Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Владимир Фомичев: "Cелекция ишларимиз барбод бўлди"

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг барча клублари сингари "Машъал" ҳам мавсумга тайёргарликнинг биринчи йиғинини якунлаб бўлди. Йиғиннинг иккинчи босқичи эртадан яна Янгиерда бошланади. Клуб бош мураббийи Владимир Фомичев янги йил байрамини оила аъзолари даврасида нишонлаш мақсадида 28 декабрь куни Қозоғистонга учиб кетганди. Фомичев уйига жўнаб кетишидан олдин дастлабки йиғин қандай ўтгани ҳақида интервью берди.

- Владимир Александрович, 26 декабрь куни "Машъал"нинг янги мавсум олдидан дастлабки йиғини якунланди. Йиғиндан кўнглингиз тўлдими?
- Умуман олганда, йиғиндан ҳам, унинг ташкилий томонларидан ҳам қониқдим. Шунингдек, йиғин давомида ҳеч кимнинг жароҳат олмагани ҳам мени хурсанд қилди. Жамоамиз аъзоларидан фақат икки киши тиббий кўрикдан ўта олмади: Зафар Холмуродов ва Шаҳзод Шайманов. Ҳозир бу икки футболчимиз мустақил равишда шуғулланиб туришибди.

- Сизнингча, йиғинда иштирок этган футболчилар яхши ишлашдими?
- Менда ҳеч кимга нисбатан жиддий эътироз бўлмади, шу боис йигитларни табриклаб қўйдим. Тўғри, ҳаммани ҳам машғулотлар пайтида зўр ишлади деб бўлмайди, баъзиларда дангасалик аломатлари ҳамон кўзга ташланиб турибди.

- Жамоа кўригида уч нафар янги футболчи ҳам қатнашди.
- Ҳозирданоқ айтишим мумкин, уларнинг ҳеч бири менда илиқ таассурот қолдирмади. Шу боис уларнинг номини алоҳида тилга олишнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман.

- Нима сабабдан "Машъал"нинг асосий таркиби ўртоқлик ўйини ўтказмади? "Бухоро", "Шўртан", "Локомотив" сингари клублар биринчи йиғиндаёқ назорат баҳслари ўтказишгани ҳақида маълумотлар бор.
- Биласизми, ҳар бир жамоа ўз ҳолатидан келиб чиққан ҳолда мавсумга тайёргарлик режасини ишлаб чиқади. Йиғиннинг биринчи қисмида ўртоқлик ўтказишдан мақсад жамоага янги қўшилган футболчиларни синаб кўриш ҳисобланади. Биз эса жамоамизга тортиб кета оладиган ўйинчиларни кўрикдан ўтказмаганимиз учун ўртоқлик ўйини ўтказиш шартмас деб ўйладик.

- Тайёргарликнинг кейинги босқичи қандай кўринишда бўлади?
- Янги йил байрами ўтганидан сўнг 4 январь куни яна Янгиерда йиғиламиз ва 17 январгача шу ерда шуғулланамиз. Биринчи ҳафтада футболчилар худди ҳозиргидек жисмоний ҳолатга урғу берадиган машқларни бажаришади. Иккинчи ҳафтадан бошлаб эса техник-тактик ҳаракатларни ривожлантирадиган машғулотларни бошлаймиз. Учинчи йиғинимиз эса 20-31 январь оралиғида Тошкентда бўлиб ўтади. Ана шу йиғин давомида бемалол ўртоқлик ўйинлари ўтказсак бўлади.

- Одатдагидек, "Машъал" бу йил ҳам Туркия сафарига йўл оладими?
- Олий лига баҳслари 15 мартдан кейин бошланишидан хабар топгач, февралнинг охиригача Туркияда йиғин ўтказишни лозим топдик. Режамизга кўра, 10-28 февраль кунлари Туркияда шуғулланамиз. Қайтиб келганимиздан сўнг тайёргарликнинг охирги қисмини ё Янгиерда ёки Муборакда давом эттирамиз. Бу энди қуръа натижаларига кўра, 1-турни қаерда ўтказишимизга боғлиқ.

- Таркиб бўйича қандай режаларингиз бор?
- Афсуски, клубимиз сафини икки нафар яхши футболчи тарк этди. Булар – Фозил Мусаев билан Ботир Қодирқулов. Умуман олганда мени барча чизиқлар ташкишга соляпти. Чунки бизда ҳар бир позиция бўйича муаммолар бор. Бу муаммоларни ёпиш учун ПФЛ томонидан легионерлар бўйича белгилаб қўйилган 3+1дан тўлиқ фойдаланишни мўлжаллаб турибмиз. Агар мавсум бошигача сафимизни бир нечта иқтидорли ўйинчилар билан тўлдира олмасак, бизга янги чемпионатда жуда қийин бўлади.

- Муаммоларни ёш ўйинчиларга ишонч билдириш орқали ёпса бўладими?
- Гап шундаки, ёшларда футбол ўйнашга бўлган иштиёқ кучли, бироқ уларда тажриба ва кетма-кет бир хил ўйин кўрсатиш етишмайди. Улар бир ўйинда зўр ҳаракат қилса, кейингисида умуман кўринмай қолишлари мумкин. Олий лигада юқори ўринларни эгаллашни истар экансан, таркибда кучли футболчиларни жамлашингга тўғри келади. Сизга айтсам, ҳозирги таркиб билан жиддий вазифаларни бажара олмаймиз. Таркибни кучайтириш учун эса катта пул сарфлаш талаб этилади. Лекин афсуски, жамоамизнинг ҳозирги молиявий аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмас.

- Легионерлардан кимлар қайтади?
- Фақат икки футболчи – Игорь Петкович билан Алик Ҳайдаров. Павел Давидов, Дарко Станоевич, Мадиёр Мўминов сингари ўйинчиларга аллақачон жавоб бериб юборганмиз. Бу икки ўйинчи сафимизга келиб қўшилгач, бизда яна икки нафар хорижликни таклиф этиш имкони қолади. Кўрамиз, агар ҳаммаси жойида бўлса янги легионерларни чақирамиз.

- Олий лигамизда кейинги йилдан легионер дарвозабонлар бўлмайди. Бунга муносабатингиз?
- ПФЛ легионерлар лимитини қисқартириб тўғри йўл тутган бўлиши мумкин, аммо қайси позицияга ўйинчи олиб келишни клубларнинг ўзига қўйиб бериш керак деб ўйлайман. Ўйлайманки, Ўзбекистон чемпионатида легионер дарвозабонларнинг бўлмаслиги чемпионат савиясига ошишига хизмат қилмайди. Бу менинг шахсий фикрим.

- Санжар Қувватовнинг олимпия терма жамоамиз билан кўплаб йиғинларда иштирок этиши кутиляпти. Шундай экан, клубда унинг ўрнини ким босади?
- Бу ҳам биз учун муаммо бўлиб турибди. Ўткир Юсупов ҳозирча олий лига даражасига тайёр эмас. Шу боис ҳам "Навбаҳор"дан Ботир Носировни чақиришга тўғри келади. Носиров ўйнаб кета оладими-йўқми, бу ҳақда шеч нарса дея олмайман. Шунингдек, биринчи лигадаги фарм-клубимиздан Ғанишер Холмуродовни ҳам чақириб кўрамиз.

- Навбатдаги чемпионатда "Машъал" олдига қандай мақсад қўйилади?
- Бу ҳақда яхшиси клуб раҳбарлари бош қотиргани маъқул, чунки таркибни кучайтириб олишимиз учун раҳбарият томонидан ҳеч қандай молиявий дастак бўлмади. Айтсам ишонмайсиз, ҳаммаси жойида бўлса 2012 йил чемпионлик учун курашамиз деб ўйлагандим, бироқ бунинг учун ҳеч қандай иш қилинмади. Ёки бошқача айтганда, бу йилги трансфер сиёсатимиз барбод бўлди.

- Янги мавсумда кимларга кўпроқ ишонч билдирасиз?
- Табиийки Аббос Шодмонов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Ихтиёр Тошпўлатов, Жаҳонгир Абдумўминов каби маҳаллий ёшларга. Олдимда турган асосий вазифалардан бири ўзбек футболи учун ёшларни тарбиялаб бериш ҳисобланади.

- Самандар Шодмонов "Машъал"га қайтадими?
- У "Насаф"га тегишли, шундай экан бу борада ҳеч нарса дея олмайман. Мен Самандарни бир неча йилдан бери биламан, яхши футболчи. Бироқ у "Насаф"да қолиб, захирада ўтириб бўлса-да кўпроқ пул топишни хоҳлаяпти.

Манба: fcmashal.uz

Манба: fcmashal.uz
Киритилди: 16:57, 02.01.2012.
Ўқилди: 34125 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.