Озарбойжон футзал терма жамоаси халқаро мусобақанинг илк турида Ўзбекистонни мағлубиятга учратганидан хабарингиз бор. 3:2 ҳисоби билан тугаган ўйинда мезбонларнинг бразилиялик футболчиси Алвес Эдиглеусон битта гол уришга муваффақ бўлди. Ўйиндан кейин футзалчи www.azerisport.com мухбирига қисқача интервью берди.
- Терма жамоа қандайдир ишончсиз кўринди...
- Биз ёмон ўйнадик деб ҳисобламайман. Боз устига, биз атиги бир неча кун аввал машғулотларга киришдик. Табиийки, биз ҳали тўла тайёр эмасмиз. Шунингдек, рақибнинг кучига ҳам тан бериш керак.
- Кейинги турда Туркияни мағлубиятга учратган жамоа - Украинага қарши ўйин кутиб турибди.
- Агар бу ўйин дуранг билан тугамаса, ўйин мусобақа ғолибини аниқлаб берса керак, деб ўйлайман. Ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Умуман олганда мусобақага Евро-2012га тайёргарлик сифатида қараган маъқул.
- Яхши тайёргарликни давом эттириш учун мазкур мусобақада ғолиб чиқиш керак эмасми?
- Албатта, бу қўшимча ишонч беради. Ўтган йили Озарбойжон мусобақа ғолибига айланганди. Бу сафар ҳам буни амалга оширса бўлади.
- Икки ҳафтадан кейин бошланадиган Еропа чемпионатига тайёр бўласизларми?
- Биз биргаликда энди ўйнаётганимиз йўқ. Чемпионат бошланишига тайёр ҳолатда бўламиз. Ҳозирги мусобақа орқали Европа чемпионатининг Португалияга қарши илк ўйинига қадар юқори савияга чиқиб оламиз. Португалияликлар мусобақа фаворитларидан бири ҳисобланишади. Демак, барчасига тайёр бўлишимиз керак.
- Озарбойжон терма жамоасида ўйнамаганингизга анча вақт бўлганди.
- Мен учун жонажон бўлиб қолган жамоага яна қайтганимдан хурсандман. Қайтишимни гол билан нишонлаганим икки баравар қувончли.
- Машад Нильсоннинг ўрнини боса оласизми?
- Мени Машаднинг ўрнини босиш учун чақиришди, деб ўйлайман. У жамоада ўз вазифасини бажарганди, мен ўз ишимни қиламан. Мен Озарбойжон терма жамоасига ёрдам бериш учун келдим.