БААнинг "Ал-Васл" клуби бош мураббийи Диего Марадона футбол қироли Пеленинг сўзларига ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда "Championat.com" интернет-нашри хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Пеле "Барселона" ҳужумчиси Лионель Мессини ўзи билан қиёслаб бўлмаслигини айтиб ўтганди. Афсонавий бразилиялик футболчи, жумладан шундай деганди: "Аввалига у 1283 та гол уриб, учта жаҳон чемпионатида ғолиб чиқсин. Шундан сўнг у билан гаплашамиз". Бундан ташқари, Пеленинг таъкидлашича, у футболчилик вақтида боши билан аъло даражада ўйнай олган ва иккала оёғида бир хил зарба бера олган.
"Афтидан, Пеленинг ёши ўтиб қолгани унинг баъзи қарорларни қабул қилишига таъсир қилаётган кўринади. Аммо Пеле 20 йилдан бери бирор иш қилаётгани йўқ. Мисол учун, уни супермаркетларда учратиб қолишнинг иложи йўқ. Уни кўриш мумкин бўлган ягона жой ФИФА совринларини топшириш маросимидир. Бу ерда у ФИФА президентининг ортида пайдо бўлади", деди Марадона.
"Пеле худди масофадан бошқариладиган қўғирчоққа ўхшайди. Буюк ўйинчи деб ҳисобланиш учун у айтганча гол уриш ва мундиалларда ғалаба қозониш шарт эмас", дея қўшимча қилди Аргентина терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Диего Марадона.