АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов "Локомотив"га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди
«Барчани аввало Конститутция кунимиз билан табриклайман. Кубок ўйини барибир чемпионат учрашувларидан ажралиб туради. Битта ўйин, унда ютқазган жамоа мусобақани тарк этади. Рақиблар бир-бирига мос эди. Иккала жамоа ҳам ғалаба учун очиқ футбол намойиш қилди. Ўйиннинг темпи ҳам тезлиги ҳам юқори бўлди. Стадионга ўйинни кўргани келган мухлислар чиройли футбол ва вазиятлар кўплигидан совуб қолмади деб ўйлайман. Биз ўйинда ғалаба учун майдонга тушгандик. Ғалаба билан йигитларни табриклайман. Улар майдонда бор кучини ва маҳоратини кўрсатди. Шу фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз мухлисларини ҳам табриклаб қоламан. Олмалиқдан келиб, бизга далда бериб туришибди. Авваламбор, футбол мухлислар учун ўйналади. Шу сабабдан уларга миннатдорлик билдираман. "Пахтакор"нинг ўйинидан кейинги қуръани кутамиз. Қуръада тушган рақиб ким бўлишини фарқи йўқ, бергани билан ўйнайверамиз. Хоҳ сафарда бўлсин хоҳ уйда», -деди мураббий.