«Барселона» эмас, айнан «Реал» таркибда кўплаб сюрпризлар билан майдонга тушди. Ўзилнинг захирада қолгани-ку, майли, Ҳамит Алтинтўпнинг ўнг қанот ҳимоясида майдонга тушиши ҳақиқатан ҳам кутилмаган эди. Шунингдек, Карвальюнинг майдонга қайтиши, марказда биратўла учта бузғунчи - Пепе, Алонсо, Диарранинг жой олиши фақат битта мақсадни ифодаларди - «Реал» тўп ўтказмоқчи эмас.
Плей-оффларда бу жуда қўл келади. Ҳатто биринчи ўйинда ўз майдонида 0:0 ўйнаган клуб жавоб ўйинида катта руҳий устунлик билан майдонга тушади. Айниқса, бу жамоа тезкор ва қарши ҳужум бўйича дунёнинг энг яхшиси бўлса... Мақсад маълум, биринчидан, ҳимояда имкон қадар тажрибали футболчилар жой олган - тезлик ёки яккакурашларда эмас, позицион ҳаракатланиш орқали «Барса» ҳужумларини ёпиш. Алтинтўпнинг «қовунлари» позицион мағлубият эмас, айнан Иньеста билан яккакурашлардаги ожизлик эди холос. Бу ўзига хос «дон сепиш» вазифасини ҳам ўтади - «Барса» кўпроқ ўша қанотга ўтиб кетаверади, қанотдан уюштириладиган ҳужумни ёпиш эса, марказдагидан кўра нисбатан осон. Хавфли Иньеста эса бу қанотдагиси эмас!
Иккинчидан, марказда жисмоний бақувват ва яккакурашларда кучли футболчилар билан зичлик уюштириш орқали Месси ва Фабрегасга тезлик олишга имкон бермаслик, қанот билан кўпроқ ҳужумчилар шуғулланишади.
Учинчидан, ҳужумлар иложи борича тезкорлик билан, Роналду, Бензема ва Игуаинларнинг тезлиги эвазига амалга оширилади. Тўпни сақлаб туриш ва назорат қилишга ортиқча вақт сарфланмайди. Гол ҳам айнан «Реал»нинг классик ҳужумидан сўнг юзага келди. Бензема марказдан туриб ўз қанотидан олдинга ташланган Роналдуни топди. Икки ҳимоячи қаршисида қолган Роналду ўзига хос финт билан чап томондан кириб борди ва чап оёқда зарба бериб, Пинтони «ўн беш тийинга қарз қилиб қўйди» - 1:0
Таймнинг қолган дақиқаларида меҳмонлар тўпга эгалик қилган ва бир нечта хавфли вазиятлар юзага келтиришган бўлса-да, «Реал»нинг режаси асосида ўтди. Яъни киритилган гол жамоанинг режасига катта ўзгартиришлар киритмасди. Фақат олдинги ўйиндан фарқли равишда, бу сафар «Реал» ақллироқ ҳаракат қилди. Эмоция билан олдинга ташланмади, чарчаб қолмади. Хотиржамлик билан ҳимояланиш ва рақиб дарвозасига хавф солиб туришни эплай олди.
Агар Пуйолнинг голи бўлмаганда, мезбонларнинг руҳий устунлиги ва бу руҳият тақдим этаётган улкан жисмоний куч учрашув охиригача етиши мумкин эди. Яна олдинги ўйиндагидек, эпизод ўйиннинг бурилиш нуқтаси бўлди. Воқеалар ривожига таъсир ўтказди. Пуйолнинг бурчак тўпларида қанчалик хавфли эканини биз ЖЧ ярим финалида кўрганмиз. Испаниядан эслайдиган бўлсак, ўша 2:6 ҳисобида якунланган учрашувда ҳам Пуйол боши билан Касильяс дарвозасини ишғол қилганди. Воқеа такрорланди. Хавининг тўп узатиши. Рамос Пикени қувиб кетди. Пепе Пуйолга кеч қолди - 1:1.
«Реал» ниманинг ҳисобига рақибига бас кела олмаяпти?
Биласизми, бундай ўйинларда нафақат тактик ва жисмоний жиҳат, балки воқеалар ривожи устидан ҳоким бўлиш ҳам катта аҳамият касб этади. "Реал"да юқори савиядаги юлдузлар йиғилган. «Реал»да рақибини мағлуб этиш учун етарли пойдевор бор. Лекин қачон? Қачонки, воқеалар ривожи мос келса. Хавфли вазиятларни «Хетафе» ҳам ярата олади, ҳар доим ўйинда бурилиш ясай олиш, ҳеч бўлмаса, «Барселона»ни ғалаба қозонишга лойиқ ўйин кўрсатиш учун эса майдонда «ақл» керак бўлади!
«Реал» Моуриньо кўрсатмаларини тўлиқ бажараётгандир. Схема, тактика, стратегиялар иш бераётгандир. Аммо ўйинга руҳ киритиш учун импровизатор футболчилар майдонда кўпроқ бўлиши керак. Мураббийнинг кўрсатмасидан ташқари, майдоннинг ўзида «мия» керак. Масъулиятни ва хатони ўз бўйнига ола биладиган ҳақиқий «реалстар» керак! Борми? Қани? Хафа бўлманг-у, ҳозирги «Реал» ўша Ди Стефано-ю Раулларнинг издошлари эмас, Моуриньонинг шогирдлари эдилар холос. Ғалаба ҳам, мағлубиятлар ҳам кўпроқ Моуриньоники! Ҳеч ким «Эл Классико»нинг қадрини англаб етмаган. Йўқ, бу «Реал» эмас!
Оддий мисолни Англиядан келтираман. «МЮ» нега Снайдерни сотиб олмайди? Керакмасми ё пул йўқми? Истамайди. Сабаби, «МЮ» четдан юлдузга муҳтож бўлиб қолиши мумкин эмас. Муаммоларни трансфер орқали ҳал қилиш, жамоа тизими тўлиқ тўғри йўналишда эмаслигини англатиб қўяди. Ҳа, майли.
Гвардиола энг масъулиятли дамда Фабрегасни олиб, ёш Куэнкани майдонга тушираётгани - бу катта нарса. Бу «Реал» ҳатто ўз майдонида мағлуб бўлаётиб ҳам, босим уюштира олмаганлигига яққол исботдир. «Реал»да олдинга бориш, ташаббусни қайтариб олиш учун ҳеч нарса йўқ эди. Майдонда алоҳида футболчилар, ижрочилар югуриб юрганди. Уларни фақат мураббий кўрсатмасигина ўйнатарди холос. Балки куч Кака бўлиши мумкин эди. Балки Ўзил. Балки улар майдонга тушганида ҳам мағлубиятга учрашарди, ўшанда ҳам Моуриньо танқид қилинарди. Бу жиҳатдан Моуриньонинг ўша матбуот анжуманидаги сўзлари ҳақ - «нима бўлса ҳам мени танқид қилишади!»
Танқиддан қутулиб қолишнинг ягона йўли эса ғалаба қозониш эди. Иньестани қанотга чиқариб ташлаган «Реал» ҳимоячилари Абидални пайқамай қолишди. Ўша ўйин (2:6) эсингиздами? Месси худди шу шаклда Анрини қулай вазиятга чиқарганди. Абидал ўша ҳамюрти сингари чиройли ҳаракат қилмади. Аммо гол уришни эплади - 1:2.
Уёғига, ҳисобнинг мезбонлар фойдасига ўзгаришини тахмин қилиш қийин эди. Юқорида айтилганидек, майдонга Куэнкалар туширила бошлаганди. Футболчилар бир-бирларини тепиб, бир бирларига симулация қилишга ўтиб олгандилар.
Гап кубокда, ёки чемпионатда кимнинг имконияти кўплигида ёки кейинги ўйинда вазият ўзгариши мумкинлигида эмас. Хуллас, «Реал» «Сантьяго Бернабеу»да яна мағлубиятга учради. Дарвоқе, ҳақли равишда. Мана буниси энг ёмон.
Қ.АСЛАНОВ
ИСПАНИЯ КУБОГИ. 1/4 ФИНАЛ. ДАСТЛАБКИ УЧРАШУВЛАР
РЕАЛ МАДРИД – БАРСЕЛОНА 1:2 (1:0)
Голлар: 1:0 – Роналду (11), 1:1 – Пуйоль (49), 1:2 – Абидаль (77).
РЕАЛ МАДРИД: Касильяс, Рамос, Карвалью, Пепе (Гранеро, 80), Коэнтрау, Алонсо, Л.Диарра (Ўзил, 66), Ҳамит Алтинтўп, Игуаин (Кальехон, 66), Бензема, Роналду.
БАРСЕЛОНА: Хосе Пинто, Дани Алвес, Пике, Пуйоль, Абидаль, Бускетс, Иньеста, Хави (Алькантара, 86), Фабрегас (Куэнка, 87), Санчес (Адриано, 81), Месси.
Огоҳлантиришлар: Пепе (17), Пике (20), Бускетс (55), Коэнтрау (60), Кальехон (69), Пуйоль (79), Карвалью (87).
АТЛЕТИК – МАЛЬОРКА 2:0 (1:0)
Голлар: 1:0 – Льоренте (35), 2:0 – Муниаин (59).
АТЛЕТИК: Ирайсос, Ираола (Иньиго Перес, 46), Ауртенече, Аморебьета, Итурраспе, Хави Мартинес, Де Маркос, Андер (Сан Хосе, 87), Сусаета (Токеро, 89), Муниаин, Льоренте.
МАЛЬОРКА: Калатаюд, Касерес, Нунеш, Рамис, Сендрос, Кастро (Нсуэ, 66), Тиссоне (Х. Марти, 56), Жоао Виктор, Перейра, Виктор, Хемед (Альфаро, 46).
Огоҳлантиришлар: Льоренте (10), Сендрос (45), Тиссоне (48), Нунеш (55), Перейра (58), Муниаин (77), Жоао Виктор (86).
ЭСПАНЬОЛ – МИРАНДЕС 3:2 (0:1)
Голлар: 0:1 – Арройо (28), 0:2 – Пабло Инфанте (78), 1:2 – Вайсс (85), 2:2 – Руй Фонте (87), 3:2 – Верду (89).
ЭСПАНЬОЛ: Касилья, Форлин (Баена, 77), Морено, Хорди Амат, Дидак (Руй Фонте, 68), Верду, Ромарик, Хави Лопес, Вайсс, Бифума, А. Васкес (Альбин, 40).
МИРАНДЕС: Перес, Канеда, Корраль, Р. Гарсия, Гармендия, Мунета (Начо Гарро, 64), Мартинс, Ирибас, Мухика (Ламбарри, 68), Пабло Инфанте, Арройо (А. Бланко, 76).
Огоҳлантиришлар: Мартинс (41), Форлин (72), Корраль (85), Ирибас (86).
ВАЛЕНСИЯ – ЛЕВАНТЕ учрашуви пайшанбадан жумага ўтар кечаси 01:30 да бошланади.