«Спартак»нинг ўзбекистонлик ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов ижара асосида «Уфа»га йўл олди.
20 ёшли футболчининг ижараси уфаликлар учун 5,5 миллион рублга тушади, дея хабар қилмоқда Metaratings.
Ўрунов майдонга тушган ҳар бир ўйинда бу миқдор 400 минг рублга қисқариб боради — унда футболчи камида 45 дақиқада ўйнаши лозим бўлади. Мавсумига 600 минг еврони ташкил қиладиган Ўруновнинг маошини «Уфа» тўлайди. Шунингдек, бошқирдистонликларда футболчини 3 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи мавжуд бўлади.
Бироқ москваликлар собиқ бош директори Шамил Газизов аввалги шартномада кўрсатилган улушдан воз кечадиган бўлса, трансфер қиймати камайиши мумкин. Аввалроқ агар «Спартак» Ўруновни 1 миллион евродан кўпроқ миқдорга сотиладиган бўлса, Газизов 1 миллиондан ортган миқдорнинг 50 фоизига эга чиқиши маълум бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўрунов «Спартак»га айнан «Уфа»дан йўл олганди.