“Навбаҳор”нинг тажрибали ҳимоячиси Тоҳиржон Шамситдинов Coca Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган“Навбаҳор”–“Сурхон” жамоалари ўртасидаги учрашувдан олдин ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Гарчи “Сурхон” турнир жадвалининг қуйи поғонасидан жой олиб турган бўлса-да, майдонга ҳар қандай рақибни ҳурмат қилган ҳолда ҳамда ғалаба иштиёқида тушиш лозим.
Термизликларга Суперлигада қолиш учун очко сув ва ҳаводек зарур бўлганлиги боис, бўлажак баҳснинг кескин курашлар остида ўтиши эҳтимоли юқори.
Худога шукр, жамоамиз омадсиз ўйинларга барҳам бериб, сўнгги иккита учрашувдан буён ғалаба қозоняпти. “Сурхон”га қарши кечадиган баҳсда ҳам зафарли одимимизни давом эттирамиз деган умиддаман.
Жорий мавсум ўйинларининг якунланишига ҳам саноқли турлар қолди. Шунинг учун Суперлиганинг сўнгги 4 та баҳсида муносиб тўп суриб, майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, бўлажак ўйинларда зафар қучиб, мухлисларга қувонч улашиш ниятидамиз.
Термизликлар билан бўладиган бугунги учрашувда стадионга ташриф буюрадиган чекланган миқдордаги, шунингдек, жамоамизни ойнаи жаҳон орқали қалбан ва руҳан қўллаб-қувватлайдиган мухлисларга қувонч улашиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.
Бугунги ўйинда жамоамизнинг ғалабали одими яна давом этади деб умид қиламан.
Буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.