Мен учун Роналдиньодан сўнг бутун бошли футбол ўзининг энг ёрқин рангларидан бирини йўқотган. Ҳа, "афсунгар"нинг интиҳоси, бошқа икки даҳо ибтидосига уланиб кетди. Ва омма кўп нарса йўқотмагандек ҳам бўлди, гўё. Аммо, мен ўша йўқотганим рангни кейин кўрган минглаб ўйинларимда учратмадим. Балки, бу менинг нуқсонимдир. Билмадим!
Нима бўлган тақдирда ҳам, Роналдиньо ўзгача шахс эди. Тўғри, у ўта қисқа вақт порлаб турди. Бугунги буюкларнинг буюклиги барқарор ва мунтазамлигидан. Лекин, айтайлик, унинг 4 йиллик юксак даражадаги ҳаракатлари, бугунгиларнинг 14 йиллик ҳаракатларидан қадрлироқ менга (муболаға десангиз ҳам ранжимайман).
Сабабият қонунига кўра албатта бир воқеа иккинчисига турки бўлади. Менинг Рони билан танишувим сабаби ҳам бор албатта! Бу - "Футбол плюс". Йўқ-йўқ! Ҳозирги эшиттириш ёки онлайн кўрсатув эмас. Ўша иккимингинчи йиллар аввалидаги "Футбол плюс".
Хайрулла Ҳамидов ҳар бир кўрсатув якунида голлар ўнлигини эълон этарди. Сонларининг бирида юқоридаги гол энг чиройли деб топилганди. Кўрсатув муаллифи гол муаллифини яқин орада ўта ёрқин келажак кутаётгани ҳақида айтгани ёдимда. Тахминлар ўзини оқлади ва бразилиялик футболчи ўз ўйини билан миллионлаб мухлисларни кейинги 4--5 йил давомида зақлантирди. Шунинг учун ҳам Хайрулла ака тузадиган голлар ўнлиги мен учун қадрли. Бу мумтоз эпизодни бугун "14-Ҳудуд"да ҳам кўриш мени мамнун этади. Тўғрида! Футболда йиллар давомида қоидалар ўзгарса ҳам, ҳеч ўзгармайдиган нарсалар ҳам бор. Масалан, тўпнинг шакли. Уни ўзгартириб фойда топилмаганидек, Хайрулла ака ҳам бу мумтоз ва айни дамда муҳташам эпизодни сақлаб келмоқда. Бунинг учун ундан миннатдорман!
Хурсандлигимнинг бўлак сабаби бор-ки, юқорида айтганимдек, бу сабаб Роналдиньога боғлик. Айни ўнлик менга уни яқиндан танитди. Бугун ҳам "14-Ҳудуд" эфири бошланар экан беихтиёр экран қаршисига келиб, ўзим учун янги Роналдиньони кашф этишни истаб қоламан!
Қачондир янгиси чиқармикан, нима дейсиз?!
Ориф Толипов.