Ўзбекистон Кубогини ўзида сақлаб қолиш йўлида курашни жамоамиз "Сўғдиёна" билан тўқнашувдан бошлайди.
Жамоалар сафида ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юборадиган футболчилар йўқ. Ҳозирга қадар жамоалар Кубок баҳсларида 6 бор тўқнаш келишган. Уларнинг 4тасида "Шерлар" зафар қучган бўлса, икки беллашувда дуранг натижа қайд этилган. Рақиб дарвозасига 19 гол уриб, дарвозамиздан 7 тўп ўтказиб юборганмиз. Тошкентда уч ғалабага эришганмиз. Жиззахликлар дарвозасига 14 гол урилиб, 4 тўп қўйиб юборилган. Кубокдаги ўйинлар 1998, 2003 ва 2004 йилларда бўлиб ўтган.
Кубокдаги ўзаро ўйинларда Миржалол Қосимов 3 гол уришга эришган. Жамоамиздан Жаъфар Ирисметов, Анвар Солиев, Дилмурод Назаров ва рақибдан Қобил Алиқулов иккитадан гол муаллифига айланган. 2004 йилги баҳсда айни пайтда жамоамизда ўйнаётган Садриддин Абдуллаев рақиб дарвозасини ишғол қилган.
"Пахтакор" ва "Сўғдиёна" жамоалари ўртасида Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал ўйини 8 декабрь, сешанба куни "Пахтакор" стадионида соат 16:00да бошланади.