«Барселона» қишки трансфер ойнасида бир қанча футболчиларини сотиб юбормоқчи.
Diario Sport’нинг хабар қилишича, гап олти нафар футболчи ҳақида кетмоқда. Каталонлар Рики Пуч ва Карлес Аленья каби тарбияланувчилари қатори, ҳимоячилар Самюуэль Умтити, Хуниор Фирпо, ҳужумчилар Матеус Фернандес ва Мартин Брэйтуэйтни сотувга қўймоқчи.
Ҳаммадан кўра Фирпо кетишга яқинроқ. Унга «Интер» ва «Наполи» каби клублардан қизиқиш бор. «Барселона» унинг трансферидан 20 миллион евро ишлаб олмоқчи.
Умтити эса ижара асосида бошқа жамоага йўл олиши мумкин. «Барселона» ёздаёқ франциялик футболчини трансферга қўйишни истаганди. Ҳозирга келиб Умтити ўзини Рональд Куман жамоасида кўрмаяпти ва таклифларни ўрганиб чиқишга тайёр. Унга «Рома» ва «Лион»дан қизиқиш бор.
Брэйтуэйт кетишни истамаяпти, бироқ унинг агентлари вариантлар қидирмоқда. Каталонлар унинг учун сарфланган 18 миллион еврони қоплай олмаслигини тушуниб турибди. Бироқ жамоа Депайга жой бўшатиш учун бу трансферга мажбур.