Бразилиядаги афонавий «Маракана» стадиони қайта номланади.
Рио-де-Жанейро ҳукумати овоз бериш жараёнларидан кейин ўйингоҳни Бразилия терма жамоаси ва «Сантос» клуби собиқ ҳужумчиси Пеле номи билан аташ қарорига келган.
Стадион «Эдсон Арантис ду Насименту — Қирол Пеле» номи билан аталади.
2021 йилда 80 ёшни қарши оладиган Пеле фаолиятидаги 1000-голини айнан мана шу стадионда урган. Бу воқеа 1969 йилда бўлиб ўтган «Сантос» — «Васко да Гама» учрашувида содир бўлганди.
«Маракана»нинг бундан аввалги расмий номи «Журналишта Мариу Филю» эди — аренани қуриш лойиҳаси тасдиқланишида фаоллик кўрсатган журналист шарафига номланган.
Пеле Бразилия терма жамоаси сафида уч марта Жаҳон Чемпионлигини қўлга киритган.
Ўз вақтида 200 мингга яқин томошабинни бағрига сиғдирган (ҳозирда сиғими 78,8 минг) машҳур ўйингоҳ 1950 йилда барпо этилган. Унда Бразилия терма жамоасидан ташқари «Фламенго» ва «Флуминенсе» каби клублар уй ўйинларини ўтказади. Шунингдек, «Ботафого» ва «Васко да Гама» клублари ҳам катта ўйинларни айнан шу стадионда ўтказади.
Аввалроқ «Наполи»нинг уй стадиони «Сан-Паоло» Диего Марадона хотирасига атаб қайта номланганди.