Бугун - 20 апрель санасидан эътиборан мамлакат футболида нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи Ўзбекистон кубоги мусобақасининг иккинчи раунд баҳсларига старт берилади. Гуруҳ босқичи баҳслари бошланади.
Ўзбекистон кубоги мусобақасининг XXIX тўққизинчи мавсуми 28 март санасида старт олганди. Биринчи босқич гуруҳ ўйинларига саралаш босқичи вазифасини ўтаб берди ва унда 1-лига жамоалари ўз омадларини синаб кўришди. Аслида битта йўлланма учун бошланган саралаш босқичи якунида биз гуруҳ ўйинларида қатнашувчи учта бахтли жамоанинг номини билиб олдик. Гуруҳ ўйинларига тўғридан тўғри йўл олган саралаш ўйинлари ғолиби – “Рубин” жамоасидан ташқари ОЧЛ гуруҳ ўйинларига йўлланма олган АГМК биринчи лиганинг бошқа бир клуби – “Зомин”га кубок эшикларини очиб берди. Молиявий инқироз туфайли Про лига ҳамда Ўзбекистон кубогининг гуруҳ ўйинларидан чиқиб кетган “Истиқлол” ўрнини Тошкентда “Чиғатой”ни доғда қолдирган – “Ғиждувон” эгаллади.
II босқич тартиби ҳақида кеча қисқача маълумот бергандик. 24 та жамоа 6 та гуруҳга тақсимланган. Битта даврали тизимда ўтувчи гуруҳ мусобақасида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар 1/8 финалга йўлланма олишади. ОЧЛ иштирокчилари – “Пахтакор” ва АГМК баҳсларга учинчи босқичдан қўшилади. Шунингдек, нимчоракни гуруҳ ўйинларида энг яхши кўрсаткич қайд этган – учинчи ўринни эгаллаган жамоаларнинг иккитаси тўлдиради.
Сўнгги ҳал қилувчи учинчи босқич ўйинлари олимпия тизимида ўтказилади. Ҳар битта босқичдан сўнг рақиблар қуръа ташлаш йўли орқали аниқлаб борилади.
Энди, қисқача Ўзбекистон кубоги мусобақаси тарихи ҳақида. Айнан шу ном остидаги баҳслар тарихи узоқ 1939 йилга бориб тақалади. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинган 1991 йилга қадар Кубок мусобақаси 50 бор ташкил этилган. Иккинчи жаҳон уруши бошланган 1941 йилда ва турли сабабларга кўра 1980-81 йилларда ўтказилмай қолинган холос. Ўзбекистон кубогини биринчи қўлга киритган жамоа “Динамо” (Тошкент) бўлса, сўнгги ғолиби – “Инструментальшик” (Тошкент) бўлган. Ғолиблар орасида Тошкент шаҳри ва вилояти вакилларидан ташқари Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Автоном Республикаси клубларини кўришимиз мумкин. Улар орасида Бекободнинг “Металлург” жамоаси ҳам борлиги диққатга сазовор. Индустрия шаҳри вакиллари икки марта – 1985 ва 1990 йилларда Кубокни бошлари узра баланд кўтаришган.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг янгиланган Ўзбекистон кубоги баҳсларига 1992 йилда асос солинди. Мазкур мусобақа ғолиблигини энг кўп қўлга киритган жамоа “Пахтакор” саналади. “Шерлар” 13 марта Ўзбекистон кубогига сазовор бўлишган. Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасига кубок 4 марта насиб этган бўлса, Наманганнинг “Навбаҳор” ҳамда Тошкентнинг “Локомотив” жамоалари 3 мартадан кубок соҳиблари бўлишган. Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси 2 марта, “Дўстлик”, “Насаф” ва АГМК жамоалари 1 мартадан кубокка сазовор бўлишган.
Мазкур жамоалардан ташқари “Темирйўлчи” (Қўқон), “Янгиер”, МҲСК, “Динамо” (Самарқанд), “Трактор” (Тошкент), “Машъал” ва “Шўртан” жамоалари Ўзбекистон кубогининг финалида ўйнаган.
2021 йилги Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви ўтказиладиган шаҳар номи ҳам дастлабки қуръа ташлаш жараёни ўтказилган кунда маълум бўлганди. Бу йил барча йўллар жамоаларни қадимий ва ҳамиша навқирон – Самарқанд шаҳри сари элтади. Финал учрашуви санаси ҳозирча аниқ эмас. Бироқ у мавсум охирроғида Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида ўтказилади.