«Реал» президенти Флорентино Перес Cadena SER радиосига берган интервьюсида Суперлига атрофида юз берган воқеалардан кўнгли қолганини яширмади. Корчалон функционер шунинг баробарида «футболни қутқариш»ни ўйлаган 12та клубга қарши тажовуз қилинганидан нолиди.
Натижалар ҳақида: - Ҳозир фақат мухлисларни ўйлашимиз керак, улар эътиборга лойиқлар. Жерар Пикенинг сўзлари айни ҳақиқат - футбол чиндан ҳам, мухлисларга тегишли.
Лойиҳа ҳақида: - Роса ранжидим. Ахир мазкур лойиҳа устида 3 йил ишлагандик. Ла Лига - дахлсиз. Лекин биз ҳар бир иш кунида пул топишимиз лозим. ЧЛ формати эскирди, мухлислар қизиқиши фақат чорак финалдан кейин ошмоқда. Ўтган мавсум 650 миллион йўқотилгани ҳозирги формат иш бермаётганини кўрсатмоқда. Шунинг учун топ-клублар учун янги мусобақа ўйлаб топдик. Шу йўл билан кўпроқ пул топиш мумкин, бунинг учун аввало, ҳамжиҳатлик керак.
Александр Чеферин сўзлари ҳақида: - УЕФА бошқарувида кун бўйи кимнидир ҳақоратламайдиган, ўқимишли президентни кўрмоқчиман. Ҳаммаси оддий - музокара пайти ҳеч ким оёқдан чалмаса яхши бўларди. Чефериннинг сўзлари - ҳақорат. Ваҳоланки, у президент сифатида бошқаларга ўрнак бўлиши шарт.
Ҳамма битта кемада эканлиги ҳақида: - Ишни биргаликда давом эттирамиз. Ҳеч ким жарима тўламади, чунки ҳали бирор клуб расман лойиҳадан чиқмади. Фақат 1та жамоа унча қизиқмаяпти, аммо у ҳам шартномага имзо чекди, барибир.
Стратегия ҳақида: - Ҳаммасини иложи борича тезроқ ҳаётга тадбиқ этишни ўйладик. «Реал» мухлислари аҳмоқ эмаслар. Агар уларга ҳар ҳафта грандлар билан ўйнаш ваъда қилинса, албатта, лойиҳани қўллаб-қувватлашади.
Сосьос ҳақида: - «Мадрид» сосьос (мухлислар гуруҳи)га тегишли, аммо пул тикадиган одам йўқ. Клуб яна яхши маъмуриятга муҳтож.
Шартномалар ҳақида. - Миллий чемпионатларга ҳурмат билан қараймиз, албатта. Аммо даромад миқдорини оширишнинг йўли битта - еврокубок форматини янгилаш. Тушунарлики, барчамиз шартномалар билан боғланганмиз.
Жоан Лапорта ҳақида: - Ҳа, у билан гаплашдим, «Барселона» лойиҳадан чиқиб кетмайди. Умуман, ташқи томон муносабати жуда хунук бўлди.
Бошқарув институтлари имиджи ҳақида: - Барчамиз УЕФА президенти билан музокара олиб боришга мажбурмиз, аммо уринишлар муваффақиятсиз чиқди. Айни шу вазият бугунги футбол қандай ҳолатда эканлигини кўрсатмоқда. 20 йилдан буён ҳозирги лавозимда ишлаяпман ва ҳали ҳеч ким билан жанжаллашганим йўқ. Футбол қадриятлар билан гўзал ва ҳаммамиз бирдам бўлишимиз керак.
Ўзгаришлар ҳақида: - Иш ҳақини қисқартириш керак, чунки вазият анча жиддий... Шунчаки, шаффофлик сўраяпман. МБА баскетболчилари ва клублар раҳбарлари маоши эълон қилинмоқда. Вазиятни тўғрилаш учун қандай ҳаракатлар амалга оширилаётганини англаш муҳим. Футбол ҳам фидойиликка муҳтож.
Мухлислар ҳақида: - Ҳаёт ўзгарди. 20 йилдан кейин яна ўзгариш талаб қиладиган янги авлод келади. Футбол ажойиб томоша ва унга ғамхўрлик қилишимиз шарт. Мухлисларга янги платформаларда томоша қилинадиган рақобатдош ўйинлар керак.
Ла Лига йиғилиши ҳақида: - «Мадрид» таклиф қилинмаган жойга бормайди. Жаноб Тебас буни яхшилаб уқиб олсин.
Хавьер Тебас ҳақида: - У обрў орттирди, омма ишончига кирди. Хавьер билиб қўйсин - шунча йилдан буён футбол ичидаман ва соҳага зарар етказадиган ҳеч қандай иш қилмайман.
Галактикос ҳақида: - Йирик трансферларни пулсиз амалга ошириш мумкин эмас. Бирдамлик кўрсатишимизга рухсат берилмади. Аммо Суперлига бўйича ишлашда давом этамиз, барибир.
Лойиҳа тақдимоти ҳақида: - Ҳаракатимизни тажовузкор реакция тўхтатиб қолди, аммо ҳали ҳаммаси янада оғирлашади ва ўшанда реалликка қараб, нима бўлишини кўрамиз. Клублар 2 миллиард евродан кўпроқ зарар кўради.
Қасос ҳақида: - Ҳеч қандай жазодан қўрқмайман. УЕФА президенти молиявий «Фейр-плэй» ҳақида гапирганида, хавотирга тушгандим. Бу жуда муҳим, лекин ҳозир унча яхши кўринишда эмас. Президент бу масалада қаттиққўл бўлиши шарт.
Телевидение ҳақида: - Умумий аудиторияни айнан телевидение белгилайди. Бу шунчаки, оддий иш эмас. Дейлик, «Реал» биргина менга қарамайди. Бизни ҳақоратламасликлари керак эди.
Суперлига старти ҳақида: - Буни тезроқ амалга ошириш керак. 3 йил кутишдан наф йўқ. Рақобат бор жойда яхши ўйинлар бўлади, пул тушади. Мухлисларни қизиқтириш учун худди Федерер - Надаль рақобати даражасидаги учрашувни кўпайтириш лозим.
Ёпиқ лига ҳақида: - Суперлигага биринчи бўлиб киритилган клублар тушиб кетмаслик ҳуқуқини қўлга киритди. Негаки, айни шу жамоалар дунёда ва ижтимоий тармоқларда энг кўп кузатувчига эга. Бугунги футболда ҳеч ким кўришни истамайдиган ўйинлар ҳам бор. Аньелли билан тез-тез гаплашяпман ва ёлғизликни ҳис қилмаяпман. JP Morgan банки билан қандай шартнома тузиш ва пул ишлаш мумкинлигини муҳокама қиляпмиз. Умуман, ушбу лойиҳани кўриб чиқмаслик - аҳмоқлик.
Фернандо Роига сўзлари ҳақида: - Футбол ривожини гранд жамоалар белгилайди, теннис эса кучли ўйинчилар томонидан қўллаб-қувватланади. «Вильярреал» президенти мутлақо ноҳақ, чунки ҳозиргидан анча кўп даромад келтирадиган лойиҳа мавжуд.
«Пирамида» ҳақида: - Асосий жавобгар менман, чунки бу ишда «Реал» саркарда ҳисобланади. Барчамиз келажак ҳақида қайғурамиз, жумладан, «Ювентус» ҳам. Бу клуб лойиҳадан чиққани йўқ.
Франция ва Германия клублари ҳақида: - Ҳозирча 12та клуб шартнома орқали боғланган. Бошқа жамоаларни ҳам қабул қилишимиз мумкин. Аммо айримлар бу ғоядан воз кечишди, чунки УЕФА цирк намойиш этди. Тўғри, лойиҳани оммага яхши тушунтиролмадик, чунки бизга шунчаки, имконият беришмади. Топ-клублар зарарга ишлаётганида, қолганларнинг фойда олиши ҳақида гапириш ортиқча.
Инглиз клубларини бирлаштириш ҳақида: - Чиндан ҳам, бошқа йўл йўқ. Англия клублари эгалари ушбу спорт турини яхши кўрадиган америкаликлардир. Футболни тугатишимиз ҳақида айтилган гаплар шунчаки, сафсата. Гап шундаки, футбол тепасида имтиёзлардан маҳрум бўлишни истамайдиган кимсалар бор.
Тахминан 48 соатлик талваса ҳақида: - Ҳеч қачон УЕФА президентининг бундай тажовузини кўрган эмасман. Барчаси ҳақиқий циркка ўхшади, бунақасини ўйлаш ҳам қийин. Таҳдидлар ва ҳақоратлар, худдики биз кимнидир ўлдириб қўйгандек... Футболни сақлаб қолишимиз керак, аммо кўриниб турибдики, бу қийин вазифа. Аслида лойиҳа устида кўп ишладик, фақат хабарни тўғри етказолмаганимиз ёмон бўлди.
Серхио Рамос ва Лука Модрич ҳақида: - Модрич билан шартнома муддатини узайтириш борасида аллақачон келишувга эришдик. Серхио Рамос вазияти бошқача. Уни ўғлимдек яхши кўраман. Яхшики, Рамос ҳозирги ҳолатимизни жуда яхши тушунади. Мавсум якунланяпти, демак, футболчилар бор кучлари билан ишлашлари керак. Рамос шартномасини 2015 йили янгилаган эдик. Энди ҳаммаси клуб ҳолатига боғлиқ, кимнидир сотиш керак... Қийин давр қандай бўлишини биламан, чунки янги асрнинг илк йиллари барчасини бошдан ўтказгандим.
Килиан Мбаппе ҳақида: - Агар уни бу йил олиб келолмасак ҳам, ҳеч қандай фалокат бўлмайди. Тан олайлик, ҳозир имконсиз ҳолатдамиз. Менимча, сосьос менинг ишимдан мамнун.
«Бернабеу» ва мухлислар ҳақида: - Умид қиламанки, кейинги мавсум мухлисларнинг стадионга киритишимиз мумкин бўлади. Афсуски, жорий мавсум бунинг иложи йўқ.
Зайниддин Зидан ҳақида: - Жамоамизда ажойиб ёшлар бор. Ўсмир йигитлар билан шартнома тузиш тажрибаси натижа беради, албатта. Ҳозир кўпчилик «Мадрид»да ўйнашни хоҳлайди. Зиданда шартномаси бор. У клуб афсонаси ва бир куни жамоадан афсона сифатида кетади.
Таркиб ҳақида: - Ихтиёримизда дунёнинг энг кучли футболчилари бор. Ҳимоямиз жуда мустаҳкам ва жамоага катта ёрдам бермоқда. «Реал»нинг ярим ҳимояси эса, ҳаммага ўрнак. Ҳа, таркибни янгилаб туриш керак, аммо инқилоб шарт эмас.
Сўз
- Баскетболда узоқ йиллардан буён Суперлига ўйинлари муваффақиятли ўтказилмоқда. Хусусан, Испания чемпионати баҳслари Евролиганики билан параллель равишда олиб борилади - бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Баскетбол Евролигасини Греция, Туркия ва Россия клублари яратган. «Бавария»нинг баскетбол жамоаси ҳам Евролигада ўйнайди. Хўш, нега футболда бундай бўлмаслиги керак? Нима, футбол ва баскетбол ўртасида мен тушунмайдиган қандайдир катта фарқ борми? Баскетболда шу лига тузилган пайт мухлислар шикоят қилишмаганди. Умуман олганда, Европа баскетболини айнан Евролига қутқариб қолганини ҳам инобатга олиш керак. Флорентино Перес («Реал» президенти).