Профессионал бокснинг супер ўрта вазн (-76,2 кг) тоифасида рингга чиқаётган Бектемир Мелиқўзиев (6-0, 5 КО) ва ярим оғир вазн тоифасида WBA Super, IBF, WBO чемпионлик камарларининг собиқ соҳиби Сергей Ковалёв (34-4-1, 29 КО) ўртасидаги жанг бекор қилиниши мумкин.
BoxingScene’нинг хабар қилишича, россиялик боксчининг қон таҳлилларидан тақиқланган модда топилган. Бу 30 январь кунига белгиланган жангнинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин. Ҳозирча жангнинг бекор бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида расмий маълумот берилмади.
Таъкидланишича, Ковалёвнинг 30 декабрь кунги машғулотлардан кейинги таҳлилларида синтетик тестостерон моддаси топилган.
Мелиқўзиев бу хабарларга ўз Twitter’и орқали муносабат билдирди.
«Кўп гапиришни ёмон кўраман, буни аввал ҳам айтганман — менга бунинг фарқи йўқ. Келинг, ҳеч нарсага қарамай жангни ташкиллаштирамиз», — дея ёзади Мелиқўзиев.
Аввалроқ Ковалёв ва Мелиқўзиев ўртасидаги жанг Россияда эмас, АҚШда бўлиб ўтиши ҳақида хабар қилинганди.