Италия нашрларида тарқатилган хабарларга кўра, "Манчестер Сити" "Милан"нинг Тевес бўйича таклифини, таклиф футболчининг клубини қониқтирмагани учун рад этган. Бу ҳақда Football Italia интернет-нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, "Милан" вице-президенти Адриано Галлиани бу ҳафта Бразилияга сафар қилиб, Тевес ва унинг агенти Киа Журабчян билан учрашиб, футболчи билан шартнома шартларини келишиб олган. "Манчестер Сити" футболчини, агар "Милан" мавсум якунига кўра Тевесни сотиб оладиган бўлса, ижарага беришга ҳам тайёр эди. Аммо "Милан"нинг таклифида Тевеснинг 24 миллионлик хариди аргентиналик футболчи мавсумнинг қолган ўйинларидан 50 фоизида майдонга тушсагина амалга ошиши мумкинлиги қайд этилганди. Бу нарса "шаҳарликлар"га маъқул келмаган.
"Сити" "Милан"нинг Тевес бўйича таклифига рад жавобини беришга тайёр", деди Италиядаги трансферлар бўйича мутахассис ҳисобланган Жанлука Ди Марцио "Sky Sport Italia"га берган интервьюсида.
Италияликнинг мутахассиснинг фикрича, футболчи ва унинг клуби ўртасидаги зиддиятдан фойдаланиб, "Милан" асосан матбуот орқали ҳаракат қилишга интилаётгани "Манчестер Сити"га ёқмаяпти. Шунингдек, Тевеснинг ҳам инглиз клуби учун молиявий жиҳатдан кам фойда берадиган шартномага рози бўлиши ҳам "Сити" раҳбариятига маъқул эмас.
"Шунинг учун ҳам "Сити" раҳбарияти Тевес учун ҳеч бир шубҳасиз 25 миллион евро тўлашга қодир бўлган "Интер"нинг ёзма мурожаатини кутмоқда. Энди ҳаммаси россонериларнинг ўзига ёки "Интер"нинг таклифига боғлиқ бўлиб қолган", дейди Ди Марцио.