Кириш Регистрация
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-0 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол
24/11 00:45 Парма - Аталанта
24/11 01:00 Сельта - Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид

Дангасадан чиққан “Роналдо” ёки Луис Муриэлни танийсизми?

Баҳо:
+ | -

«А» сериянинг энг сермаҳсул тўпурари ким? Балки тўпурарлар пойгасининг пешқадами Криштиану Роналдудир? Жорий мавсумдаги 26 учрашувда у 25та гол урди. Португалиялик супермерган ҳар 88 дақиқада навбатдаги голини ўз ҳисобига ёзиб қўймоқда. Бельгиялик Ромелу Лукаку Криштианудан озгина ортда бормоқда: 28та ўйинда 21та гол. Яъни, битта гол учун 106 дақиқа сарфлайди.

Аммо Италия чемпионатида бу икки ёрқин юлдуздан кўра моҳирроқ снайпер ҳам йўқ эмас. Бу - ҳозир 18та гол билан «А» серия тўпурарлари баҳсида 3-ўринда бораётган Луис Муриэль. Унинг ҳар битта голи учун атиги 57 дақиқа тўп суриши етарли. Энг ажабланарли жиҳати шундаки, Муриэль - «Аталанта»нинг асосий ўйинчиси эмас. Колумбиялик ҳужумчи бергамоликлар жамоасида Гасперинининг севимли «жокери» вазифасини адо этмоқда. Мураббий уни иккинчи бўлимда майдонга туширишга одатланган.

Ваҳоланки, Луис келажаги порлоқ иқтидор соҳиби унвони билан анчадан бери тўп суради. 2010 йилда уни футболчиларнинг топ-клубларга парвозида муҳим трамплин вазифасини бажариши билан донг таратган «Удинезе» ўз таркибига жалб этганди. Аввалига фриулияликлар Муриэлни «Гранада» ва «Лечче»га ижарага бериб, маҳоратига сайқал беришди. Кейин 2012|2013 йиллар мавсумида унга «А» серияда тўп суриш имкониятини беришди.

Колумбиялик ҳужумчининг дебюти порлоқ келажакка умид қилса бўладиган даражада самарали кечди: маҳаллий афсона - Антонио Ди Натале билан сермаҳсул жуфтликни ҳосил қилган Муриэль 22 учрашувда рақиблари дарвозаларини 11 марта ишғол этди. Луисдаги кутилмаганда орқа чизиқдан ҳужумга отланиб, рақибларини доғда қолдирадиган юқори тезлик ва техника ўша пайтдаёқ кўпчиликни лол қолдирганди. Удинеликлар сафида янги юлдуз камолга етаётгани аниқдек туюлганди.

Унинг шаънига мақтовлар ёғила бошлади. Шахсан Ди Натале уни сал аввалроқ, 2011 йилда «Удинезе»ни тарк этган Алексис Санчесга қиёслаганди. Колумбиялик ҳужумчининг чилилик касбдоши учун энг муносиб ўринбосар бўлиши кутилганди.

Колумбияда эса Муриэль 90-йиллардаги маҳаллий афсона - Иван Валенсьяно ёнидан жой олди. Колумбия чемпионати тарихидаги сермаҳсул тўпурарларнинг бири бўлган бу ҳужумчи Муриэлнинг қадрдон клуби бўлмиш «Атлетико Хуниор»нинг ўзида 150та гол урганди. Шу ўринда ўта қизиқ бир фактни тилга олмаслик адолатсизлик бўларди: Валенсьяно 1993 йилда ўз имкониятларини айнан... «Аталанта»да, яъни, ёш ватандошининг ҳозирги клубида синаб кўрганди. Бироқ таажжубки, 5 марта майдонга тушганига қарамасдан, бирорта гол ура олмаганди. Шундан кейин афсонавий тўпурар «кўҳна қитъа»ни бутунлай тарк этганди.

Луис эса Европада фақат ўз ўрнини топиш билан кифояланиб қолмади, балки фаолиятидаги энг юксак эътирофга сазовор бўлди. Аниқроғи, уни афсонавий «сўйлоқ» - Роналдога тенглай бошладилар. «Феномен» - нафақат Луис, балки барча жанубий америкалик ёш футболчиларнинг «кумири» эканлигига шубҳа йўқ. Аммо Роналдо ва Муриэлнинг ўйин услублари жуда ўхшаш. Колумбиялик ҳужумчининг дриблинги бразилиялик афсонани эслатади. Чаққонлиги, оёқ ҳаракатлари ва рақибларни лақиллатиб кетувчи гавда ҳаракатлари умуман бир хил. Рақиб ҳимоячиларини ортда қолдиришга мўлжалланган классик ҳужумдаги тезкор рейдлари ҳам. Ҳатто бу икки ҳужумчи жуда ёқтирадиган, кейинги пайтларда деярли учрамай қолган «фишка» - дарвозабонни алдаб ўтиш одатлари ҳам.

Энг ажабланарлиси, Муриэлнинг ташқи кўриниши ҳам бразилиялик афсонани эслатади. Афсуски, бу - ҳикоямиздаги ягона салбий эътироф. Ахир шу туфайли Луис ортиқча вазнга эга. Колумбиялик ҳужумчининг дўмбоққина қорни футболка остида ҳам яққол сезилиб туради. Ўз вақтида «Удинезе»ни бошқарган Франческо Гвидолин колумбиялик шогирдидан ҳеч бўлмаганда бир неча килограммдан воз кечиш талабини қўйган, Луис эса гавдаси азалдан шунақа эканлигини таъкидлаш билан ўзини оқлаганди.

Ҳужумчининг асосий муаммоси - бир қатор қиссаларга сабаб бўлган дангасалик иллати. «Гранада»да тўп сурган даврида жума куни тўшакка ётганича душанба куни тонггача ухлаганини футболчининг ўзи ҳикоя қилганди. «Лекин уйқусизлик мени ҳеч қачон, ҳатто «А» сериядаги дебютим арафасида ҳам безовта қилган эмас», - дея ҳужумчи ўз турмуш тарзига баҳона топганди.

Муриэлнинг «Удинезе»даги икки мавсуми ўта омадсиз кечди: дриблинг шайдосига айланган ҳужумчи ўзининг асосий вазифаси - рақиблари дарвозаларини ишғол этиш мажбуриятини бутунлай унутиб қўйди. 2013|2014 йиллар мавсумидаги 4та гол ва кузги «қурғоқчилик»дан кейин унда «янги Алексис» сийратидан асорат ҳам қолмагач, мутасаддилар Луисни «Сампдория»га бериб юборишди.

Янги жамоада Муриэль ўзини бироз бўлсада, ўнглаб олди. Айниқса, 2016|2017 йиллар мавсумини рисоладагидек ўтказишга муваффақ бўлди: Марко Жампаоло раҳбарлигидаги жамоа энг ёрқин ўйинларини намойиш этган паллада Муриэль-Квальярелла-Бруно Фернандеш учлиги юксак эътирофга сазовор бўлган, Луис ўз ҳисобига 11та гол ёзиб қўйганди. Тўғри, қаҳрамонимиз можарода ҳам ўзини кўрсатишга улгурди: «Удинезе»га қарши беллашувда пенальтини айнан ўзи амалга оширгани етмагандек, голни ўта хурсандчилик билан нишонлагани собиқ жамоадошларининг нафратига сабаб бўлди. Ўзаро орани очиқ қилишга бағишланган тартибсизлик Луис ҳамда удинеликлар сардори Данилонинг майдондан четлатилиши билан ниҳоясига етди.

Шунга қарамасдан, Муриэль яна топ-клублар эътиборини ўзига жалб этди. Унинг ихтиёрида «Ливерпуль» варианти ҳам йўқ эмасди. Бироқ «Севилья» манфаатлироқ шартномани таклиф этиб, рақобатда ғолиб чиқди. Муриэлнинг Андалусиядаги 1,5 мавсуми мақтайдиган даражада ўтмади. Шунингдек, «Фиорентина»даги «сургун» ҳам омадли бўлмади. Ваҳоланки, Луис флоренцияликлар сафида «Аталанта» дарвозасини икки учрашувда уч марта забт этганди - жамоалар «А» серия ва Италия кубоги ярим финалида ўзаро куч синашгандилар. Эҳтимол, айнан шу баҳсларда бу тўпурар Гасперинининг ишончини ўзига қаратгандир. Қолаверса, 2019 йилнинг ёзида ЕЧЛда дебютини нишонлаш тадоригини кўраётган «Аталанта» трансферларга одатдагидан кўпроқ харажат қилиш ниятида эди. Янги харидлардан бири Руслан Малиновский, иккинчиси эса 15 млн. еврога баҳоланган Луис Муриэль бўлди. Шунча маблағдан воз кечиш билан Гасперини қалтис қарорга келганди. Боиси, жамоанинг ҳужум чизиғи марказида Дуван Сапата ишончли тўп сураётганди. Бироқ дебютант илк учрашувдаёқ сармоя зое кетмаганлигини исботлади: СПАЛга қарши беллашувда захирадан майдонга тушиб, «дубл»га эришди. Шу тариқа ўйинга чанқоқ Муриэлнинг захирадан тушиши ва самара келтириши бергамоликларнинг янги қуролига айланди. Аммо Луис муайян вазиятларда бошланғич таркиб аъзоси сифатида ҳам сермаҳсул ўйин кўрсата олади. Бунақа ҳолатларга унинг учун қўшимча мотивацияга эҳтиёж қолдирмайдиган «Удинезе»га қарши беллашувдаги «хет-трики» мисол бўла олади. Мавсумдаги 18та голи эса чинакам парвоз сифатида «Абадий истиқболи порлоқ» ҳужумчини барвақт чиқитга чиқаришганини исботлади.

Гасперини муваффақиятининг сири нимада? Биринчидан, ўйин тактикасида. Муриэль беҳуда дриблингга берилиб кетмаслик мақсадида рақиб дарвозасига яқинроқ ҳудудда ўйнамоқда. Энди у кўпроқ ҳужумларни якунига етказиш ҳақида ўйлайди. Таҳлил натижалари шундан далолат бермоқда. Шунингдек, «Аталанта»нинг жамоавий ақидаси Луисга жуда мос тушди: марказдаги юқори тезлик, вертикал узатмаларнинг кўплиги ва ижодий ёндашув эркинлиги. Бундай шароитда бир зумга Роналдога айланиш ва ўйинга ранг-баранглик бағишлаш мумкин.

Иккинчидан, менталитет. Гасперини ўта инжиқ, Иличич каби шахслар кўнглига йўл топишни билади. Муриэль борасида мураббий уни қўшимча жавобгарликдан озод қилган кўринади. Луисдан жасоратлар кутиб, етакчи бўлишни талаб қилишганида, у ўзига бўлган ишончни йўқотиб қўярди. «Аталанта»да унга «биринчи захирачи» ролини топширишди, сермаҳсул ўйиндек мураккаб юмушни бажариш талабини қўйишди. У эса худди шуни кутгандек хотиржам тўп сурмоқда. Яъни, 8 йил аввал кутилган ўйинни намойиш этмоқда.

Гомес жамоани тарк этган, Иличичга барқарорлик етишмаётган паллада Муриэлда асосий таркибга ўрнашиб олиш имконияти пайдо бўлди. Гасперини олдинги чизиқда тез-тез колумбиялик дуэтдан фойдаланмоқда. Лекин Луисга кўпроқ юклама беришга шошмаяпти. Масалан, «Удинезе»га қарши ўйинда у Муриэлни танаффусдан кейин майдонга туширмади. Ваҳоланки, шогирди «дубль» қайд этганди. Қизиғи, майдонни тарк этган голеадор бу қарордан хафа бўлмади, аксинча, захира ўриндиғидан ўйинни мамнун кузатди.

Афтидан, Муриэлда спортчига хос иззатталаблик йўқ. У ўзи ва мухлислар учун тўп суради. Лекин тобора ақллироқ ўйнаётгани, бемаъни қилиқларга йўл қўймаётгани - бор гап. Ниҳоят, у ўзининг ноёб иқтидорини жамоа манфаатлари йўлида сарфлашга ўтди, ёши 29га чиққанида буюк афсоналарга қиёслаганликлари асоссиз эмаслигини исботламоқда. Луиснинг трюклари доимо машҳур бўлган. Бироқ авваллари у мўъжизани вақти-вақти билан, кайфиятига қараб намойиш этарди. Энди у ҳар бир учрашувни ўз санъат асари билан безатмоқда.

Ўтган йили «Олтин бутса» Чиро Иммобилега топширилганида, эътирозлар етарли бўлганди. Чунки Левандовски маълум сабабларга кўра кўп учрашувларда майдонга туша олмаганди. Айримлар ҳатто тезкорлик коэффициенти жорий этилиши ва ғолибни шу кўрсаткични инобатга олган ҳолда аниқлашни талаб қилишганди. Агар шу талаб қачондир бажариладиган бўлса, нуфузли соврин Роналду ёки Лукакуга эмас, балки «Аталанта»нинг Роналдога тенглаштирилган тезкор ҳужумчисига насиб этади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 23:58, 23.04.2021.
Ўқилди: 3482 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.