Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо "AS" нашрига берган интервьюсида Испания чемпионатида ғолиб чиқмоқчи эканлигини айтиб ўтди.
"Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишни ҳамма хоҳлайди. Аммо ушбу мусобақада, баъзан, ғолибликка лойиқ бўлмаган жамоа ғалаба қозонади. Шунчаки, Чемпионлар Лигасида аслида бўлиши керак бўлмаган воқеалар содир бўлади", деди португалиялик мутахассис.
"Ла Лигада эса ҳақиқатан ҳам ғалабага лойиқ бўлган жамоа ғолиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳаммасидан ҳам кўпроқ айнан шу мусобақада ғолиб чиқиш истаги менда айниқса кучли", деди "Реал" устози.
"IFFHS ўтган йил якунига кўра Гвардиолани энг яхши мураббий деб тан олгани ҳақида қандай фикрдаман? У бу номга лойиқ. Аммо у совринни мен каби узоқ кутиб қолмаслигига умид қиламан. Мен 2010 йилда худди шу номга лойиқ кўрилгандим, аммо менга ҳеч нима совға қилишгани йўқ", деди Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо.
Эслатиб ўтамиз, Жозе Моуриньо 2009/2010 йилги мавсум якунига кўра, Италиянинг "Интер" жамоаси билан биргаликда, Италия Чемпионати ва Кубоги, шунингдек, Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққанди.
Мадриднинг "Реал" жамоаси 16 учрашувдан сўнг 40 очко тўплагани ҳолда Испания Ла Лигасида пешқадамлик қилмоқда. Жамоанинг энг яқин таъқибчиси ҳисобланган "Барселона" 16 учрашувдан сўнг 37 очко тўплаган.