Миланнинг "Интер" клуби сардори Хавьер Занеттининг таъкидлашича, 2012 йил жамоа учун омадли келади. Бу ҳақда Football Italia интернет нашри хабар бермоқда.
"Иштирок этаётганимиз барча мусобақаларда муваффақиятга эришишимиз учун бизда барча имкониятлар бор, деб ҳисоблайман. Италия чемпионатида рақибларимиздан бироз ортда қолмоқдамиз, аммо сўнгги ғалабалар ўзимизга бўлган ишончимизни оширди. Янги йилни муваффақиятли бошлашимизга умид қиламан. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Йил клуб учун ғалабали якунига етиши учун биз барча фронтларда бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз керак бўлади", деди аргентиналик фахрий.
"Биз мураккаб бир даврни бошдан кечирдик, аммо ҳозир яна эски ўрнимизга қайтмоқдамиз. Муваффақиятсизликлардан ўзимизга керак бўлган хулосаларни чиқариб олдик ва буларнинг бари келажакда янги марраларни эгаллашимизга кўмак беради, деб умид қиламан", деди "Интер" етакчиси.
Бугун Италия чемпионатида иккинчи давра ўйинлари старт олади. Занетти бўлажак рақиб - "Парма" ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашаркан, ушбу баҳс "Милан"га қарши дерби олдидан тайёргарлик вазифасини ўташини айтиб ўтди.
"Парма" жуда мураккаб рақиб. Бу жамоа бизнинг ҳужумчиларимизга етарлича ташвиш туғдира олади. Бироқ биз ғалаба қозонишни, йилни муваффақият билан бошлашни хоҳлаймиз. Ушбу баҳс бизни "Милан"га қарши дербига тайёрлаши керак", деди "Интер" ҳимоячиси Хавьер Занетти.
Эслатиб ўтамиз, "Интер" Италия чемпионатида 16 учрашувдан сўнг 26 очко тўплагани ҳолда 5-ўринда бормоқда ва мусобақа пешқадамлари - "Милан" ҳамда "Ювентус"дан 8 очкога ортда қолмоқда. Италия Кубогида жамоа 1/8 финалга етиб келган бўлиб, Раньери шогирдлари 20 январь куни "Женоа"га қарши чорак финал йўлланмаси учун майдонга тушишлари керак.
"Интер", шунингдек, Европа Чемпионлар лигасининг баҳорги баҳсларига ҳам йўлланма олган бўлиб, мусобақа нимчорак финалида Фрацниянинг "Марсель" жамоасига қарши баҳс олиб боради.