"Барселона" ҳимоячиси Херард Пике Испания чемпионати 18-туридан ўрин олган "Эспаньол"га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, юзага келтирилган вазиятлардан фойдаланилмагани қимматга тушганини айтиб ўтди. Бу ҳақда Испаниянинг "AS" газетаси хабар бермоқда.
"Эспаньол" ва "Барселона" ўртасидаги Каталония дербиси 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунига етди. Учрашувнинг 16-дақиқасида Фабрегас ҳисобни очган бўлса, 86-дақиқада Васкес ҳисобни тенглаштириб, "Эспаньол"ни мағлубиятдан қутқариб қолди.
"Ғалабани қандай қилиб қўлдан чиқарганимизни тушуниш қийин. Иккинчи бўлимда биз ўйинни тўлиқ назорат қилиб бордик. Ўйиннинг сўнгги тўрт дақиқаси ичида тўп ўтказиб юбориш - ҳар доим ҳар қандай жамоага оғирлик қилади", деди Пике.
"Бизда яна бир бора гол уриш учун бир неча вазиятлар бўлди. Вазиятлардан фойдаланиш устида биз янада кўпроқ ишлашимиз керак. Энди "Реал"дан беш очкога орқада қолмоқдамиз. Вазият янада мураккаблашди, аммо ҳали ҳаммаси олдинда", деди "Барселона" ўйинчиси.
"Ҳакамнинг ҳаракатлари ҳақида нима дейишим мумкин? Уларнинг иши ҳар доим муҳокама қилинади. Ўйин сўнггида у тўпнинг ҳаракат траекториясини кўрмай қолган бўлиши мумкин. У ерда одам кўп эди. Ўйлашимча, ҳакам ўйин давомида, худди биз каби, атиги бир марта хатога йўл қўйди", дея қўшимча қилди "Барселона" ҳимоячиси Херард Пике.