"Бунёдкор" машғулотларида иштирок этаётган нигериялик Иброҳим Томива «Ҳоким Кубоги»да ҳали ўз ҳисобига гол ёзиб қўймаган бўлсада, ўзининг кутилмаган қарорлари ва зарбалари билан рақиб ўйинчиларини шошириб қўйгани рост. Бугун бўлиб ўтадиган «Нефтчи-2»га қарши баҳс олдидан ҳужумчининг фикрлари билан қизиқдик.
- Мусобақа доирасида иккита ўйинда майдонга тушдик. Биринчи баҳсда жамоавий ўйинимиз «ўхшамади». Майдоннинг ҳолатиданми ёки рақибни даражасиданми, ҳаракатларимиз қовушмади. Ўйнадик, лекин ўхшамади, бу руҳият билан ҳам боғлиқ. Иккинчи учрашувда энди ҳаммаси изига тушди. Футболчилар майдонда борини бериб ҳаракат қилди ва ўйинимиз ҳам қовушди. Агар ҳамма беллашувда шундай ҳаракат қилсак бемалол кўзланган мақсадга эриша оламиз. «Бунёдкор» кучли жамоа, таркибда иқтидорли футболчилардан ташқари, тажрибали ўйинчилар ҳам бор. Барча баҳсларда юз фоиз куч билан ўйнасак, биз жуда кучли жамоага айланамиз. Мусобақа учун ажратилган майдоннинг ҳолати ёмон. «Бунёдкор» кўпроқ тўп узатишлар орқали ўйин ташкил қилади. Бундай жамоага ўз-ўзидан яхши майдон керак. Биз иккита учрашув ўтказган майдонинг ҳолати бунга йўл қўймади. Тўп жамоадошингизга етиб бормайди, сакраб кетади. Натижада ўзимиз хоҳлаган ўйинни намойиш қилишни қийналяпмиз.