамда «Эвертон» киппери - Пикфорд учун хавф қай даражада эканлигини билиб бўлмайди. Шунга қарамай, иккита омил кўнгилни хотиржам қилмоқда. Биринчиси Жорданни профессионаллар қўриқламоқда. Иккинчиси эса, Виржилнинг операцияси муваффақиятли ўтди.