"Интер" президенти Массимо Моратти "Манчестер Сити" ҳужумчиси Карлос Тевеснинг Милан клубига ўтиши ҳақидаги гап-сўзларга ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда Football Italia интернет-нашри хабар бермоқда.
Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси учун айни вақтда, "Интер"дан ташқари, "Милан" ҳам кураш олиб бормоқда. Аммо россонериларнинг таклифи инглизларни қониқтирмаяпти. Италия нашрларига кўра, "Милан" вице-президенти Тевес билан шахсий шартнома масаласида келишиб олган, аммо "Манчестер Сити" футболчини ижарага бермоқчи эмас. "Интер" эса, "Сити" хоҳлаганидек, футболчини сотиб олмоқчи.
"Биз Тевес учун жиддий кураш олиб бормоқчимиз, чунки ушбу трансфер жамоа фойдасига ишлайди, деб ҳисоблаймиз. Тевес билан боғлиқ вазият қандайлигидан хабардормиз ва аргентиналик футболчи учун курашга қўшилишимиз мумкинлигини тушундик. Кўрамиз, бундан нима чиқаркан", деди "Интер" хўжайини.
"Трансфер ойнаси ёпилишигача ҳали яна 20 кун бор. Карлосни жамоамизга олиб келиш бўйича имокниятларимизни оптимистик баҳолайманми? Биз воқеалар ривожини кузатамиз, бу ерда оптимизмга ҳеч бир ўрин йўқ", деди "Интер" президенти Массимо Моратти.